Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Бузоқ парвариши қачондан бошланиши лозим?

23/Noyabr/2024 19:38
  1288

Бузоқ парвариши у дунёга келишидан анча илгари, яъни сигир бўғозлигининг охирги ойлари вақтида бошланиши керак. Бунинг учун сигирга туғишидан олдин албатта камида икки ойлик дам олиш вақти ажратилиб, бу пайтда соғиш тўхтатилиши лозим.

Сигир туғишига тахминан бир ҳафта қолганида туғруқхона бўлимига ўтказилиши мақсадга мувофиқ. Сигирни туғишга тайёрлаганда унинг ётиб дам оладиган жойи доимо қуруқ ва юмшоқ ҳамда ёзда жазирама иссиқдан ва қишда қаттиқ совуқдан яхши ҳимояланган бўлиши лозим.

Сигирнинг туғиш пайтида уни эътиборсиз қолдириш керак эмас, балки бузоқнинг чиқиш ҳолати нормал ва қулайлигига эътибор бериш ҳамда лозим бўлса сигирга туғишга ёрдам бериш керак. Бироқ шуни қатъиян назарда тутиш керак-ки, туғруқ пайтида гигиена қоидаларига (бачадонга ишлов берилмаган қўлларни тиқиш) ва тўғри туғдириш усулларига риоя қилиш керак. Чунки туғруқ жараёнида киритилган инфекция сигирларнинг оғир касалланишига олиб келади.

Қорамол физиологияси шундай тузилганки, она қорни пайтида бузоқ турли касалликларга қарши чидамлилик хусусиятларини (иммунитетни) онасидан қабул қила олмайди, шунинг учун умрининг биринчи соатларида унинг иммунитет тизими ҳали шаклланмаган бўлади. Бузоқ турли касалликларга чидамлилик ҳусусиятларни онасидан оғиз сути орқали олади.

Оғиз сути бу сигир туққандан кейинги дастлабки соатларда елинда ҳосил бўладиган сутдир. Оғиз сутининг таркиби оддий сутдан кескин фарқ қилиб, унда катта миқдорда иммун антитаналар, витаминлар ва минераллар мавжуд бўлади ва бу моддалар бузоқнинг соғлом ўсишига замин яратади.

Бузоқ туғилгандан сўнг дарҳол қуйидаги муолажаларни амалга оширишни унитманг:

1. Бузоқнинг киндигини 5%ли йод эритмасида дезинфекция қилинг, бу киндик орқали зарарли микроорганизмлар киришини олдини олади.

2. Бузоқ ҳаётининг биринчи соатида онаси томонидан яланишига қўйиб беринг.

3. Ялаш пайтида бузоқ одатда онасини эмишга ҳаракат қилади, шу жараённи диққат билан кузатиб боринг. Агар эмишга ҳаракат қилмаса уни куч билан сўрғичлар олдига оғзини яқинлаштиринг. Шунда ҳам эммаса, сигирни қўлда соғиб, олинган оғиз сутни бузоққа икки литр миқдорида ичиринг. Жами бўлиб бузоқ ҳаётининг дастлабки саккиз соатида 6 литр оғиз сути истеъмол қилиши керак бўлади.

Сигир боласини ялаб қуритиб бўлгандан сўнг бузоқни онасидан ажратиб олиб, алоҳида тоза катакда сақлаш тавсия этилади. Агар бузоқ қишда туғилган бўлса унга қўшимча иситиш мосламаси, масалан, инфрақизил лампаси ёрдамида илиқроқ шароит яратиб бериш катта ёрдам беради. Бузоқнинг сомон тўшамаси доимо қуруқ ва янги бўлиши мақсадга мувофиқдир.

yod-buzoq-iwk98dh.png (81 KB)

1-расм. Бузоқ киндиги 5%ли йод эритмаси билан дезинфекция қилиниши лозим

 

sigir-buzoq-sfu682dj.png (109 KB)

2-расм. Сигир янги туғилган бузоғини ялаб қуритмоқда

 

tabiiy-emish-awp29.png (193 KB)

3-расм. Табиий эмиш жараёни

 

buzoq-shisha-ia012gh.png (415 KB)

4-расм. Бузоқ махсус сўрғичли идишдан сут эммоқда

 

Хабибулло Хамдамов

ЕХХТ ветеринария ва чорвачилик бўйича консультанти

Улашиш: