Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тут кўчатларини қандай ва қаерга эккан маъқул?

23/Noyabr/2024 17:00
  986

Ипак қуртидан мўл ва сифатли пилла ҳосили етиштириш унинг озуқа базаси яъни тут плантациялари ва якка тартибда қаторлаб экилган тут дарахтларидан олинадиган баргга боғлиқдир. Уларни ўз вақтида агротехника қоидаларига амал қилган ҳолда парвариш қилаётган фермер хўжаликлари йилдан-йилга пилладан юқори ҳосил олмоқдалар.

Кейинги йилларда ипак қуртидан мўл ва сифатли ҳосил олиш учун якка тартибда қаторлаб экилган тут дарахтларига, хусусан баланд танали ва бута шаклида экилган тутзорларга ўз вақтида сифатли ишлов бериш ва туп сонини сақлаб қолишга жиддий эътибор бериш талаб этилмоқда.

Бундай тут плантацияларнинг қатор оралари экинлардан бўшагандан сўнг, 25–35 см чуқурликда ҳайдалади. Шўрланган тутзор қатор ораларини ҳайдашдан ёки ҳайдашдан сўнг шўри ювилиши шарт, акс ҳолда тутларнинг ўсиб-ривожланиши сусайиши барг ҳосилига салбий таъсир қилади. Бундай ердаги тутзорларга кузда яхоб суви бериш, биринчидан ернинг шўрини кетказса, иккинчидан, қишлаш учун тупроқда қолган ҳар хил зараркунандаларнинг ғумбаклари ва ҳашаротларнинг личинкаларига қирғин келтиради. Шу билан бир қаторда тут дарахтлари ўсиб-ривожланиши учун керакли намлик ва озуқа билан етарли даражада таъминланади, пировардида тут дарахтлари новдаларидаги куртаклар бир текис ривожланиб, мўл ва сифатли барг тўплайди.

Якка қатор тут дарахтлари йўл, ариқ ва зовур ёқаларига ва далаларни четларига экилади. Бу хилдаги тутлар республикамиздаги ипак қуртининг озуқа фондини 75 фоизини ташкил қилади. Бундай усулда экилган тут дарахтларининг барг ҳосили мўл ва тўйимли бўлади. Пахта майдонларининг атрофларида сув оқиб турадиган доимий ариқ ва каналлар бўйига экилганлиги учун сувга муҳтожлиги сезилмайди. Бироқ бу усулда экилган дарахтларнинг камчилиги шундаки, тут кўчатлари экиладиган жойларни тайёрлаш, кўчатларни экиш ва парвариш қилиш асосан қўл меҳнати орқали бажарилади, механизмдан тўлиқ фойдаланиб бўлмайди. Шунга қарамай қаторлаб экиладиган тутлар ҳозирги кунда ҳам, келажакда ҳам, пиллачиликнинг озуқа фондини мустаҳкамлашда катта роль ўйнайди.

Қаторлаб экилган тутларнинг афзалликлари шундаки, уларни ўстириш учун алоҳида майдон талаб қилинмайди. Бу усулда экилган тут дарахтлари майдон ичидаги қишлоқ хўжалик экинларини совуқ уришдан, гармселдан сақлайди, пахта ва бошқа экинлар иқлимини яхшилашга имкон яратади, тутларни бақувват илдизлари ариқ ва зовур ёнбағрини емирилишдан сақлайди. Бошқа хил ихота дарахтлари сингари ўз танасидан ер ости сувларини буғлантириб, сизот сувлар сатҳини пасайтириш билан ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга ёрдам беради. Бинобарин, шўрланиш ва ботқоқланишга қарши тут дарахтларининг аҳамияти катта.

Махсус тутзорлар эса алоҳида ажратилган майдонларда ташкил этилади. Булар ўз навбатида, баланд танали ва бута шаклидаги тутзорларга бўлинади. Бундай тутзорларда тутларни экишдан тортиб, парвариш қилиш, баргини тайёрлаш, ташиш ва бошқа ишлар механизация йўли билан амалга оширилиши туфайли, қўл меҳнати кам ишлатилади, шу билан бирга харажат кам сарфланади. Баланд танали тутзорларга экилган кўчатларнинг яхши кўкариши, тез ҳосилга кириши ва кўп йиллар мобайнида мўл барг ҳосили олиниши учун ерни танлаш ва уни экишга тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Баланд танали тутлардан плантация ташкил қилишда кўчат экиладиган жой ботқоқланмаган, шўрланмаган, ер ости сувлари сатҳи 1 м. дан пастда бўлиши, шағалли кам сув билан етарли таъминланган ерлар тутзорлар учун ниҳоятда қулай жой ҳисобланади.

Республикамизда пилла хомашёси ва ипак маҳсулотларининг сифатини хориж маҳсулотлари билан рақобатлаша оладиган даражасига кўтаришимиз учун энг аввало бор тутзорларимизни сақлаб қолиш ва кўпайтириш ҳамда парвариш агротехнологияларига қатъий риоя қилишимиз лозим.

Тут дарахтларини кесилиши ҳудуд экологиясига жиддий зарар келтириши билан бирга пилла етиштириш ҳажмини кескин камайиб кетишига олиб келади.

Тут дарахтларини рухсатсиз кесиб ташлаш қатъиян тақиқланади ва қонунга хилоф иш ҳисобланади!

Юқоридагиларни эътиборга олиб, тут дарахтларини асраб қолиш, пайхон қилиниши олдини олиш билан бирга, йўл ва дала четлари, ариқ бўйлари, ўта шўрланган, ҳосилдорлиги паст майдонлар атрофига шунингдек, аҳоли томорқа ерларига камида 2–3 тупдан шотут ва балхи тут кўчатларини экилиши мақсадга мувофиқдир.

Муаллифлар:  Д.Холматов, Д.Содиқов.  Манба: agro.uz

Улашиш: