Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тариқни такрорий экин сифатида етиштириш

23/Noyabr/2024 14:52
  1206

Тариқ – бошоқдошлар оиласига мансуб бир йиллик дон экини. Илдизи попуксимон, 150 см чуқурликкача боради. Пояси – похолпоя (20–150 см). Дони қобиқли, шакли юмалоқ, овал ёки чўзиқ, ранги оқ, сариқ, қизғиш, жигарранг, 1000 донасининг вазни 4–9 г. Тариқ иссиқсевар, қурғоқчиликка, шўрга чидамли ўсимлик. Уруғи ҳарорат 8–10 °С бўлганда униб чиқади, 12–15 °С да майсалари кўкара бошлайди. Ўсув даври 60–100 кун. Донида 10–15% оқсил, 50% углевод, 3,8% мой мавжуд. Донидан спирт олишда, бўза тайёрлашда фойдаланилади, сўк, ёрма, ун тайёрланади. Оқланган дони (сўк) мазали ва тўйимли озиқа ҳисобланади. Тариқ уни нон ёпишда кўпинча жавдар унига қўшилади.

Касалликлари: қора куя, бактериоз.

Зараркунандалари: тариқ чивини, поя парвонаси ва бошқалар.

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Саратовская–853.

Уруғлик танлаш ва экишга тайёрлаш. Экиш учун рўвакнинг энг юқори қисмидаги серҳосил уруғлар танлаб олинади. Уруғ тозаланади, сараланади. Экиладиган уруғ бир текисда, давлат андозасига жавоб бериши керак. Уруғларга экишдан олдин Витовакс 200 ФФ (300 г/ц), Фундазол (300 г/ц) препаратлари ва парда ҳосил қилувчи пливинил спирти (ПВС) билан қўшиб ишлов берилади.

846.jpg (112 KB)

Ерни экишга тайёрлаш. Тариқ ўсимлиги яхши ишланган ерни талаб қилади. Дала ўтмишдош экинларнинг қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланиб, ер 25–27 см чуқурликда юмшатилади ва текисланади. 10 сотих майдонга 6–7 кг фосфорли, 4–5 кг калийли ўғитлар солинади, 20–25 см чуқурликда чопилади, кейин текисланади.

Экиш муддати ва схемаси. Суғориладиган ерларда анғизга такрорий экин сифатида июнь ойида ва июлнинг бошларида 45х15 ёки 60х15 см схемада экилади. Экиш чуқурлиги 4–5 см. 10 сотих майдонга 1,2–1,6 кг уруғ сарфланади.

Парваришлаш. Ўсимликлар ягана қилинмайди. Ўсув даврида биринчи суғориш ўсимлик 3–4 барг ҳосил қилганда, иккинчиси найчалаш фазасида, учинчиси рўваклашда ўтказилади. Суғоришлардан кейин чопилади: биринчиси 4–5 см, иккинчиси 6–8 см чуқурликда.

Ўғитлаш. Маҳаллий гўнг ерни экишга тайёрлаш пайтида солинади (10 сотихга 2 т). Зарур ҳолларда 10 сотихга 5–6 кг азот, 10–10,5 кг фосфор, 7–8 кг калий берилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Рўвакдаги доннинг 80–85 фоизи етилганда ўриб олинади. Дасталар 3–5 кундан кейин янчилади.

Манба:

О.Таджиев ва бошқалар (2017). Томорқа – даромад манбаи. Ўқув услубий қўлланма. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи.

Улашиш: