Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Писта боғларини яратиш учун қандай жойлар мақбул?

22/Noyabr/2024 23:52
  1494

Ўзбекистонда денгиз сатҳи устидан (дсу) 600 дан 1300 метр баландликда Чотқол, Ҳисор, Боботоғ, Нурота, Зарафшон ва бошқа тоғ тизмаларининг лалмикор этакларида ўртача йиллик ёғингарчилик миқдори камида 300-360 мм ва ижобий ҳароратнинг йиллик йиғиндиси камида 35000 бўлган шароитларда саноат пистазорларини яратиш истиқболли саналади. Бошқача айтганда, писта иссиқсевар ва ғоят қурғоқчиликка чидамли ўсимликдир.

Дсу 600 метрдан паст баландликда писта дарахтлари лалми ерларда намлик танқислигини сезади ва саноат шаклида бу ўсимликни қўшимча суғоришсиз етиштириш истиқболли эмас. 600-800 метрдан пастликда пистани суғориб етиштириш мумкин, қолаверса, пистанинг ўсиши учун бошқа ўсимликларга қараганда камроқ сув талаб қилинади. 1300 метр дсу дан баланд жойларда писта яхши ўсади, аммо ижобий ҳароратлар етишмаслиги сабабли, айниқса ҳосил шаклланиши ва пишиши даврида (июл-август), мева бериш доимий бўлмайди ва жой денгиз сатҳи устидан қанча баланд бўлса, ҳосил шунча кам бўлади.

Пистазорлар учун рельефи нисбатан текис ва қиялиги 300 дан ошмайдиган, тупроғи чуқур майда донали бўлган кенг майдонларни танлаш мақсадга мувофиқ. Бу тупроқ ғовакли, енгил ёки ўртача бўз тупроқлар бўлиши керак дегани. Бундан ташқари, писта илдизлари сув тўпланиб қоладиган жойларни хуш кўрмайди. Шу сабабли экиш учун шундай жой танлаш керакки, экилган кўчатлар сув тўпланиб қоладиган ёки ерости сувларининг туриш даражаси баланд жой бўлмаслиги лозим. Нишаб, этаклари жуда қия бўлмаган тепаликлар писта экиш учун энг афзал жойдир.

537.jpg (11 KB)

1-расм. Писта боғларини барпо этиш учун мақбул ерлар

Писта, таркибида кальций кўп бўлган тупроқларни хуш кўради. Уни калцийсевар ўсимлик деб аташлари бежиз эмас. Айни пайтда писта бошқа тузлар миқдори кўп бўлган жойларни хуш кўрмайди.

Пистазорлар учун энг яхши тупроқлар юқорида санаб ўтилган талабларга жавоб берувчи бўз (ёруғ, типик, қорамтир) тупроқлардир. Улар Ўзбекистондаги барча тоғ тизималарининг лалми адирларида шаклланади: дсу 500-700 м баландликда – ёруғ бўз тупроқлар, дсу 800-1300 метр оралиғида – типик бўз тупроқлар, 1300-1400 м баландликда – қорамтир бўз тўпроқлар. Лекин писта ўса оладиган жойлар фақат бўз тупроқлар билан чекланмайди – ҳатто маҳсулдорлиги паст, шағалли ва бир қарашдан ярамайдиган ерларда бир вақтнинг ўзида эрозияга қарши ва тупроқни ҳимоя қилиш вазифаларини бажариб, даромад келтириши мумкин.

Писта плантацияларига ажратиладиган ер майдонларини танлашда ўрмонзорларни яратиш ва уларни кейинчалик парвариш қилишда механизацияни иложи борича кўпроқ ишлатиш имкониятини ҳисобга олиш лозим. Келиш йўлларини ташкил қилишга катта эътибор қаратилиши лозим. Йўллар ва келиш йўлакларининг тўғри ташкиллаштирилгани транспорт харажатларини қисқартиради ва ишлаб чиқаришнинг иқтисодий самарадорлгини оширади.

Манба:

Чернова Г.М., Ботман Е.К., Николяи Л.В. ва Туляганов Т.Э. (2014). Ўзбекистон арид турдаги адирларида навлар асосида хандон писта ўрмонзорларини етиштириш бЎйича тавсиялар. Тошкент.

Улашиш: