Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тутчой ичиш учун энди Хитойга бориш шарт эмас

22/Noyabr/2024 01:42
  1571

“Ўзбекипаксаноат” уюшмасидан маълум қилишларича, Бухорода бунёд этилаётган чой заводи учун зарур технологик ускуна ва жиҳозлар ортилган карвон Хитойдан йўлга чиқди. Бу тез орада Ўзбекистонда саноатнинг яна бир янги тармоғи — тут баргидан чой ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, деганидир.

Орамизда тут шарбатини ичган, шинниси, борингки, қоқисини тановул қилганлар кўп. Аммо тутчой ичганлар жуда кам топилади. Сабаби ушбу антиқа чой юртимизда ишлаб чиқарилмайди. У азал-азалдан Чин ўлкасидан келтирилган. 

Энди бунга ҳожат қолмайди. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан ҳаётга татбиқ қилинаётган янги лойиҳа туфайли бундай шифобахш неъматга бўлган ички эҳтиёж таъминланибгина қолмай, балки катта миқдорда экспорт қилиниши ҳам кўзда тутилган. 

— Тут баргидан чой ишлаб чиқариш қарорига дабдурустдан келингани йўқ, — дейди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шарипов. — Дастлаб тут барглари Хитойга олиб борилиб, ундан синов тариқасида чой ишлаб чиқарилди. Натижаси хитойлик инвесторларни ҳам қизиқтириб қўйди. Ҳамкорликда лойиҳа ишлаб чиқдик. 

Айни пайтда ижросига киришилган лойиҳа қиймати 2 миллион АҚШ долларига тенг. Унинг тенг ярми — 1 миллион доллари “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан молиялаштирилади. Қолгани эса чет эллик инвестор томонидан қопланади. Келишувга кўра, хитойлик ҳамкорлар керакли жиҳозлар ва мутахассислар олиб келишади. 

Тутчой саломатлик учун кони фойда. Унинг таркибида кофеин ва танин моддаси одатдаги чойдан 200 баробар кам, витамин ва минераллар эса аксинча кўп. Хусусан, А, В, А1, Е ва С витаминлари,  кальций, магнийга ўта бой. Тадқиқотлар магний моддаси творогдагидан ҳам юқори эканлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун у соч тўкилишининг олдини олади, юракка қувват беради, қон босимини маромига келтиради. Шамоллаш, ошқозон-ичак касалликлари, айниқса, саратонга қарши энг мақбул восита саналади. Тутчойнинг шу каби хусусиятлари туфайли хорижда ҳам талаб катта. 

Мутахассисларнинг айтишича, ушбу эҳтиёжни қондириш учун Ўзбекистоннинг табиий имконияти ниҳоятда катта. Чунки тутзорларнинг ҳар гектаридан 52,5 тоннадан тут барги йиғиб олиш мумкин. Шу боис жорий йилда фойдаланишга топшириладиган Бухородаги заводнинг ўзида 218 тонна чой ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Натижада 1500 та мавсумий ва 50 та доимий иш ўрни яратилиб, дастлабки йилнинг ўзида 1,4 миллион долларлик чой экспорт қилинади. 

Кўпчиликда тут баргидан чой ишлаб чиқарилиши ипак қурти парваришига таъсир кўрсатмайдими, деган савол туғилаётгани табиий. Сабаби республикамизда баҳор мавсумида 330 минг қути, кузда эса 40 минг қути ипак қурти парваришлаш режалаштирилаяпти. 

— Биз масаланинг шу каби нозик жиҳатларини ҳам ҳисобга олганмиз, — дейди Б. Шарипов. — Шунинг учун баҳорда баргнинг учи, куз мавсумида эса бутунлигича йиғиб олинади. Чунки кузда баҳордагидан 7 баробар кам ипак қурти парваришланади. Бу эса чой хом ашёсининг асосий қисмини жамғариш учун айни муддаодир. 

Бухорода иш бошлайдиган корхона келгусида юртимизнинг бошқа ҳудудларида барпо этиладиган шундай ишлаб чиқариш субъектлари учун тажриба-синов вазифасини ҳам ўтайди.

Саид Раҳмонов,

«Халқ сўзи» мухбири


Улашиш: