Харид Қилиш Саватчаси

Жами

“Ўзагроэкспорт” томонидан белгиланган нархларда мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби бекор қилинди

24/Noyabr/2024 02:45
  1131

Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотларига экспорт контрактларини “Ўзагроэкспорт” АЖ томонидан эълон қилинган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича тузиш тартиби бекор қилинди. Бу давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгилаб қўйилди, деб хабар беради “Халқ сўзи” газетаси.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, “Ўзагроэкспорт” АЖ расмий веб-сайтида қайд этилган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича инвойс асосида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби ҳам бекор қилинди.

Уни бекор қилиш бўйича таклиф Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилди ва айтиб ўтилганидек, юқоридаги Фармон асосида маъқулланди.

Бундан олдин тадбиркорлар ўз маҳсулотларини хорижга белгиланган нархлардан паст қийматда сотиш имконияти йўқлиги туфайли пайдо бўлаётган қийинчиликлардан шикоят қилиб келаётганди.

Маълумот учун, “Ўзагроэкспорт” АЖ 2016 йил апрель ойида ташкил этилган бўлиб, мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш бўйича монополияга эга бўлганди. Президентимизнинг тегишли қарори билан, ўтган йил июль ойидан бошлаб эса мазкур ташкилот ана шу ҳуқуқдан маҳрум этилганди.

Манба: www.xs.uz

Улашиш: