Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сабзининг ҳўл бактериоз чириши ва унга қарши кураш

20/Sentabr/2024 19:19
  965

Сабзининг ҳўл бактериоз чиришини Erwinia sp. ва  E. carotovora бактериялари қўзғатади. Бактериялар сабзидан ташқари пиёз ва бошқа ўсимликларни ҳам зарарлайди. Касаллик далада ўсимликларнинг сўлишига сабабчи бўлади, илдизмеваларнинг тепаси ёки пастки қисми чирийди, улар юмшоқ, ҳўл, шилимшиқсимон бўлиб қолади, қўланса ҳид чиқаради.

Омборхоналарда физиологик кучсиз сабзи кучлироқ зарарланади, одатда бу бактериялар замбуруғлар зарарлаган илдизмеваларни иккиламчи зарарлайди ва сабзи чиришини тугаллайди. Бактериялар зарарланган ўсимлик қолдиқлари, уруғ ва илдизмеваларда сақланади.

Кураш чоралари. Алмашлаб экиш, ўсимлик қолдиқларини шудгорда кўмиб ташлаш, экишдан олдин уруғликка иссиқ (52-53оС) сув билан 15 мин давомида ишлов бериш, қуритиш ва самарали уруғ дориси билан дорилаш, ўсув даврида бактерицидлик хусусияти бўлган фунгицид пуркаш, фомозга қарши тавсия қилинган чора-тадбирларни қўллаш лозим.

Фомозга қарши кураш чоралари. Олдин сабзи экилган далага сабзини 3-4 йилдан кейин экишни кўзда тутувчи алмашлаб экишни жорий қилиш (энг яхши ўтмишдошлар – эртаги картошка, помидор, пиёз); тупроққа фосфор ва калий ёки фақат калийнинг юқори меъёрини (180 кг/га) киритиш; ортиқча азотли ўғит бермаслик, айниқса мавсумнинг иккинчи ярмида ортиқча азот берилганда илдизмевалар сифати бузилади ва омборхонада сақлаш жараёнида тезда чириб кетади; биринчи йил ҳосили ва уруғлик олиш учун экиладиган далаларни бир-бирига яқин жойлаштирмаслик; уларни экишдан олдин 50-60 соат давомида ивитиш; уруғ олиш учун экилган ўсимликларга ўсув даврида фунгицид пуркаш; омборхоналарга қўйиш учун кечки экин ҳосилини ишлатиш ва соғлом сабзиларни танлаб олиш; йиғилган ҳосилни далада уюмларда ва илиқ хоналарда узоқ сақламасдан, иложи борича тез совутиш ва омборхонага жойлаш; ҳосили узоқ муддат давомида сақлашга мўлжалланган экин даласида ҳосилни йиғиб олишдан 2-3 ҳафта олдин суғоришни тўхтатиш; уруғлик учун ажратилган илдизмеваларга фунгицид пуркаш; сақлаш даврида аниқланган чириган сабзиларни чиқариб, йўқотиш; сабзини сақлашга қўйишдан 15-20 кун олдин омборхона деворлари ва шифтини (10 л сувга 1,5-2 кг оҳак ва 100 г мис сульфат эритмаси билан) оқлаш, хоналарини олдинги маҳсулот қолдиқлари ва бошқа чиқиндилардан пухта тозалаш, хлорли оҳак (10 л сувга 400 г “хлорка”) ёки бошқа бирор дезинфектант билан дезинфекциялаш ва яхши қуритиш; сабзини кўмиш учун фақат тоза, зарарланмаган қум ишлатиш; омборхоналарда тавсия қилинган ҳарорат ва нисбий намликни (0-2oC ва 80-95%) таъминлаш лозим.

Манба:

Б. А. Ҳасанов, Р.О. Очилов, Р.А. Гулмуродов (2009). Сабзавот, картошка ҳамда полиз экинларининг касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент.

Улашиш: