Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Аччиқ шувоқ (эрмон) ўсимлигини етиштириш технологияси

20/Sentabr/2024 20:32
  1724

Ишлатилиши. Аччик шувоқ ўсимлигининг препаратлари иштаҳа очадиган ва овқат ҳазм қилишга ёрдам берувчи дори сифатида ҳамда жигар, ўт пуфаги ва гастрит касалликларида ишлатилади. Ўсимликдан олинган хамаулен бронхиал астма, ревматизм, экзема касалликлари ва рентген нури таъсирида куйган ерларни даволашда қўлланилади.

Доривор препаратлари. Ўсимликдан дамлама, настойка ва қуюқ экстракт тайёрланади. Ўсимлик иштаҳа очувчи ва ўт ҳайдовчи йиғмалар — чойлар, меъдакасалликларида ишлатиладиган таблеткалар ва аччиқ настойка таркибига киради.

Аччиқ шувоқ ўсимлиги республикамизнинг барча вилоятларида табиий ҳолатда учрайди. Суғориладиган ерларга деярли экилмайди.

Ўсимлик ёруғликни яхши кўрадиган, иссиқсевар, қурғоқчиликка ва ўртача шўрланган тупроқларга чидамли.

Республикамизда тарқалган суғориладиган оч тусли ва типик бўз тупроқларда экиб ўстириш мақсадга мувофиқ бўлади. Аччиқ шувоқ экиладиган майдонларни кузда чириган гўнг ва фосфор ўғити билан озиқлантириб 22—25 см чуқурликда ҳайдаб қўйилади. Аччиқ шувоқ ўсимлигини уруғидан ва илдизидан кўпайтириш мумкин.

Етиштирилиши. Ўсимлик кўп йиллик бўлгани учун у кузда ва баҳорда экилади.

Экишдан олдин кузда ҳайдалган ерларни юмшатиш, тупроқни майин қилиш ҳамда ҳайдалма қатлам ҳавосини алмашинишини яхшилаш учун борона қилинади.

Аччиқ шувоқ уруғини экишга тайёрлаш ва тўлиқ униб чиқишини ҳамда уни парвариш қилишда майин тупроқли юза қатлам ҳосил қилиш мақсадида яна мола босилади.

Эрта баҳорда ўсимлик экиладиган ерлар текисланиб, бегона ўтлар қолдиқларидан тозаланади. Аччиқ шувоқ уруғларини март ва апрель ойларининг бошларида тупроқ ҳарорати 12—15°С бўлганда қатор оралари 60 см қилиб трактор сеялкаларида тупроқ юзасига экилади. Уруғлари жуда майда бўлганлиги учун уни қуриган гўнг ёки қумга аралаштириб экиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳар бир гектар майдонга ўртача 1,5—2 кг уруғ сарфланади.

Аччиқ шувоқни кузда ҳам экиш мумкин. Уруғлар экилгандан кейин майсалар униб чиқмасдан олдин далани кўндалангига культивация билан букетировка қилинади.

Уруғларнинг бир текис униб чиқиши учун далалар бегона ўтлардан тозаланиши ва тупроқнинг намлиги етарли бўлиши лозим. Аччиқ шувоқнинг уруғлари экилгандан сўнг 20—22 кунда униб чиқади. Ердан униб чиқадиган майсалари жуда майда бўлганлиги сабабли бегона ўтлар орасида қолиб кетмаслигини инобатга олиб қатор ораларини 8—12 см чуқурликда юмшатилади.

Аччиқ шувоқ ўсимлигидан сифатли ва кўпроқ хомашё етиштириш мақсадида биринчи йили парваришни юқори савияда ўтказиш талаб қилинади.

Вегетация давомида ўсимлик экилган ерлар бегона ўтлардан тозаланиб турилиши ва тупроқнинг ҳайдалма қатламининг зичлиги 1,30—1,35 г/см гача сақлаб турилиши, унинг илдизини мўътадил ривожланишига имконият яратилади. Ўсимликнинг майсалари жуда нозик бўлганлиги учун баҳорда ёққан ёмғирлар натижасида ҳосил бўлган қатқалоқларни юмшатиш керак бўлади.

Биринчи йили ўсимликнинг илдиз юқорисида тўпбарглар ва 1—5 та поялар, кейинги йилларда эса 25—30 тагача поялар пайдо бўлиб, ўсимлик гуллайди ва ҳосил беради.

Ўсимликнинг шоналаш фазаси 35—45 кун давом этади. Аччиқ шувоқ ўсимлигини вегетация давомида 5—6 марта ораларига ишлов берилади. Биринчи озиқлантиришни майсалар униб чиққандан кейин гектарига 25 кг дан азот ва калий ўғити бериш билан бошлаш лозим бўлади.

Иккинчи озиқлантириш шоналаш даврида гектар ҳисобига 30 кг азот ва 20 кг фосфор ўғити бериш билан амалга оширилади. Бунда ўсимликнинг ўсиши ва ривожланиши тезлашади. Охирги озиқлантиришни ўсимлик ёппасига гуллаганда 30 кг азот ва 25 кг калий ўғити бериш билан тугатилади. Ўсимликни озиқлантиришда ўғитларни тупроққа киритиш чуқурлиги 10—12 см бўлиши тавсия қилинади. Аччиқ шувоқни озиқлантиришни суғоришдан олдин амалга ошириш лозим. Мавсум давомида ўсимликни биринчи йили 5—6 марта суғориш тавсия этилади.

Агротехник тадбирлар юқори даражада ўтказилса аччиқ шувоқдан гектар ҳисобига 8—10 центнер сифатли хомашё ва 2 центнергача уруғ олиш мумкин бўлади.

Маҳсулот тайёрлаш. Ўсимлик гуллашидан олдин ёки гуллаш даврида фақат илдизолди барглари тайёрланади. Гуллаганда эса поянинг учидан 25—30 см узунликда ўриб олинади. Йиғилган маҳсулотлар соя, ҳаво кириб турадиган жойда ёки чердакларда қуритилади.

Манба:

1.     Б. Ё.Тўхтаев, Э.Т. Ахмедов, А.Туракулов (2017). Доривор ўсимликларни етиштиришнинг инновацион технологиялари модули бўйича ўқув-услубий мажмуа. Тошкент.

2.     moodle.pharmi.uz

Улашиш: