Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иссиқхона экинларини касалликлардан фунгицидлар ёрдамида кимёвий ҳимоя қилиш

23/Noyabr/2024 17:29
  994

Ҳар хил сабаблар (иқтисод, патогенларда чидамлилик ривожланиши, маҳсулотда заҳарли моддалар қолдиқлари пайдо бўлиши) туфайли иссиқхоналарда фунгицид ва инсектицид қўлламасликка ёки қўллашни иложи борича камайтиришга интилиш лозим. Иссиқхоналарда етиштириладиган ҳосил асосан янги ҳўл мева шаклида истеъмол қилиниши сабабли, маҳсулотда пестицид қолдиқлари бўлмаслигига (маҳсулот экологик тоза бўлишига) ва касалликлар ривожланишини профилактик чоралар ёрдамида камайтиришга ўта жиддий эътибор берилади. Агар пестицид қўллаш ҳақида қарор берилса, иложи борича кам заҳарли препаратлар, биопрепаратлар, ўсимликлар ва бошқа табиий бирикмалардан тайёрланган дамлама ва қайнатмаларни ишлатиш лозим.

Одатда фунгицид қўллаш ёки қўлламаслик ҳақидаги қарор қуйидаги маълумотлар тўплангандан сўнг қабул қилинади:

-иқтисодий таҳлил (касаллик туфайли йўқотилиши мумкин бўлган ҳосил ва керак бўладиган фунгициднинг қиймати, дорини пуркаш ва қўшимча ҳосилни йиғиб олишга кетадиган харажатлар ва ҳоказоларни ҳисоблаш) натижаси;

-касалликнинг иссиқхонада йилдан-йилга тарқалиши ва унинг кейинги экинга (мавсумга) ўтиш хавфи;

-иссиқхонада қўзғатувчи замбуруғ спораларининг юқори концентрациясининг ишчиларда аллергия қўзғатиш хавфи мавжудлиги ҳақида маълумот.

Фунгицид ишлатиш ҳақида қарор берилса препаратни касалликнинг биринчи белгилари кўриниши билан пуркаш тавсия қилинади. Агар хавфли касаллик иссиқхонада ҳар йили учраши маълум бўлса, экинга касаллик белгилари пайдо бўлишидан олдин ҳам фунгицид билан (профилактик) ишлов бериш мумкин.

Фунгицидларни ишлатиш усуллари ҳар хил бўлиб, энг кенг қўлланиладиганлари – кўчатларни кўчириб экишдан олдин ёки эккандан сўнг фунгицидларни тупроққа солиш (жумладан, фунгицид эритмасини кўчатлар тагига қуйиш), уруғни экишдан олдин дорилаш, фунгицидларни экинга ўсув даврида ҳар хил пуркагичлар ёрдамида пуркаш ва дориларни сувга қўшиб, экинларни суғориш ҳисобланади.

Манба:
Б. А. Ҳасанов, Р.О. Очилов, Р.А. Гулмуродов (2009). Сабзавот, картошка ҳамда полиз экинларининг касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент.

Улашиш: