Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қалампирни қайта ишлаб экспорт қилмоқда

23/Noyabr/2024 07:47
  1332

Фарғона вилоятининг Бағдод туманининг Мирзаобод маҳалласи ҳудудида Фурқатжон Бердалиев раҳбарлигидаги “Аромати Багдада” хусусий корхонаси ҳозирги кунда бир дақиқа бўлсада тўхтагани йўқ, қуритилган аччик ва ширин қизил қалампирларни стандартга мос равишда механизмларда майдалаб, тортиб чет мамлакатларга экспорт қилмоқда.

- Хусусий корхонамизни 2008 йилда ўз уйимизда ташкил қилган эдик, - дейди Фурқатжон Бердалиев. – Ўшанда қўлбола тегирмонни мослаштириб қалампир, райхон, жамбил, петрушка, сабзавотлардан сабзи, пиёз кабиларни қуритиб сотувга олиб чиқардик. Бу маҳсулотларга харидор жуда кўп, талаб эса ундан ҳам кўп эканини тасаввур қилинг. Илгари қопларда сотадиган бу маҳсулотларни кейинчалик каробкаларда ва кичик-кичик халталарда харидорларга етказиб бера бошладик. Хитойдан олиб келган қуритиш агрегати ишимизни янада енгиллатди ва сифатини оширди. Бора-бора корхонамизнинг ишлаб чиқариш қуввати оша борди.

Қарийб ўн йилдан бери корхона ўз маҳсулотларини қисман экспорт қилиб келади. Йил ўтган сари экспорт ҳажмини ошириб боришга, ишлаб чиқаришни ҳам кўпайтиришга эришилди. Тадбиркорга аёли Ҳалимахон Бердалиева ҳар соҳада кўмакдош, фикрдош бўляпти. У Марғилондаги ҳисоб-кредит техникумини битирган, агробанк ва халқ банкида ишлаб тажриба тўплаган. Шу боис иқтисодни яхши билади. У бизга экспорт қилинган йилларда валюта ҳисобига олинган даромадларни гапириб берди. 2009 йилда Россиянинг Москва шаҳридаги “Нотрули” компанияси билан шартнома тузилган, 198 тонна қалампир ишлаб чиқарилиб, 106 минг 100 АҚШ долларига сотилган. 2010 йилда ҳам “Натрули” ва “Фобос” компанияларига шартнома асосида маҳсулот юборилган. 2012 йилда Украинадаги “Поваго” ҳамда Россиянинг “Логуно” компаниялари билан шартнома асосида иш қилинган. Шундан кейин корхонага янги бино қуриш, қурилмаларни ўрнатиш муносабати  янги ишлаб чиқариш бироз камайган бўлса ҳам заҳирадаги маҳсулотларни экспортга чиқариш ҳисобига валюта тушуми ўсган. 2014 йилда 140 минг 983 АҚШ долларига қалампир сотилди. 2015 йилда бу кўрсаткич 155 минг 600 долларни ташкил қилди.

Бу кўрсаткични келтиришдан мақсад тадбиркорнинг ўз ишига бўлган масъулияти, қатъиятини кўрсатишдан иборат. Кейинги йилларда ҳам экспорт ҳажмини босқичма-босқич ошириб бориш йўлидан бориляпти.

- Корхонамиз ишлаб чиқараётган маҳсулотни 2013 йилгача ҳам экспортга чиқариб турганмиз, - дейди Ҳалима Бердалиева. – Шу йилгача экспортга чиқарган маҳсулотимиздан 500 минг АҚШ доллари даромад қилдик. Туман ҳокимлиги бизга имконият яратиб берди. Бўш турган бир бинони “0” қийматда бизга ўтказиб бердилар. Ўз уйимизнинг тенг ярмини нотурар жой қилиб олган эдик, мана энди капитал асосга эга бўлган замонавий бинода корхонамиз ишлаб турибди.

Тадбиркор яратилаётган шароитлардан руҳланиб, ўз корхонасини янада кенгайтириш ҳақида бош қотирмоқда. У Миллий банк филиалидан 600 минг доллар кредит сўраган эди, ҳеч қийинчиликсиз берди ва Хитой давлатидаги янги, замонавий линия етказиб берувчи субъект ҳисоб рақамига ўтказиб ҳам қўйди. Бунга ўхшаган тадбиркорларни ишлаб-чиқаришга руҳлантиришда, берилган бўнак пулларини тўғри сарфланишини назорат қилишда ушбу банк ходимлари ўз вазифаларини тўғри бажаряптилар. Кредитлардан олинадиган фоизларни ишлаб чиқариш учун камайтириш жорий қилингандан кейин, Миллий банк мижозлари кўпайгани кузатилмоқда. Шунинг учун ҳам Фурқатжон Бердалиев шу банкни танлаган. Шундай қилиб у шу йилнинг 24 апрелида Хитойга янги қайта ишлаш линиясини олиб келиш учун учиб кетади.

- Хитойдан 2 та қайта ишлаш линиясини олиб келаман, - дейди тадбиркор. – Бу линиялар камида 30 – 40 кишининг ишини бажаради. Янгиликни жорий қилиш билан биз, биринчидан ишлаб чиқаришимизни кескин оширамиз,  иккинчидан ҳаражатни тежаймиз. Лекин, ишчи ўринларидан қисқартириб ишсизлар сонини оширишга “ҳисса” қўшиш бизга ёт. Айни пайтда ўтган йили тендерда ютиб олган 13 гектар еримизга қалампир ва бошқа керакли экинларни экиб бўлдик, ва уларга ишлов бермоқдамиз. Қалампирни парваришлаш, териш катта меҳнат талаб қилади. Албатта бу ишларга одам кучи жалб этилмаса, кўзланган мақсадга эришилмайди. Шунинг учун биз янги иш ўринларини иложи борича кўпроқ яратиш йўлидан бормоқдамиз.

Яна бир янгиликни тадбиркор хрсандчилик билан айтиб берди. У кластер сифатида 1280 гектар ерга эгалик қилмоқчи экан. Маҳсулот етиштирувчиларнинг барча ҳаражатларни ўзи қоплайди, қалампирни қабул қилиб олади, қуритади ва қайта ишлаб сотади. Унинг бу иши иннавацион ғояларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этишидан нишона бўлади. Шунда тадбиркорнинг йиллик маҳсулот экспорт қилиш ҳажми камида 1 миллион долларни ташкил этади.

Тадбиркорликда йилдан йилга муваффақиятлар қозонаётган Фурқатжон Бердалиев корхонасини ҳаракатга келтиришда 1 та 20 тонналик “МАN” юк ташиш машинаси, 1 та енгил автомашина, аҳолидан қалампир ва бошқа маҳсулотлар йиғадиган яна бир кичик юк машинаси тинмай хизмат қилмоқда.

7 киши ишлайдиган корхонада эса ҳар куни 2 тонна қуруқ аччиқ қалампир қайта ишланмоқда ва турли ёқларга экспорт қилинмоқда.

Ҳамиджон Бурҳонов

Улашиш: