Бузоқларни уч ойлик бўлгунча парваришлаш
Ҳаётларининг биринчи ҳафтаси давомида бузоқлар шох ўсиш жараёнини тўхтатадиган муолажадан ўтказилса айни муддао бўлади. Чунки шохсиз қорамоллар бошқаларга қараганда ювошроқ ва ҳавфсизроқ бўлиб маҳсулдорлиги 10-12% баландроқ бўлади.
Бу жараёнда шох ўсадиган жойда жун қоплами қирилиб ёки қайчи ёрдамида тозаланади ва шох ўзаги махсус малҳам ёрдамида ишлов берилади. Бу муолажани бажараётганда резина қўлқоп кийиб олишни унутмаслик ва ҳаддан ташқари кўп малҳам суркалишининг олдини олиш керак.
Шох ўсишини тўхтатувчи малҳам суркалган бузоқ малҳам қуригунча бўйнидан бойлаб қўйилиши керак, чунки бу модда ўта заҳарли ва куйдирувчан бўлиб, оғиз ва кўз каби шилиқ пардали органларга тушиши ҳавлидир.
Юқорида айтилганидек шох ўсиши тўхтатилса, қорамоллар бир бирини ва инсонларни сузиб жароҳатлашлари ҳолларининг олди олинади, бундан ташқари кўпинча шохлар нотўғри ўсиб сигирларнинг ўзларига ҳам катта ноқулайликлар туғдириши мумкин.
Ҳаётининг биринчи уч кунида бузоқ фақат оғиз сути билан озиқланиши керак. Бунда кундалик норма тўрт литрни ташкил этиб эрталаб ва кечқурун икки литрдан ичириш мақсадга мувофиқ.
Ҳар бир бузоқнинг саломатлигини назорат қилиб боринг. Ҳаётининг тўртинчи кунидан бошлаб бузоқ оддий сут ича бошлайди. Одатда кундалик норма тўрт литрни ташкил этади ва бу сут миқдори соғишлар сонига қараб икки ёки уч мартада ичирилиши мумкин.
Бузоқни сутга тўйдиришнинг икки хил кенг тарқалган усули мавжуд:
1. Ўзбекистонда кенг қўлланиладиган она сутига тўйдириш тизими. Бунда ҳар бир бузоқ ўз онасининг сутидан режа бўйича уч ой давомида ичириб борилади. Агар энг кўп қўлланиладиган режа бўйича кунига 4 л сут истеъмол қилинади деб ҳисобласак бу жами уч ой давомида 360 литрни ташкил этади (шундан биринчи уч куни, яъни 12 литри оғиз сути).
2. Интенсив тизимли чорвачилик яхши ривожланган мамлакатларда она сути ўрнига сут ўрнини босувчи сунъий сут кукуни (русчасига ЗЦМ – заменитель цельного молока) кенг қўлланилади. Бу тизимда одатда сунъий сут кукуни 1:8 улушда 370С гача илитилган сув билан аралаштирилиб, бузоқларга ичирилади. Бу услуб табиий сутга қараганда таннархи анча арзонроқлиги билан чорвадорлар орасида оммалашиб борган.
Бузоқ парваришловчига эсдалик
Иложи борича бузоқни онасидан эмдирмай, балки бутун сутни соғиб олиб ундан кераклисини махсус ўлчанган идишда бузоққа ичиришни йўлга қўйиш жуда муҳим. Бундай услубнинг табиий эмдиришдан учта асосий ва муҳим афзаллиги мавжуд:
1) Бузоқнинг ҳар куни қанча сут ичган ёки ичмаганлигини аниқ билиш мумкин ва уни етарлича сут билан таъминлаш анча қулай;
2) Агар онасининг сути етарли бўлмаса ёки бошқа сабабга кўра онасининг сутини бериш имкони бўлмаса, бемалол бошқа сигир сутини бериш мумкин;
3) Бузоқ ўз онасини эмганда унинг сўрғичларини қийиб юбориб, жароҳатланишига ҳамда мастит ва бошқа касалликларга чалинишига сабаб бўлиши мумкин, қўлдан идишда сут ичишга ўргатилса, бу муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади.
Бузоқларни концентрат озуқага ўргатиб бориш
Бузоқни сутга тўйдириб бориш даврининг биринчи ҳафтасидан бошлабоқ уни аста-секин концентрат озуқага ўргатиб бориш лозим. Кундалик норма кундан кунга аста секин ошиб бориши лозим. Табиийки, умрининг биринчи ҳафталарида бузоқ деярли концентрат истеъмол қилмайди, лекин барибир унинг охурида кичик бир идишда доимо омухта ем аралашмаси бўлиши жуда муҳим. Шунда бузоқ аста-секин концентрат озуқага ўргана боради. Концентрат озуқа эса ўз навбатида унинг овқат ҳазм қилиш тизимида катта қориннинг нормал ривожланишига кўмаклашади. Бундан ташқари бузоқларга бу даврда оз миқдорда яхши сифатли пичан бериб бориш тавсия этилади.
Бузоқлар ёнида доимо тоза сув солинган челакча туриши керак.
Хабибулло Хамдамов,
ЕХХТ ветеринария ва чорвачилик бўйича консультанти