Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Полиз экинларининг ун-шудринг касаллиги

20/Sentabr/2024 12:01
  1164

Касаллик билан бодринг, қовун ва қовоқнинг барча турлари, итқовун ва бошқа бир нечта бегона ўтлар, баъзан эса тарвуз ҳам зарарланади. Уни аскомицет облигат паразит замбуруғлар, асосан Sphaerotheca fuliginea f. cucumidis, кам ҳолларда (тоғларда) Erysiphe cichoracearum f. cucurbitacearum қўзғатади.

Ун-шудринг Ўзбекистонда қовун етиштиришда энг катта зарар келтирадиган касалликлардан биридир; бу касаллик туфайли ҳар йили қовун ҳосилининг 36 фоизи, эпифитотик йиллари эса 64 фоизигача йўқотилади. Қўзғатувчининг мушк қовун навларида 3 та физиологик ирқи аниқланган. “Ўзбекистон сабзавот, полиз ва картошка экинлари илмий-тадқиқот институти” ходимлари томонидан яратилган 9 та қовун нави ун-шудрингга юқори даражада чидамлидир.

Илмий адабиётда ун-шудринг тарвузда камроқ учраши хабар қилинган. Аммо бу касаллик тарвузда Самарқанд вилоятида кенг тарқалганлиги аниқланган, баъзи туманлар далаларида экинлар 57-86 фоизгача зарарланган; фунгицид пуркаб ўтказилган тажрибаларда уншудринг тарвуз ҳосилини 30% гача камайтиргани тасдиқланган.

Кураш чоралари. Чидамли навлар яратиш ва қўллаш; соғлом ўсимликлардан олинган, пухта сараланган, самарали фунгицид билан дориланган уруғлик экиш; касаллик бошланиши билан экинга фунгицид, жумладан Байлетон 25% н. кук. (0,2-0,6 кг/га), Каратан ЛЦ 50% эм. к. (0,5-1,0 л/га), Топсин-М 70% н. кук. (0,8-1,0 кг/га), коллоид ёки н. кук. шаклидаги олтингугурт (2,0-4,0 кг/га), ООҚ (0,5-1о ли эритма) ва бошқаларни 1 ёки 2 марта пуркаш; даладан ўсимлик қолдиқларини йўқотиш, уларни бегона ўтлардан тоза ҳолда тутиш; далани чуқур кузги шудгор қилиш, алмашлаб экиш тавсия қилинади.

Манба:

Ҳасанов Б. А., Очилов Р.О., Гулмуродов Р.А. (2009). Сабзавот, картошка ҳамда полиз экинларининг касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент.

2. Шералиев А.Ш., Рахимов У.Х. (2014). Қишлоқ хўжалик фитопатологияси. Тошкент.

Улашиш: