Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Чидамли карам, трансгенли буқа ва «одамхўр» асалари

22/Noyabr/2024 02:16
  1378

Табиатда кенг тарқалган вирусларни бегона генларни ташувчи шприцга ўхшатиш мумкин. Улар ҳужайрага яқинлашиб, ўз генетик ашёсини худди укол қилгандек юборади. Бегона генни қабул қилган ҳужайра касалланиб, тузалиши ёки ҳалок бўлиши мумкин. Айрим ҳолатларда вирус гени ҳужайра геномига мустақкам жойлашиб, унииг компонентига айланиб, ўзига ўхшаш вирусларни синтезловчи маконга айлантиради. Шундай қилиб, вирусларга тадқиқотчи хоҳлаган генни жойлаб, у туфайли ҳужайра геномига ўтказиш мумкин. Демак, вируслар бегона генларни тирик ҳужайрага трансдукция қилувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Бегона генларни сунъий йўл билан бактерия ва ҳайвонларнинг ҳужайраларига юборишнинг бир неча усуллари мавжуд. Масалан, саратон касаллиги билан касалланган одам шишидаги ДНКси ажратилиб, сичқондан ажратилган ҳужайраларга лаборатория шароитида юборилганда геноми ўзгариб, трансформацияга учраган ҳужайралар пайдо бўлган. Айнан шу саратон касаллигини тарқатувчи ҳужайралар сичқонга юборилганда, уларда саратонга хос шиш пайдо бўлган.

Охирги йилларда Америка ва Европадаги айрим фирма ходимлари трансгенли (бегона генли) ҳайвон ва ўсимликларни яратмокдалар.

Паразит, зарарли замбуруғлар туфайли касаллик тарқатувчи организмларга қарши, турғун иммун тизими юқори бўлган трансгенли ўсимлик навлари етиштирилмокда. Бактериялардан ҳашоратларга қарши синтезланувчи оқсил гени ажратилиб, нўхат геномига киритилганда унда ҳашоратларга қарши синтезланадиган оқсил ҳосил қилувчи янги нав етиштирилди. Бу ҳашоратлар мазкур ўсимликнинг илдиз, поя ёки баргини кемирса, ўша дақиқаларда ҳалок бўлади.

Бельгиялик тадқиқотчилар Европа бозорига ҳар қандай гербицидларга чидамли карам нави билан кирмоқдалар. Экилган майдонга ҳар хил гербицид сепилса, ўсиб чиққан бегона ўтларнинг ҳаммаси ҳалок бўлиб, кўрсатилган карам нави эса бемалол ўсаберади. Айрим олимлар бундай навга қарши чиқиб, маълум вақтдан кейин мазкур карам навининг айнан ўзи Европада бегона ўтга айланади, у билан курашиш учун янги генинженерлик усулларини қидириш керак дейдилар.

1994 йили Бельгиялик олимлар Херман номли трансгенли буқа зотини етиштирдилар. Мазкур буқа геномига аёл сутидаги оқсил генини жойлаштира олдилар. Бу буқа «қизи»нинг сут таркиби аёлларникига яқин келади ва ёш болалар учун сифатли озуқа ҳисобланмокда. Оддий сигир сутида темир ионларини ташувчи оқсил жуда кам. Херман номли трансгенли буқа зотидан пайдо бўлган сигирларда эса кўрсатилган протеин етарли миқдорда бор экан. Агар ёш болани она сутидан ажратиб, озуқа сифатида узоқ муддат сигир сути берилса, уларда темир еташмаслиги ва кам қонлик касалликлари кузатилган. Бу касалликка Херман буқанинг «қиз» сигирлари ёрдам бера олиши мумкин.

Ҳужайранинг геномига ген инженерлиги, биотехнология усуллари билан биологик, кимёвий ва физикавий таъсир қилишнинг ижобий томонлари билан бир қаторда кутилмаган салбий натижаларга сабабчи бўлиши мумкин. Инсоният генетик агентлар таъсирида кутилмаган, янги касалликлар пайдо бўлишига тайёр бўлиши керак. 

Мақсадга мувофиқ яратилган янги зот, нав ёки генетик агентлар тадқиқотчиларнинг назоратидан тасодифан ёки атайин чиқиб, жамият учун офатга айланиши мумкин. Масалан, 1950 йилларнинг охирида олимлар ҳаётчан, касалга чидамли, боли кам бўлган Африка асалариси билан Жанубий Америкада нимжон, касалга чидамсиз, лекин маҳсулоти кўпроқ турларини ўзаро чатиштириши натижасида «одамхўр» асалари зоти дунёга келди. 1960 йилларда тасодифан фанга алоқаси йўқ одам бу ўта агрессив ҳосили жуда кам асалариларга "раҳм" қилиб, ташқарига чиқариб юборади. Улар интенсив равишда кўпайиб, тезда Жанубий Америкадаги ерли асалариларни табиатдан сиқиб чиқарди. Ҳозир эса улар Шимолий Америка, Канадага етиб келди. Олимлар бу тасодифий асалари зотларидан қандай қилиб қутилиш йўлларини бир неча йилдан бери изламоқда.

Д. Нематова


Улашиш: