Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иссиқхонадаги помидор учун лозим бўлган ҳарорат ва нисбий намлик

20/Sentabr/2024 18:45
  1121

Кўчат экилгандан сўнг иссиқхонанинг кундузги ҳарорати кузги қишки мавсум учун 20-22°С, ёзги-кузги ва қишки-баҳорги мавсумда 20-25°С, кечки ҳарорат эса 3 та мавсуда ҳам 16-18°С бўлиши тавсия этилади. Иссиқхона учун оптимал нисбий намлик 65-75%, гуллаш бошлангунга қадар 70-75 %. Сўнг 65% гача пасайтирилгани маъқул.

Иссиқхона ичида иссиқлик 40 градусдан ошиб кетса, ўсимлик ўсишдан ва гули чангланишдан тўхтайди. Ҳароратни меъёридан юқори бўлиши ўсимликларни ўсиб, ривожланишини тезлаштиради, натижада меваларни етилиши тезлашади, пояда ҳосил бўлиши камайиб, мевалари майдалашиб қолади. Ҳарорат паст бўлганда эса мева тугиши кечикиб, ўсимликларни новдалаши кучаяди, гулшодалардаги мева тугиш сони кўпаяди, натижада умумий ҳосилдорлик юқори бўлади. Ҳарорат кечалари 14°С дан паст бўлганда чангдон ўсмайди ва мева тугиш бўлмайди, ҳарорат 33-35°С дан юқори бўлганда ҳам чангдонлари стерил бўлиб мева тугиш жараёни бўлмайди. Ҳаво ҳароратини меъёрда бўлиши помидордан иссиқхонада юқори ҳосил олишни таъминлайди.

Тупроқнинг қулай ҳарорати 16-20°С атрофида. Тупроқ ҳарорати 16°С дан паст бўлиши ўсимлик томонидан фосфорни қабул қилинишини сусайтиради, кейинчалик эса сув сўрилиши қийинлашади, ўсимлик ўсишини чеклаб қўяди. Тупроқ ҳароратини 28°С гача кўтарилиши, шу билан бирга тупроқ таркибидаги ишқорни кўпайиши, нафақат ўсимликни ўсишдан тўхтатиши, балки унинг фузариоз касалига чидамлилик хусусиятини ҳам йўқолишига сабаб бўлади. Иссиқхонага намликни ва иссиқликни ўлчайдиган асбоб қўйиш шарт.

Манба:

А. Э. Шайхов ва бошқалар (2013). Энерго - тежамкор иссиқхоналарни қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича қўлланма. Тошкент.

Улашиш: