Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Асалариларда юқумли касалликлар нима сабабдан келиб чиқади?

23/Noyabr/2024 17:00
  1112

Юқумли касалликларнинг келиб чиқиши ва арилар танасига ўтиши ҳар хил бўлади. Айрим касални қўзғатувчи бактериялар арилар танасига ичаклари орқали ўтади. Булар нозема, амёба, Европа ва Америка чириш касаллигини қўзғатувчи ҳамда септицемия ва вируслар. Нафас йўллари орқали ўтадиганларига акарапис канаси, септицемия бактерияси ҳамда орқа тухум қўядиган йўлидан ўтадиган меланоза касалини қўзғатувчилари киради. Тез ўтадиган касалликлар 2–4 кун, сурункали касалликлар эса 2–4 ҳафта ўтгач ривожланади.

Касални чақирувчи бактерия ва вируслар касалланган оиладан соғлом оилаларга асал, гулчанг, сув орқали ўтади. Кўпчилик ҳолларда бошқа ҳашаротлар, яъни сариқ ари, қўнғизлар, мум куяси капалаги, қуртчаси ҳамда каналар орқали ҳам ўтади. Асаларичи эҳтиёткорлик билан ишламаса, мумкатак ромкалар, асал, қуртчаларни ва она арини бир оиладан бошқа оилага ўтказилганда ҳам юқумли касалликлар ўтади. Шуни эсда тутиш керакки, ари организми кўпчилик ҳолларда юқумли касалликларни қўзғатувчи бактерия ва вирусларга қарши курашувчи иммунитет хусусиятига эга.

Иммунитетлар туғма ва ҳаёт давомида ишлаб чиқариладиган турларга бўлинади. Туғма иммунитетлар организм ташкил бўлиши билан юзага келиб, авлодларга туғма шаклда морфологик кўрсаткичлар билан ўтади. Ҳаёт давомида ишлаб чиқилган иммунитет табиий юқумли касалликлар билан касалланиш оқибатида юзага келади. Туғма иммунитетлар ҳашаротларда асосий ҳимоя фактори бўлиб ҳисобланади.

Манба:

Исамуҳамедов А., Никадамбаев Ҳ. (2013). Асалари касалликлари ва зараркунандалари. Тошкент, «Sharq».

Улашиш: