Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Асаларичиликда июл ойида қилинадиган ишлар

21/Sentabr/2024 02:20
  967

Июл асал йиғиш мавсуми

Июл – Ўзбекистоннинг барча вилояти шароитида асал йиғиш учун асосий ойдир. Илк кунларидан бошлаб ғўза бир маромда шира ажратади ва кундан кун кўпайиб боради. Асал олиш мавсумида асаларичи доимий равишда рамкаларнинг асал билан тўлишини, тарозида турган уянинг вазни ортишини кузатиб бориши керак. Йиғилган асални ўз вақтида олиш катта ахамиятга эга. Озгина кечикиш шира келишини, асаларилар уни қаерга жойлашни билмаслиги боис, шира тўплашни қисқартиради. Яъни бир томондан, асални эрта олиб бўлмайди, чунки у етилиб улгуриши керак. Етилмаган асалнинг намлиги ортиқ бўлиб, мазаси яхши эмас ва тез сифатини йўқотади. Асалнинг етилганини асаларилар томонидан асалли катакчалар устини беркитилиши билан хабар беради.

Асалли рамкаларни уядан олиш: асал йиғишда ҳамма уялардаги асаларилар ромдагикатаклар устини беркитишини кутиш керак эмас, акс ҳолда асаларичи мўл ҳосил ололмайди. Асаларизорда ҳамма асалари оилалари бирдай, унумли ишлайди, кечикаётган оилалар асал йиғгунга қадар, чаққонроқлар рамкалар йўқлигидан бекорчи бўлиб қолишади. Шунинг учун, асал олиш яхши бўлганда, уяларни уч-тўрт кунда бир кўздан кечириб туриш керак. Шу аснода керакли даражада тўлган асалли рамкалар, олиниб бўш рамкалар билан алмаштириб турилади. Асалли рамкаларни сақлаш учун кучсиз асалари оилаларига бериш мумкин. Бу жараён сермеҳнат, аммо кучли оилаларда иш суръати пасайишининг олдини олади, каммаҳсул оилаларда асал меъёрига етади.

Асалари оиласини кўздан кечираётганда ва асалли рамкаларни олишда асалариларни камроқ безовта қилишга интилиш зарур, бундай ҳолда оила шу куни асал йиғишни сусайтиради. Бу даврда яхшиси, асалари оилаларидан асал олиш куннинг иккинчи ярмида, асаларилар камроқ уча бошлаган даврда ўтказиш керак.

Асал олиш учун рамкаларнинг тўлиқ беркитилишини кутмай олиш мумкин. Агар асаларилар рамканинг тахминан учдан бир қисмини беркитган бўлса, пастки катаклардан силкитилганда шира сачрамаса, демак, асал олиш учун етилибди. Уядан асал мунтазам олиб турилса, асаларилар кўпроқ ишлайди.

Асалли рамкаларни олишда камдан-кам асаларичилар махсус асал ҳайдагичларидан фойдаланишади. Одатда, асалли рамка бўш қути ёки бўш уяга олинади. Уя бўш мумкатак ёки асали олинган рамкалар билан, асалариларни қоқиш учун 5-6 рамка сиғадиган жой қолдириб, тўлдирилади. Рамкалар кескин, тез ҳаракат билан силкитилади ё юмшоқ супурги, чўтка ёки пат рамкалардан супурилади. Асаларилар, аввалроқ, тутун ёрдамида дудланади ва жиғилдонларига асал тўлдириб олишлари учун вақт берилади. Шу билан, асалга тўлган қопчаларни бошқариш осон эмаслиги сабаб, асаларилар оғирроқ бўлиб қолади, осонгина рамкаларга қоқилади, камроқ чақади.

Олинган рамкалар кўчма ёки маҳсус қутиларда асал олиш учун мўлжалланган бинога олиб борилади. Бунинг учун асал олиш уйчаси, палатка ёки бошқа мослашган бинодан фойдаланиш мумкин. Кўпгина худудларда баьзи асаларичилар усти брезент, ён томонлари ҳашоратлардан ҳимоялашга мўлжалланган тўр билан ўралган палатка билан фойдаланишади.

Асал олиш

Асал олишга киришишдан олдин, зарурий ускуналарни – асал ҳайдагич (медогонка), асалли рамкаларни қирқиш учун стол, бир жуфт ўткир асаларичи пичоғи, газ ёки электр плитада сув иситиш учун идиш, асал учун флягалар, сочиқ, ювиниш анжомларини тайёрлаб олиш керак.

Асал ҳайдагич яхшилаб ювилиб, қуёшда қуритилади ва унинг подшибникларига асал ёки ёғ суртилади. Асал олинадиган жойга уни шундай жойлаштириш керакки, асалли рамкалар қирқиладиган ердан узоқ бўлмасин ва унинг ротори айланганида қимирламаслиги керак. Асал ҳайдагични тагликка ўрнатса бўлади, бунда роторни айлантириш дастаги ишлаётган одам тирсагидан юқори бўлмаслиги керак. Шунда асални идишларга тўхтатмай қуйиб олиши мумкин.

Асалли рамкалар қайноқ сувда қиздирилган ўткир асаларичилик пичоғи билан очилади. Забрус текис, пичоқни ромдаги катакка ортиқча ботирмай, қирқилади. Иккала пичоқ навбат билан – бири ишлатилаётганда иккинчиси қиздирилади. Қайноқ сувдан олинган пичоқдаги сув томчилари, силкитиб юборилади. Буғ билан қиздириладиган ёки электр пичоқ ишлатилса, мумкатакларни очиш жараёни енгиллашади. Рамкалардаги қирқимлар тушиб турадиган тўрли тагликка эга бўлган қути ўрнатилган махсус стол устида очилади, очилган рамкалар шу стол ичига қўйилади. Оқиб чиқаётган ҳамма асал стол тубида тўпланади. Бундай стол бўлмаган тақдирда, оғзи кенг бўлган асал идиши устига рамкаларни очиш учун хоч шаклида ёғоч ёки детал ўрнатилади.

Асалли рамкаларнинг паст томони, рамканинг юқори ёғочи тарафга қиялатиб қурилиши боис, ротор айланадиган томонга қаратиб ўрнатилади. Асал ҳайдагичнинг қарама-қарши жойлашган кассеталарига бир хил вазндаги рамкалар танлаб жойланади, бу асал ҳайдагични айланиш пайтида силкинишининг олдини олади. Асал олинаётганда мумкатаклар кассета тўрига тўлиқ ётиши керак.

Аввалига, асал ҳайдагич ротори, аста-секин тезликни ошириб борган тарзда, секин айлантирилади. Рамкаларнинг бир тарафидаги мумкатаклардаги асалнинг бир қисми олингач, кассета ўгирилиб, иккинчи томонидаги асал тўлиқ олинади. Такрор кассета айлантирилиб, биринчи томонидаги асал ҳам тўлиқ олинади. Кўп ҳолларда, рамканинг биринчи томонидаги асал тўлиқ олинса, рамкалар синади. Айниқса, янги қурилган рамкаларни ишлатишда эҳтиёт бўлиш керак. Олинган асал ҳайдагичдан фляга ёки бошқа идишга икки қават элакда сузилиб, қуйиб олинади. Элак бўлмаганда йирик катакли докадан фойдаланиш мумкин. Дока енгил намланиб, идиш оғзига маҳкам боғланади. Асал бир неча кун тиндирилади. Бу вақт ичида майда мўм бўлаклари ва ҳаво пуфакчалари асал юзига кўтарилади. Уларни эҳтиётлик билан қошиқда олиб ташланади.

Асал олиб бўлингандан сўнг, асал ҳайдагич ювилиб, қуритилади, айланувчи қисмларини занглашдан сақлаш учун мойлаб, қуруқ жойга олиб қўйилади.

864.jpg (159 KB)

 

Июлда нима қилиш керак?

Асаларичининг санъати асосий асал йиғиш мавсумига асалариларни имкон қадар кўпайтириш ва мавсум давомида оилаларнинг ишчанлигини сақлаб туришдан иборат. Бунга эришишнинг услублари хилма-хил бўлиб, улар ҳақида китобимизнинг аввалги бетларида етарлича маълумот бериб ўтилган. Бироқ, Ўзбекистон шароитида асал ҳосили мўл бўлиши учун асаларизорни кўчириш катта аҳамият касб этади. Июлъ ойига келиб кўплар тоғли ҳудудларданасаларизорни пахтазорларга қараб кўчиради – ғўзанинг яхши шира ажратиш муддати (айниқса айрим навлари) 2-3 ҳафта билан чегараланган.

Асалари қутисидаги учиш туйнукларини йўналиши асалари оиласининг маҳсулдорлигини маьлум даражада таъсир кўрсатади. Бу борада академик А.М.Бутлеровнинг қизиқ бир фикри бор: “Қути туйнуклари ҳар тарафга қаратилиши мумкин, аммо жанубий йўналиш нисбатан ёмонроқ – чунки, уяга кўпроқ ҳарорат ва нур киради; жануби-шарқий ва жануби-ғарбий йўналишлар кўч ажралиши керак бўлган оилалар учун маъқул; шимолий йўналиш, шимол-шарқ ва шимоли-ғарб маҳсулдор оилаларга мос”. Кўп асал йиғилганлиги дарахт ковакларидаяшаган асалариларда улар доимо шимол тарафга қараганлиги кузатилган.

Асосий асал йиғиш мавсум бошида 50-60 фоиз асаларилар парвозга қобилиятли  бўлишида. Оиланинг барча заҳирадаги аъзолари ишга жалб этилади, бу пайтда уядаги асалариларнинг парвоздаги ишга кўникиши жуда тез кечади. Агар оддий шароитда асаларилар 15-22 кунлик бўлганда парвозга шай бўлса, асосий мавсумда 4-5 кунлик бўлган асалариларнинг ҳам парвоз этиши кўпроқ кузатилади.

Мавсумдан унумли фойдаланишда асални ўз вақтида олиб туриш ахамиятли. Асални қисман олиш ҳосил йиғилишини кучайтиради, бироқ етилмаган асални олиб бўлмайди.

Мавсумда асалариларни кўп безовта қилиш ярамайди – бу уларни ишдан чалғитади. Сифатли рамка заҳирасига эга бўлган кўп асаларичилар, асал олиш пайтида асалариларни фақат бир марта безовта қиладилар – асалли ромларни олиш пайтида, уларнинг ўрнига шу заҳоти бўш мумкатакларни жойлаштиради. Ромларнинг асали олингандан сўнг, бошқа оилалардан асалли ромларни олишда қўллайдилар. Бундай конвейер усули асал олишда ишни енгиллаштиради.

Асалдан ташқари кўп ёш наслларга эга бўлган ромларни асал олиш учун ажратиб бўлмайди. Усти очиқ насллар миқдори оз бўлса, асални олиш мумкин, бироқ, кўп холларда катакчалардаги усти беркитилмаган насллари асал билан бирга чиқиб кетиб, нобуд бўлишини назарда тутиш керак. Усти беркитилган насллар ва янги қўйилган асал тухуми роторнинг эҳтиётлик билан айланишидан зарар кўрмайди.

Одатда асал ёпиқ, асаларилар кира олмайдиган бинода олинади. Ёз ойларидан баьзи асаларичилар бу мақсадда, бир ёки икки томонига тўр тутилган, чодирлардан фойдаланишади. Асал яхши келаётган пайтда очиқ ҳавода ҳам ишлаш мумкин, асаларилар уларга буткул ҳалал бермайди.

Асал ҳайдагич тебранмайдиган жойга ўрнатилади. Ускунанинг барча ишқаланувчи қисмларига ишга киришишдан аввал асал ёки ёғсуртилади. Асал олинадиган бино ичидаги  ҳарорат 25ºС дан паст бўлмаслиги керак, бундан паст ҳароратда асал қуюқлашиб, мумкатаклардан чиқиши қийинлашади.

Асалли рамкалардаги катакчалар усти махсус қайрилган, дастали пичоқ ёрдамида очилади. Яхшиси иккита пичоқни қайноқ сувга солиб қўйиб, навбат билан фойдаланиш керак. Ромдаги катакларни қирқишда пичоқ сувдан олиниб, силкитилади ва ромнинг юқори ёғочи ён юзаси бўйлаб пастдан юқорига қараб қирқилади. Ромлар қирқимлар тушадиган турли тагликка ўрнатилади ва асал пастда жойлашган идишга оқиб тушади. Пичоқ катакчалар деворини бузмаслиги учун, улар совуган заҳоти иссиғига алмаштирилади. Пичоқ юпқа, ўткир ва қайноқ бўлиши шарт.

Катта асаларизорларда, қайнатгич, буғ ўтадиган узун ўтказгич (шланг) ва тиғида буғ айланиши учун ариқчаларга эга буғли пичоқдан фойдаланадилар.

Ромдан асални тўлиқ олиш учун, асал ҳайдагичда уни пастки қисми йўналишида айлантирилади. Бир хил вазнли рамкалар танлаб олинади, бу асал хайдагич титрашининг олдини олади. Шу билан бирга бир хил вазнли ромларни, мувазанатни сақлаш учун, қарама-қарши жойлаштириш ҳам мумкин. Аввал асал ҳайдагич охиста айлантирилади, сўнг ромлар айлантирилиб, орт тарафдаги асал охиригача олинади. Кейин ромлар асл холига қайтарилиб биринчи томондаги асал ҳам сўнги қисмигача олинади.

Тўқ рангли рамкалардан асални тезроқ олиш мумкин. Янги қурилган рамкалар тез синади ва улардан асал олишда шошилмаслик, эҳтиётлик билан ишлашга тўғри келади.

Асал флягаларга ёки бошқа идишларга, барча йирик механик аралашмаларни тутиб қоладиган тўрдан ўтказиб қўйилади. Идиш оғзи дока билан ёпилиб, бир неча кунга шундай қолдирилади. Бу маьлум даражада асал етилишига кўмак беради, асалдаги майда ҳаво пуфакчалари ҳамда мум бўлаклари кўпик кўринишида юзага қалқиб чиқади. Кўпик асл шаффоф холга келгунча олиб ташланади.

О.Тўраев,

Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти асаларичилик лабораторияси мудири, қ.х.ф.н

+998935803571

Улашиш: