Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Бодрингнинг оддий мозаикаси касаллиги

27/Noyabr/2024 21:54
  1186

Полиз экинларида бодрингнинг оддий мозаикасини вирус (Cucumis virus 1) қўзғатади. Шакли изометрик думалоқ, диаметри 35 нм, инактивация ҳарорати ҳар хил штаммлар учун 60оС...70оС, охирги суюлтириш 1:10 000, ўсимлик шарбатида вирус 4 кунгача сақланади. Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонда вирус бодринг, қовун, тарвуз, қовоқ ва қовоқчада кенг тарқалган.

Вирус жуда кенг ихтисослашган ва 300 тадан кўпроқ ўсимлик турларини, жумладан барча полиз экинларини, помидор, исмалоқ, селдер, қайлюғун, физалис, картошкагул (георгин), шойигул (канна), флокс, юлдузўт, циния ва бошқа кўп маданий экинлар ва бегона ўтларни зарарлайди.

Касаллик белгилари 6-8 ҳафталик бодринг экинида яққол кўринади. Зарарланган ёш барглар пастга қараб букилади, олачипор тус, усти ғижимланган шакл олади, оч-яшил ва сариқ доғлар ривожланиб, мозаика ҳосил бўлади, барг ўсмайди. Палак бўғинлари ораси қисқаради, натижада ўсимлик тепасида ёш барглар розеткаси пайдо бўлади. Ўсимликлар заифлашади, ўсишдан орқада қолади, аста-секин сарғаяди ва сўлиб қолади. Экинда ён новда ва оналик гуллар сони камаяди. Эрта зарарланган ёш ўсимликлар қурийди, кечроқ зарарланганларининг вегетация даври қисқаради, кам гул ҳосил қилади.

Зарарланган мевалар хунук шакл олади, олачипор (сариқ-яшил) бўлиб қолади, устида сўгаллар пайдо бўлади, хлороз ривожланади, баъзан яшил пигмент деярли бутунлай йўқолиб, мева оқ ва майда бўлиб қолади.

Вирус барқарор эмас, қуруқ ҳавода фаоллигини тез йўқотади, касал ўсимликлардан сиқиб олинган ширада 4 кун сақланиши мумкин, 60-70оС ҳароратда 10 дақиқада ҳалок бўлади. Ўсимлик қолдиқлари ва уруғда сақланмайди. Вирус бир, икки ва кўп йиллик ўсимликларда (қайлюғун, қуртэна, бангидевона, йўнғичқа, себарга, қоқиўт) сақланади, соғлом ўсимликларга ширалар (Myzodes persicae, Aphis gossypii) ва картошканинг колорадо қўнғизи орқали ҳамда механик усулда, ишчилар ва мева терувчилар ишлатган пичоқлар воситасида ўтади. Касалликнинг инкубацион даври 10-15 кун. Ҳаво ҳарорати кескин ўзгариши, экинларнинг туп сони қалин бўлиши касалликни кучайтиради.

Зарарланган қовун барглари олачипор, мозаикали бўлиб қолади, кўпинча буришиб, хунук тус олади, устида сўгалсимон шишлар пайдо бўлади. Қовуннинг янги ўсиб чиққан барглари ва палакларининг учлари некротик доғлар билан қопланади ва сўлади, сўнгра сўлиш ва некроз пастки ярусларга тарқалади, ўсимлик аста-секин қуриб қолади.

Кураш чоралари. Чидамли навлар яратиш ва қўллаш; бодрингни вирус билан зарарланишга мойил экинлар, бегона ўтлар ва кўп йиллик гулларга яқин жойлаштирмаслик; бегона ўтлар ва биринчи зарарланган ўсимликларни қазиб олиб, иссиқхона ва далалардан чиқариб, йўқотиш.

Манба:

Б. А. Ҳасанов, Р.О. Очилов, Р.А. Гулмуродов (2009). Сабзавот, картошка ҳамда полиз экинларининг касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент .

Улашиш: