Хантални оралиқ экин сифатида етиштириш
Хантал (горчица) – бир ва кўп йиллик ўтсимон мойли экин. Бўйи 25– 100 см, пояси тик ўсади. Меваси қўзоқча. Уруғи оч сариқ ёки оч жигарранг, таъми аччиқ, эфир ҳиди келади. Xантал намсевар, совуққа чидамли, узун муддатли ўсимлиги. Ўсув даври 95–120 кун.
Уруғлик танлаш ва экишга тайёрлаш. Экиш учун бир хил катталикдаги, тўла етилган, шикастланмаган уруғлар танлаб олинади.
Ерни экишга тайёрлаш. Хантални кузги дон экинларидан, картошка, қанд лавлаги, маккажўхоридан бўшаган ерларга экиш мақсадга мувофиқ. Дуккакли экинлардан бўшаган ерларга экмаган маъқул. Бир экилган далага 4 йилдан кейин қайта экилади. Ер ўтмишдош экинларнинг қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозалангач, 25–27 см чуқурликда юмшатилиб, текисланади.
Экиш муддати ва схемаси. Кузги дон экинлари билан бир вақтда экилади. Бу ўртача октябрь ойига тўғри келади. Қатор ораси 15 см қилиб экилади. Экиш чуқурлиги 2–3 см. 10 сотих майдонга 0,9–1,2 кг уруғ кетади
Парваришлаш. Ягана қилинмайди. Кузги амал даврида 1 марта, баҳорги амал даврида 1–2 марта суғорилади. Суғориш учун ораси 60 см бўлган жўяклар олинади.
Ўғитлаш. 10 сотих майдонга соф модда ҳисобида 3 кг азот, 4 кг фосфор, 6 кг калий сепилади. Ер тайёрлаш вақтида фосфор ва калий сепилади. Азотли ўғит амал даврида сепилади.
Ҳосилни йиғиштириш. Уруғ олиш учун тўла етилганла ҳосил йиғилади – бу май–июнь ойларига тўғри келади. Кўк масса учун март ойида ўриб олинади.
Сақланадиган уруғнинг намлиги 8 фоиздан ошмаслиги талаб қилинади.
Манба:
О.Таджиев ва бошқалар (2017). Томорқа – даромад манбаи. Ўқув услубий қўлланма. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи.