Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Жағ-жағ ўсимлигининг хусусиятлари ва ўстириш технологияси

21/Sentabr/2024 01:46
  952

Ишлатилиши. Жағ-жағ (Ачамбити) ўсимлигининг препаратлари туққандан кейин ва бачадон касалликларида қон оқишини тўхтатиш учун ҳамда бачадон заифлашганда уни тонусловчи восита сифатида ишлатилади.

Ўстириш технологияси. Жағ-жағ ёки ачамбит Республикамизда барча иқлим шароитларида ўсадиган бир йиллик ўт ўсимлиги ҳисобланади. Жағ-жағ ўсимлигини суғориладиган минтақаларда экиб ўстиришда энг асосий омиллардан ҳисобланган ерларни агротехник қонун — қоидаларга риоя қилиб тайёрлаш экиладиган экинлардан юқори ҳосил етиштириш имконини беради.

Ундан ташқари экиннинг турлари, кўп йиллик ёки бир йиллиги ва уларнинг биологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланади. Жағ-жағ ўсимлигининг бўйи 60—70 см ва илдиз тизими 10—15 см гача тупроқ қатламларигача кириши мумкин. Жағ-жағ ўсимлигини катта майдонларда экиладиган бўлса, ундан олдин экилган ўтмишдош экинларни ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Далалар барча бегона ўт илдизларидан тозаланиб, (жағ-жағ бегона ўтларга бардош бера олмайди) илдиз тизимини ҳисобга олган ҳолда ҳайдаш чуқурлиги белгиланади.

Жағ-жағ экиладиган ерларни ҳайдашдан мақсад бегона ўтлардан тозалаш, уларга қарши курашиш, тупроқнинг физик ва кимёвий хоссаларини яхшилаш, ерларни бир хил текислаш ва нам сақлашдан иборатдир. Бу тадбирларни амалга оширган ҳолдагина, жағ-жағ ўсимлигини ўсиши ривожланиши ва ҳосилдорлиги юқори бўлади.

Кузда жағ-жағ экиладиган майдонлар 30 см чуқурликда (20—30 тонна гўнг ва 40 кг фосфор ўғити бериб) ҳайдалади. Эрта баҳорда ерлар борона ва мола механизмлари ёрдамида текисланиб, бегона ўтлардан тозаланиб, тупроқнинг 8—10 см ли қатлами 15—17°С қизиганда, 60—70 см оралиғида ариқ олиниб, уруғлар 2—3 см чуқурликда дон ва сабзавот экиладиган сеялкаларда экилади. Гектарига 8—10 кг уруғ сарфлаш тавсия қилинади.

Уруғларни экишдан оддин 0—4°С да тезроқ униб чиқиши учун стратификация қилиш лозим бўлади. Экилган уруғлар 10—15 кунда униб чиқади. Майсалар оралиғи 10—15 см дан қилиб ягана қилинади. Ҳар бир тупда 2—3 тадан соғлом ўсимлик қолдирилади. Тўпбарг ва гул чиқариш фазасида культивация қилинади.

Жағ-жағ ўсимлиги униб чиқандан сўнг биринчи ўғитлашни амалга ошириш лозим бўлади ва гектар ҳисобига 30 кг дан азотли ва фосфорли ўғитлар билан озиқлантирилади.

Ўсимлик гуллаш фазасида озиқа элементларни кўп талаб қилади. Шуларни эътиборга олиб, гуллаш фазасида азотли ва калийли ўғитлардан 40 кг дан бериб озиқлантирилади. Ўсимликнинг гуллари тўкилмаслиги ва пояси бақувват бўлиши учун калий ўғити билан озиқлантирилади. Озиқлантириш суғоришдан олдин амалга оширилади. Ўсув даврида 5—6 марта суғорилади. Унинг вегетацион даври калта бўлганлиги учун озиқлантиришни гуллаш фазасида тугатишни тавсия қилинади. Жағ-жағ экилган майдонларга ўртача гектарига 70 кг азот, 50 кг фосфор ва 40 кг калий ўғити билан озиқлантирилса, яхши ҳосил етиштириш имкони туғилади.

Маҳсулот тайёрлаш. Ўсимлик гуллаши ва меваси етилиши даврида илдизи билан суғуриб олинади. Илдизини (баъзан, илдизолди барглари билан) ташлаб юбориб, қолган қисмини соя жойда қуритилади.

Манба:  moodle.pharmi.uz

Улашиш: