Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Соя ҳосилдорлигини ошириш тадбирлари

20/Sentabr/2024 21:24
  1092

Бу ўсимлик иссиқликка талабчан, уруғларининг уна бошлашида 15-18°C ҳарорат, майса ҳосил бўлиши учун 20-22°C ҳарорат муқобил ҳисобланади. ўсимлик ҳаво ҳарорати 38-40°C бўлгунча ўсади. Энг эртапишар навлар учун фойдали ҳарорат йиғиндиси 1600-1700°C, эртапишар навлар учун 2000-2200°C, кечпишар навлар учун эса 2800-3000°C. Кузда паст ҳарорат (-2-2,5°C) ўсимлик учун зарарсиз, -4-5°C да ўсимлик ва уруғлари совуқдан зарарланади. Соя намга талабчан ўсимлик, шунинг учун ҳам Ўзбекистонда асосан суғориладиган майдонларда экилади. Ўсув даврининг бошида илдизлари жуда тез ўсади, ер устки қисми эса суст ривожланади. Соянинг транспирация коэффисиенти 400-600 га тенг. Гуллаш ва уруғларнинг тўлишиш даври намга бўлган талабига кўра критик давр ҳисобланади. Соя сувга талабчан бўлсада, уни меъёридан ортиқ суғориб бўлмайди. Сизот сувлари ўта яқин бўлса, поялари нимжон, ингичка, кам ҳосил бўлади.

Соя ёруғликка талабчан қисқа кунли ўсимлик аммо эртапишар навлари куннинг узайишидан унчалик таъсирланмайди. Ўсимлик қисқа кунда етиштирилганда, гуллаш фазаси тез бошланади. Ўзбекистонда, соя ўсимлиги учун зарур бўлган ёруғлик етарли бўлгани учун ҳосилдорлик юқори бўлади. Соя унумдорлиги турлича бўлган тупроқларда ўсаверади.

Механик таркиби оғир соз тупроқларда уруғларининг униб чиқиши бирмунча кечикади, механик таркиби енгил, унумдор, ғовак чириндиларга бой тупроққа экилганда, ҳосилдорлиги албатта юқори бўлади. Бир центнер соя дони олиш учун 4-5 кг азот, 2,3-2,5 кг фосфор ва 3,5-3,7 кг калий сарф бўлади. Соянинг Дўстлик, Орзу, Ўзбекская 2, Ўзбекская 6 навлари иқлимлаштирилган.

Республикамиз шароитида гектаридан ўртача 28-30 с дон ҳосили беради. У ўртапишар бўлиб, маҳаллий яшил уруғли навдан танлаш усули билан олинган, дон учун экилади. Ўсув даври 125-130 кун. Пастки дуккаклари 12-16 см баландликда жойлашган. Шохланиши ўртача барглари жуда кўп, гули оқ дуккаклари япалоқ силиндрсимон, учи ўткир, дони сариқ бўлиб, унда қора доғларни кузлатиш мумкин. Минг донаси 130-160 грамм келади. Пишган вақтида дуккаклари ёрилиб кетмайди. Донининг таркибида 38% оқсил ва 24% мой бор.

Бу ўсимлик дуккаклилар оиласига мансуб бўлганлиги учун ўзи ва кўпгина ўсимликларга яхши ўтмишдош ҳисобланади. Маълумки, ҳамма минтақаларда соя кечи билан сентябрнинг охирида пишиб етилади, октябр ойида эса кузги дон экинларини экиш муддати бошланади. Соя учун кузги дон экинлари, ғўза, картошка, жўхори, шоли ва бошқа қатор ораси ишланадиган экинлар энг яхши ўтмишдош ҳисобланади. Соя майдонларига уруғлар нитрагинлаб экилган бўлса, гектарига соф ҳолда 60-90 кг фосфорли, 90-100 кг калийли ўғитлар солиш лозим. Ўрта ҳисобда   15-20 тонна органик ўғит берилади. Уруғлар нитрагинсиз экилса, экиш билан бирга 30-40 кг миқдорда азот ҳам берилади.

Андижон вилоятида ўтказилган тажрибаларда соя ва буғдой бир-бири учун энг яхши ўтмишдош эканлиги исботланди. Ғўза, шоли, буғдой, маккажўхори ва бошқалар соя учун яхши ўтмишдош бўлади. Тошкент вилояти ўрта Чирчиқ туманида ўтказилган тажрибаларга кўра, соядан кейин экилган шолининг ҳосилдорлиги гектарига 20-30% га ошганлиги кузлатилди, Наманганда соядан кейин пахта ҳосили 12-14 центнерга га ошди.

Соя экилган майдонларга фосфорли, калийли ўғитларни албатта бериш лозим. Фосфорли ўғит тупроқ шароитига қараб 60-90 кг (соф), калийли ўғитлар 90-100 кг миқдорда берилади. Азотга бўлган талабини бу ўсимлик асосан илдизидаги тугунак бактериялар эвазига қондиради. Аммо дастлабки ўсув даврида соя майсалари учун азот керак. Бир гектардан олинган 20 ц соя дони учун гектаридан 142 кг азот, 32 кг Р205 ва 35 кг К20 сарф бўлади.

Ерни ишлашдан мақсад, тупроқнинг юза қисмини бегона ўтлардан тозалаш, бутун ўсув даврида ўсимликнинг асосий илдизлари жойлашган қисмини ғовак ҳолда ушлаб туриш ва тупроқнинг ҳаво, намлик иссиқлик ва озиқ режимини яхшилашдир. Соя экиладиган ер кузда чуқур  (25-27 см) шудгорланади. Шу вақтда ҳам гектарига 45 кг фосфор ва 12- 15 т органик ўғит берилиши лозим. Ана шу ишлар бажарилганда, тупроқ яхши юмшаб илдизлар тупроққа яхши киради ва озиқ моддалар ҳамда намликни яхши ўзлаштиради. Баҳорда экишдан олдин бегона ўтларга қарши курашиш учун албатта культивация қилинади. Намликни сақлаш учун борона юрғизилиб, мола босилади. Экишга қадар прометрин, трафлин ёки базагран каби гербицидларни пуркаш яхши самара беради.

Юқори ҳосил олиш учун экишнинг қулай муддатларини белгилаб олишдир. Бу муддатда уруғларнинг униб чиқиши учун тупроққа иссиқлик ҳаво режимлари қулай бўлиши керак. Ўтказиладиган тажрибалардан сояни экиш учун республикада тупроқ ҳарорати 14-16 даража бўлиши энг қулай муддат ҳисобланади. Лекин сояни тупроқ ҳарорати 10-12 С бўлганда экишга киришиш лозим. Экишдан олдин албатта уруғлар нитрагинланади. Бунинг учун бир гектарига 200 г нитрагин кукуни қулланилади.

Тупроқ ҳарорати энг асосий кўрсаткичлардан бири. Тупроқ яхши қизимаган бўлса, уруғ чириб кетиши мумкин ёки замбуруғли касалликлар пайдо бўлади, унувчанлик пасаяди, майсалар сийраклашади, бегона ўтлар кўпаяди. Сояни бизда такрорий экин сифатида ҳам экиш мумкин, бу вақтда июл ойининг 10 кунигача эртапишар навларни танлаб экиш мумкин. Соя асосан кенг қаторлаб 60-70 см кенгликда экилади, қатор оралари ишланиб суғоришга мос бўлиши керак. Озуқа учун экилганда, тор қаторлаб экиш мумкин ёки экиш меъёри кўпаяди. Гектарига туп сони кўп бўлиши керак.

Ўсимликнинг экиш меъёри нав хусусиятига, фойдаланиш мақсадига боғлиқ. Кечпишар навларнинг озиқланиш майдони кам бўлгани учун экиш меъёри камроқ 350-370 минг дона уруғ, эртапишар навлар учун эса 450-470 минг дона уруғ ташланади. Экиш чуқурлиги 4-5 см дан ошмаслиги керак, уруғлар жуда чуқур ташланса, уруғ палла баргларини кўтариб чиқиш қийинлашади. Экиш асосаи СПЧ6 русумли румин, СОН2,8 русумли сабзавот сеялкалари билан бажарилади. Парвариш қилишда майсалар ҳосил бўлгунча ерни қатқалоқ босса, дарҳол борона қилинади. Бороналаш икки марта ўтказилиши керак.

Ўсимликлар иккинчи ва учинчи чинбарг ҳосил қилганда, биринчи культивация ўтказилади, кейинчалик бу иш 2 ёки 3 марта такрорланади. Тупроқ иқлим шароити ва нав хусусиятларига қараб, 3-5 марта суғорилади. Суғориш меъёри 800-900 м3 бўлади, ёмғирлатиб ҳам суғориш мумкин. Бу ерда суғориш меъёри 500-700 м3 ни ташкил қилади.

Уруғлар тўлиқ пишиб етилганда, дуккаклар қўнғир тусга кириб, донлар қотиб қолади, Бу вақтда барглар табиий равишда тўкила бошлайди. Соя дони бевосита СК4, СК5 ёки Кейс комбайнларида йиғиштирилади. Дон тушувчи ва чизувчи зазорлари кенгайтирилади, хуллас комбайн соя ўриш учун мослаштирилади. Соя дони қуруқ ва шамол ўтиб турадиган хоналарда яхшилаб сақланади, уруғлар баланд ёмон жойга қуйилмаслиги керак акс ҳолда донлар бузилиб қолади.

Манба:

Суллиева С.Х., Соатова З. (2018). Соя ҳосилдорлигини оширишда минерал ўғитларнинг ўрни. Мойли экинларни етиштириш ва қайта ишлаш:  ҳозирги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари мавзусидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари тўплами. Тошкент, 71-72 б.

Улашиш: