Антирринум (шер оғзи) гули
Антирринум, шер оғзи — биологик хусусиятга кўра кўп йиллик ўсимлик, лекин ўрта минтақада бир йиллик, Қрим ва Кавказнинг Қора денгиз соҳилларида эса икки йиллик ўсимлик сифатида ишлатилади. Жанубий Европа ва Шимолий Африкадан келтирилган 400 га яқин навлари маълум. Пастак, тупининг баландлиги 15 дан 25 см. гача, ўрта бўйли — 35 дан 50 см. гача (энг кўп тарқалган) ва баланд бўйли — 55 дан 90 см. гача бўлади. Баланд бўйли нав тупи устунсифат бўлади. Оч-яшил пояларнинг асоси кузга бориб ёғочлашади. Барглари йирик эмас, туп яшил рангда, ингичкадир. Гуллари попукка йиғилган. Тўлиқ гуллаш даврида гулли қисми ўсимлик баландлигининг тахминан ярмисини ташкил қилади. Гулларининг ранги тоза, ёрқин, хилма-хил, яъни оқ, сариқ, олов ранг, пушти, қизил ва турли ранг аралашмали. Май ойи охиридан ноябр ойигача гуллайди. Сўлиган гуллар ўсимлик манзарасига бирмунча таъсир кўрсатмайди, шунинг учун гуллагандан сўнг марказий поя олиб ташланади.
Феврал ойида уруғларни яшикларга сепиш билан кўпайтирилади. Диаметри 9 см. тувакларга ёки кубикларга 3 тадан кўчат, шунингдек, яшикка 100 тадан ёки 1 та иссиқхона ромига 500 тадан ўсимлик кўчириб экилади. Совуқлар тугагандан сўнг, очиқ ерга ўтқазилади. Антирринум етарли даражада совуққа чидамли. Қишда ҳам экиш мумкин. Экиш учун масофалар (см. ларда): баланд бўйли навлар — 50, ўрта бўйлилар— 30, пастак навлар — 20 см. бўлади.
Ўсимлик жой танламайди (беор), лекин чириндига бой, механик таркибига кўра ўрта тупроқларда яхши ўсади ва ривожланади. Қуёшли жойни афзал кўрсада, соя жойда ҳам ўсади. Айниқса, қуруқ ва иссиқ вақтда озиқлантириш ва суғориш яхши натижа беради. Айрим ҳолларда кўчатларни искана пайванд қилиш 4-5 жуфт барглари пайдо бўлгандан кейин тавсия этилади. Пастак антирринум ҳимоя ва тувак ўсимлиги сифатида ишлатилади, ўрта ва баланд бўйлиси — кесиш учун, клумбалар, рабаткалар, айвонлар, миксбордерларда қўлланилади. Сувда гул ғунчалари очилади ва 10-12 кунгача сақланади.
Манба:
Бўриев Ҳ., Абдураҳмонов Л., Жононбекова А. (1999). Гулчилик. Тошкент, «Меҳнат».