Кечки карамни суғориш бўйича маслаҳатлар
Карамни неча марта суғориш уни экиш муддатига ҳамда сизот сувларнинг чуқур ёки юзалигига боғлиқ. Карам кўчати далага ўтқазилгандан кейин тутиб олиши ва карм бош ўраётган даврда сувни айниқса кўп талаб қилади.
Кечки карам кўчати июнь-июль ойларида, ҳаво ҳарорати 35-400 С, тупроқники эса 400 С, ҳатто 500 С бўлган пайтларда ўтқазилади. Шунинг учун кечки карам кўчати обдон қондириб суғорилган ерларга куннинг иккинчи ярмида салқин тушгандан кейин экилади. Сўнгра икки-уч кунгача кетма-кет суғорилиб турилади. Суғориш ишларини ҳам салқин вақтда имкон борича кечаси ташкил этиш керак.
Кечки карамнинг дастлабки ўсув даврида ҳаво жуда иссиқ ва қуруқ, ўсув даври охирида эса октябрь-ноябрь ойларида ҳаво ҳарорати бир оз паст бўлади. Демак, ўсув даврида суғоришни тақсимлашда иқлим шароитини эътибордан четда қолдириб бўлмайди.
Сизот суви чуқур жойлашган ерларда кузги салқин кунлар бошлангунича экинлар 8-10 кунда, ҳарорат пасайиб бориши билан ўсимликда сувнинг буғланиши камайиб боради. Бундай шароитда эса 10-14 кунда бир марта суғорилиб турилади. Кечки карам ўсув даврида ҳаммаси бўлиб 13-14 мартагача суғорилади.
Сизот суви юза жойлашган ерларда кечки карамни ўсув даврида суғориш муддати узоқроқ бўлади ва сув барвақт тўхтатилади. Бундай ерларда умумий суғориш сони 8-10 мартадан оширилмайди.
Сизот суви чуқур жойлашган ерларда карам бош ўрагунча тупроқ 0-50 см қатлами яхшилаб намиқтирилиши зарур. Суғориш вақтида ярим метр чуқурликдаги тупроқнинг дала нам сиғими 80 % атрофида бўлса, бўз тупроқли ерлар гектарига 350-400 м3 ҳисобидан суғорилади. Карам бош ўраш даврида ўсимликнинг илдизлари зўраяди, шунинг учун бу пайтда тупроқнинг 70 см қатлами обдон намиқтирилади. Тупроқнинг дала нам сиғими 80 % бўлиб, 70 см намиқтириш учун бўз тупроқли ерларда гектарига 450-500 м3 ҳисобидан сув бериш керак. Суғориш пайтида тупроқ қуриб қолган бўлса суғориш меъёри шунга қараб оширилиши лозим. Масалан, тупроқнинг дала нам сиғими 70 % бўлиб, далани 50 см чуқурликда намиқтириш учун бўзтупроқли ерларда гектарига 500-550 м3, 70 см намиқтириш зарурияти туғилганда эса гектарига 650-720 м3 ҳисобидан сув берилади.
Ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқли ерларда дала нам сиғими яхшилиги туфайли бундай жойларда суғориш меъёри бир оз оширилади. Тупроқнинг айрим қатламларида намликни аниқлашга доир ўтказилган жуда кўп кузатишлардан маълум бўлишича, эртаги карам учун 25-30 см, кечки карам учун эса 30-35 см даги қатлам 0-70 см қатламдаги ўртача намликка тўғри келади.
Манба:
А.Ж.Шокиров, Б.Ж.Азимов, С.Лапасов (2017). Ғалладан бўшаган майдонларда оқбош карам етиштиришда суғориш ва ўғитлаш тартиботлари бўйича илмий асосланган тавсиялар. Тошкент.