Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Чорвани иссиқдан қандай асраган маъқул?

20/Sentabr/2024 21:27
  832

Иссиқ ёз кунлари, айниқса, йирик шохли қорамоллар ва қўйларни боқиш анча мураккаб жараён. Чунки бу турдаги молларда ҳам худди итлар ва мушуклар каби тери безлари яхши ривожланмаган. Шу боис улар юқори ҳароратда тез-тез нафас олиш, яъни ҳансираш орқали танасидан оzртиқча иссиқликни чиқариб ташлайди. Бу иш терлашга нисбатан анча самарасиз бўлиб, натижада ҳайвон кўп куч ва энергия сарф этади. Табиийки, бу жиҳат ўз-ўзидан улардан олинаётган сут ва гўштнинг салмоғига таъсир қилади.

Одатда ёзнинг иссиқ кунларида қорамоллар учун энг мўътадил ҳарорат 30 даража ҳисобланади. Бундан ортиқ иссиқликда уларнинг маҳсулдорлиги кескин камайиб кетади. Ҳаво ҳарорати 38 даражага етганида эса ҳайвонларда иссиқ уриш касаллиги юзага келиши ҳам мумкин. Бунга йўл қўймаслик учун аввало, молларни томи ёпиқ, деворсиз очиқ айвонларда сақлаш керак. Бу ёзнинг иссиқ кунларида табиий елвизакни таъминлайди. Шунингдек, қишдагидан фарқли равишда уларнинг бироз эркин бўлишлари ва сайр қилишлари учун имконият бўлиши лозим. Айниқса, соғин сигирлар парваришланаётган бинода яйраш майдончалари, албатта, бўлиши шарт.

Агар бинода сақланаётган моллар сони кўп бўлса, иссиқ ҳарорат ва димликнинг янада ошиши табиий. Бундай ҳолатда мазкур бинода сув пуркаш воситаларини ўрнатиш яхши самара беради.

Кўпчилик хўжаликларда, шунингдек, аҳоли хонадонларида боқилаётган моллар ҳам иссиқ кунларда одатда суткасига икки маротаба суғорилади. Бу аслида етарли эмас. Чунки молнинг чанқоқ ҳолатда сақланиши унинг ривожланишига салбий таъсир этади. Шу боис майда ва йирик шохли молларни бир кунда камида уч-тўрт маротаба суғориш лозим.

Албатта, мол боқишда унинг озуқасини етарли даражада ва ўз вақтида бериш маҳсулдорликнинг ошиши учун қанчалик муҳим эканлиги барчага маълум. Шу билан биргаликда, чорванинг қулай шароитда сақланишига ҳам эътибор қаратиш керак. Зеро, бу ҳам чорвачиликда катта аҳамиятга эга.

Бурхон Бойбулов,

Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик илмий-тадқиқот институти Қашқадарё филиали директори, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди

Манба: qashqadaryogz.uz

Улашиш: