Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сигирларда мастит касаллиги

20/Sentabr/2024 19:27
  1174

Елин мастити ҳозирда соғин сигирларда учрайдиган биринчи рақамли касаллик бўлиб, чорвадорларнинг асосий муаммосидир. Мастит ушбу соҳага катта иқтисодий зарар келтирмоқда. Чунки бу касалликка чалинган ҳайвоннинг сути тортилиб кетади. Қолаверса, мастит бўлган ҳайвон сутини ичиш мумкин эмас. Айрим фермаларда ҳайвонларнинг 35 фоизигача маститга чалиниши мумкин.

Яқингача мастит билан касалланган сигирларни фақат антибактериал терапия ёрдамида даволашган. Аммо антибиотикларнинг жиддий камчилиги шундаки, антибактериал препаратлар ҳайвоннинг ҳужайраларида йиғилиб қолиш хусусиятига эга. Антибиотиклар сут таркибида аниқланса, у истеъмолга яроқсиз бўлади. Шу сабаб олдинлари сутни истеъмолчига сотишни бошлаш учун ҳайвон соғайгандан кейин ҳам 5-6 кун кутишга тўғри келган. Бугунга келиб сигир маститини даволашнинг комплекс ва тезкор усуллари пайдо бўлди.

Сигирлардаги мастит касаллгининг сабаблари ва белгилари

Сигирлар маститга чалинишининг асосий сабаблари: жинсий аъзоларининг касалланиши, тагидаги тўшаманинг намлиги, елин жароҳатланиши, елвизак, соғиш қоидаларининг бузилиши, молхонадаги ифлос шарт-шароит.

Агар ҳайвон турган жой ифлос бўлса, микроблар теридан ва булғанч тўшамадан сигир елинига ўтиб олади. Сигир елини сўрғичлари ёки териси жароҳатланган бўлса мастит ривожланиш эҳтимоли ортади. Микроорганизмлар мастит пайдо бўлишига қанчалик сабаб бўлса, бошқа омиллар юзага келтирган яллиғланишни ҳам шунчалик оғирлаштиради, касаллик даврини чўзади. Яллиғланиш жараёни (эндометритлар, гастроэнтеритлар) ривожланаётганда бошқа аъзолардан сут безига, кўпинча, сўрғич канали (галактоген йўл), сут безидаги жароҳат (лимфоген йўл) ва баъзан қон (гематоген йўл) орқали микроблар ўтиб олади. Доимо ёдда тутиш керакки, сут соққандан кейин маълум муддатгача сўрғичлар микробни елин ичига ўтказиб юбориши эҳтимоли бор, шу сабаб соғишдан олдин ва кейин сўрғичлар дезинфекцияловчи восита билан артилади, бундан ташқари сигир дарҳол ётиб олмаслиги чорасини кўриш керак (бунинг учун охурга маълум миқдорда омухта ем солиб қўйиш лозим).

Сигирларда маститнинг ўткир кўринишига ташхис қўйиш жуда осон: сутда оқсил қуйқаси (кўпинча, қон аралаш) учрайди, елин иссиқ, салқиган ва оғриқли бўлади, ҳайвоннинг ҳаракатлари сустлашади. Ҳарорат ошиши ва иштаҳа бузилиши кузатилади. Елин шишиши қўшни тўқималарга тарқалади ва йиринглаш бошланади. Елинда гангрена ривожланиши мумкин, бу ҳолатда ҳайвон нобуд бўлади. Бироқ 95 фоиз ҳолларда сигирлардаги мастит сурункали кўринишда ўтади. Бу ҳолда сутнинг ёғлилиги камаяди. Сут таркиби зичлиги ҳар хил суюқликлар аралашмасига ўхшаб қолади, унда қуйқа ва лахта-лахталар учрайди. Баъзида сутнинг кўриниши дуруст, аммо сигир елинини пайпаслаб кўрганда қаттиқлиги сезилади, бу сут безида сурункали яллиғланиш борлигидан дарак беради. Яширин маститда соғиладиган сут камайиб ва унинг биохимик таркиби ўзгариб, сут бези функцияси бузилади. Сигир елини соғломлигининг объектив кўрсаткичи - сутдаги соматик ҳужайралар миқдори. Соматик ҳужайралар сифатли сутнинг меъёрий таркибий қисмидир. Сигир сутидаги соматик ҳужайраларда лейкоцитлар ва пуфакчалар эпителийлари бўлади, сут безларининг сут чиқарувчи йўллари бўлади. Агар соғлом сигирнинг сути ширасида елин тўқималари табиий қариши ва янгиланиши жараёнида шаклланадиган эпителиаль ҳужайралар кўп учраса, маститда лейкоцитларнинг яллиғланиш марказига миграцияси кучаяди, бу охир-оқибат сутда соматик ҳужайралар миқдори кескин ортишига олиб келади. Агар клиник соғлом сигирнинг 1 мл сутида ўртача 250 минг соматик ҳужайралар мавжуд бўлса, мастит билан оғриганда 950 мингга етади. Субклиник маститга чалинган сигир сутида кислоталилик паст бўлади (Тернер бўйича 8-12 даража), сут кучсиз ишқорли реакциясига эга бўлиб, таркибида хлоридлар, альбуминлар, глобулинлар ортади ва ҳужайра элементлари, хусусан, лейкоцитлар бир неча баробар кўпаяди.

Хабибулло Хамдамов,

ЕХХТ ветеринария ва чорвачилик бўйича консультанти

Улашиш: