Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Дала ҳовлидаги туяқуш

24/Noyabr/2024 02:47
  1396

– У ўзига хос даромад манбаи экан, – дейди меҳнат фахрийси Баҳриддин Муродов.

Шаҳарда, айниқса, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли орасида тоза ҳаволи табиат қучоғини, боғ-роғларни, уй ҳайвонлари-ю, оқар сувларни соғиниш ҳисси ҳамиша устувор бўлади. Аммо ҳар доим ҳам табиат билан ҳамнафас яшашга имконият топилавермайди. Инсон кўпинча иш, ўқиш, турли хизматлар сабаб бунга вақт ажрата олмайди.

Шу боис, кўпчилик ушбу ҳаётий эҳтиёжни қондириш мақсадида шовқинли шаҳардан олисроқдан,  имкон қадар тоғли, мусаффо ҳаволи қишлоқ ҳудудларидан чоғроққина бир маскан қидиради. Маъқул жойни топиб, обод этади ва бу ер унинг иккинчи уйига айланади. Биз бундай гўшаларни оддий тилда дала ҳовли деймиз.

Бугун Баҳриддин аканинг дала ҳовлисида бўлган ҳар қандай одамнинг баҳри дили очилади. Турли мевалар, узум, рўзғорга керакли барча ноз-неъматлар ғарқ пишган. Парранда, қуён ва беданалар, сакраб ўйнаётган қўзичоқларни айтмайсизми. Ҳовли этагидаги атрофи тўсиқлар билан ўралган майдонда эса ингичка бўйинларини чўзганча юлқиниб юрган туяқушлар...

Баҳриддин ака турмуш ўртоғи Муҳаббат опа билан дала ҳовлисига кўчиб ўтгач, аввало, ўзларида катта ўзгаришларни сеза бошлади. Ҳаво тоза. Чор атроф яшиллик, гулу гулзор. Тунлари олисдан атрофдаги жилғаларнинг ёқимли шилдираши эшитилади. Энг муҳими, шовқин йўқ. Уларнинг ёшида бу соғлиқ учун жуда муҳим омил. Ўғиллар, уч келин ва 6 нафар набира ҳам энди дам олиш кунлари ота-оналарини кўргани дала ҳовлига келишади. Бирга ишлашади. Жонворларни парвариш­лашга кўмаклашади.

– Қўшнимизда 10 та туяқуш бор эди, – дейди Баҳриддин ака. – Қизиқиш устун келиб тўрттасини сотиб олдим. Интернетдан кўрсам, бу жониворлар даромаднинг нақ кони экан. Териси ноёбликда тимсоҳникидан қолишмайди. Ундан тикилган бир жуфт туфли 350 АҚШ долларида баҳоланади. Турли тасма, бежирим сумкалар, тухумидан сувинирлар ясалади. Хуллас, гўштидан патигача даромад экан. Яхши ниятда кўпайтир­япмиз. Қўй, қуён гўштлари, товуқ ва бедана тухуми, рўзғорга керакли ҳамма резаворлар ўзимиздан чиқяпти. Чамалаб кўрсам, дала ҳовли нафақат дам олишда, балки оилавий бизнес билан шуғулланишда ҳам зўр имконият экан.

Улашиш: