Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Помидор кладоспориози ва унга қарши кураш

23/Noyabr/2024 22:40
  1146

Помидор кладоспориози (қўнғир доғланиш, барг моғори) касаллигини Cladosporium fulvum гифомицет замбуруғи қўзғатади. Кладиоспориоз бутун дунёда тарқалган ва у иссиқхоналарда помидорнинг асосий касалликларидан биридир. Очиқ далаларда камроқ учрайди. Ўзбекистоннинг жанубида иссиқхоналарда помидорнинг энг кенг тарқалган ва хавфли касаллиги ҳисобланади.

Касаллик помидорнинг гуллаш-мева тугиш пайтларида бошланади ва асосан баргларини зарарлайди. Унинг биринчи белгилари – пастки барглар устида сариқ ёки оч-яшил, барглар остида эса (ўша доғларнинг тагида) рангсиз, сарғиш ёки оч-қўнғир доғлар пайдо бўлишидир (5 ва 6 расмлар). Барг остидаги доғлар яшил-қўнғир (ёки кулранг-қўнғир) тусли майин моғор билан қопланади. Касаллик тезда тепа ярус баргларига ўтади. Кучли зарарланган барглар олачипор тус олади ва қурийди.

Касаллик эпифитотия шаклида ривожланганида помидорнинг гул ва мева бандлари, гулкосабарглари ва тугунчалари ҳам зарарланади ва улар кейинчалик тўкилиб кетади. Касалликнинг энг кучайган даври мева пишиш пайтига тўғри келади. Мевалар устида бўртган, қаттиқ, зайтун рангли, моғор билан қопланган доғлар пайдо бўлади.

Зарарланган тўқималар устида замбуруғ миллионлаб конидиялар ҳосил қилади ва касаллик улар ёрдамида тарқалади. Конидиялар ҳаво оқимлари, сув томчилари ва ишчилар воситасида тарқалади. Улар 6-34ºС (оптимум 2225ºС) ҳарорат ва 75-98% намликда, ёруғлик кам ёки йўқ пайтида (кечалари) ўсади ва баргларни зарарлайди. Касаллик 20-27ºС ҳаво ҳарорати ва 90 % дан юқори нисбий намлигида жуда тез (соатлар ичида) тарқалади ва ривожланади. Намлик 60% дан пастлигида ўсимликлар зарарланмайди. Аммо қуруқ ҳавога жуда чидамлилиги учун, хўжайин ўсимлик мавжуд бўлмаганида, конидиялар 10 ойдан кўп вақт давомида ҳаётчанлигини йўқотмайди.

Кладоспориознинг инкубацион (яширин) даври 10-12 кун. Намлик 70% дан паст бўлса, касаллик ривожланмайди. Қўзғатувчи замбуруғ тупроқ устида ўсимлик қолдиқларида, уруғлик устида, иссиқхоналарда эса – сўрилар ва бошқа жиҳозлар устида ҳам узоқ вақт (10 ой ёки кўпроқ) давомида сақланади. Қўзғатувчининг 9 тадан кўпроқ ирқлари мавжуд бўлиб, улар помидор навларини ҳар хил даражада зарарлаши билан тавсифланади (Герасимов, Осницкая, 1961; Вянгеляускайте ва б.қ., 1989). Европада патоген ирқларининг сони ундан ҳам кўп ва улар 5 та (A, B, C, D ва E) гуруҳга бўлинган; помидор навларида 20 та қўзғатувчига чидамлилик генлари мавжуд ва улардан баъзилари экиннинг янги, чидамли навларини ишлаб чиқишда қўлланилмоқда.

Касаллик бошлангандан 1-1,5 ой ўтгач, помидор гуллашдан тўхтайди, мевалар ўсиши жуда секинлашади. Касал ўсимликлар соғломларидан 1-1,5 ой олдин қуриб қолади. Натижада, касаллик бошланиш даврига қараб, ҳосил 9,3% дан 96,5% гача пасаяди. Кўпинча иссиқхоналарда 30-40% ва ундан ҳам кўпроқ ҳосил йўқотилади.

Кураш чоралари. Чидамли навлар яратиш ва қўллаш; иссиқхоналарда алмашлаб экишни йўлга қўйиш; ҳаво ҳарорати 24-25оС бўлишини (иложи бўлмаса 17-18оС дан пасаймаслигини) таъминлаб туриш, намлик 65-70% дан ошиб кетмаслиги учун уларни тез-тез шамоллатиш, ўсимликларнинг пастки баргларини иложи борича эртароқ юлиб олиб ташлаш, керагидан ортиқ ва босиб суғормаслик; стеллажлар ва бошқа жиҳозларни хлорли оҳак эритмаси билан зарарсизлантириш (“Иссиқхона экинларини касалликлардан ҳимоя қилиш” бобига қаранг); уруғликни экишдан олдин самарали фунгицид (мисол учун, Витавакс 200 ФФ) билан дорилаш, чидамли нав экиш ва ўсиш даврида Байлетон 25% н.кук. (0,5-1,0 кг/га), Вектра 10% сус.к. (0,3 л/га), Топсин-М 70% н.кук. (1,0 кг/га), Фоликур БТ 22,5% эм.к. (0,3-0,5 л/га), 1% ли Бордо суюқлиги, мис оксихлориди, 90% нам. кук. (2,4 кг/га) ёки бошқа фунгицидлардан бирини пуркаш ёки сувга беномил1 қўшиб суғориш тавсия қилинади. Тез-тез ишлатилса, патоген бензимидазолларга чидамли бўлиб қолишини эсда тутиш лозим.

1Таркибида беномил мавжуд бўлган фунгицидларни ишлатиш Ўзбекистонда таъқиқланган.

Манба:

Б. А. Ҳасанов, Р.О. Очилов, Р.А. Гулмуродов. (2009) Сабзавот, картошка ҳамда полиз экинларининг касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент.

Улашиш: