Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Турли мавсумларда помидор етиштиришнинг ўзига хос хусусиятлари

23/Noyabr/2024 22:28
  1403

Кузги-қишки мавсум.  Алмашлаб экишнинг ушбу турида помидор ҳосили ноябрда пишиб етила бошлайди. Бу очиқ - табиий ҳолатда етиштириладиган помидор ҳосилининг тугаш даврига тўғри келади. Қишки иссиқхоналарда кўчатни августнинг охирида ўтқазиш энг яхши муддат ҳисобланади. Кузги-қишки экиш даври январнинг бошида тугайди.

Ушбу турдаги алмашлаб экишда ярим детерминант навларидан фойдаланилади. Бунда ўсимлик озиқланадиган майдон қишки-баҳоргига нисбатан бир мунча кичик бўлиши лозим. Кўчат экишнинг иккита схемаси қўлланилади: Бир қаторлида кўчатлар оралиғи 70х35 ёки 80х30 см ва икки қаторлида эса  ўлчамларда бўлади. Ҳар икки ҳолда ҳам 1 м2 юзага 4 дона ўсимлик кўчати тўғри келади. Кузги-қишки алмашлаб экишнинг бошланишида ҳароратнинг ортиши алоҳида кузатилади, бунда ҳароратнинг  30 0С дан кўтарилишига йўл қўймаслик керак. Исиб кетишдан сақланиш учун иссиқхона томи оқланади. Иссиқхонада ҳаво ҳарорати октябрь-ноябрь ойларида, қуёшли кунларда 25-28 0С, булутли кунларда – 18-20 0С, тунги соатларда эса 16-18 0С оралиғида бўлиши лозим. Тупроқ ҳарорати 15-17 0С оралиқда сақланади. Декабрь ойида, кун қисқариши ва унинг оқибатида табиий ёруғликнинг камайишини ҳисобга олиб, иссиқхонадаги ҳарорат кундуз кунлари аста-секин 18-20 0С гача, кечаси эса 15-16 0С гача пасайтирилади. Ҳавонинг нисбий намлиги иложи борича энг кичик қийматларда, аниқроғи 60 % дан катта бўлмаслиги керак. Қатор оралари 2-3 марта юмшатилади, ўсимлик эса чопиқдан чиқарилади.

Август-сентябрь ойларида ўсимликни суғориш тез-тез такрорланади, лекин, кейинчалик ойига 2-3 мартагача камайтирилади. Бироқ, бунда тупроқнинг намлиги 70 % дан камайиб кетмаслиги керак.

Ҳосилни йиғиб олиш ноябрнинг ўрталарида бошланиб, январнинг ўрталарида тугайди. Охирги муддатларда ҳам пишиб етилмаган ҳосил бўлса, ўсимлик илдизи билан суғуриб олиниб, осиб қўйилади ва бу билан ҳосилнинг етилишига шароит яратилади.

Қишки-баҳорги мавсум. Ўзбекистонда помидорни алмашлаб экишнинг бу тури кузги-қишки бодринг ўрнида амалга оширилади. Мазкур турда бошқа турларда экиладиган барча навларни қўллаш мумкин.

Помидорнинг 50-55 кунлик кўчатларини экишнинг энг мақбул муддатлари декабрнинг охири ва январнинг биринчи ярмига тўғри келади. Кўчат етиштириш учун уруғни тупроққа 10-15 ноябрда экиш зарур. Униб чиққан кўчатлар гўнг ва чиринди аралашмаси солинган 8х8х8 дан 14х14х14 см ўлчамлардаги идишлар ёки тувакчаларга кўчириб ўтказилади ёки уруғ уларга тўғридантўғри экилиши ҳам мумкин.

Мазкур мавсумда экишда ўсимликлар анча катта тўйиниш майдонларига эга бўлади.

Кўчатлар экилгач, улар 23-25 0С ҳароратдаги сув билан суғорилади. Иссиқхонада, ёруғликнинг кам бўлиши шароитида, ҳосил тугиши бошлангунча, ҳарорат кундузи қуёшли кунларда 22-24 0С, булутли кунларда – 18-20 0С, кечаси эса 16-17 0С бўлиши керак. Ҳосил тўлиша бошлаши ва ёруғликнинг ортиб бориши билан ҳарорат кундузи, қуёшли кунларда 24-26 0С гача, булутли кунларда – 20-22 0С гача, кечаси – 17-18 0С гача кўтарилиши мумкин. Баҳорги-ёзги даврда ҳароратнинг 32 0С дан ортиб кетиши помидор учун жуда хавфлидир.

Мазкур ҳолатларда вентиляция кучайтирилади ва тетиклантирувчи суғориш амалга оширилади, баъзан соя берувчи тўрлардан фойдаланилади. Натижада ҳавонининг нисбий намлиги 60-70 %, тупроқнинг оптимал намлиги эса 75-80 % атрофида сақлаб турилади. Қиш вақтларида суғориш ҳар 6-8 кунда ўтказилади. Бунда 5-7 л/м2 меъёрга амал қилинади. Қуёшли кунлар бошланиши билан суғориш муддатлари оралиғи қисқартириб борилади. Май ва июнь ойларида суғориш ишлари ҳар 2-3 кунда, 10-12 л/м2 меъёрга амал қилган ҳолда, ўтказилади. Ҳар бир суғоришдан сўнг иссиқхона шамоллатилади. Агар намлик бир хил бўлмаса ёки у етишмаса, помидор гуллари ва боғламалари тўкилиб кетади, ҳосил ёрилиб, унинг учидан чириш бошланади.

Қишки-баҳорги экишда ўсимликлар тез ўсади ва ривожланади. Шунинг учун тупроқ тўйинтирувчи элементларга бой бўлиши керак. Ўсимликнинг кучли тўйиниши асосан март-май ойларида бўлиши лозим. Уларни илдиздан озиқлантириш ҳар 10-12 кунда, тупроқдан озиқлантириш эса 25-30 кунда амалга ошрилади.

Бундан ташқари, қишки-баҳорги экишда ўсимликларни парваришлаш, уларнинг чангланишини яхшилаш мақсадида, шохларини тебрантириб ёки силкитиб қўйишни, тупроқни юмшатишни, зараркунадалар ва касалликларга қарши курашни ва бошқаларни қамраб олади. Ўсимликлар ўзларига ажратилган майдонларни бирданига эгаллаб олмайди. Бундан фойдаланиб, қаторлар оралиқларига редиска ва бошқа тезпишар кўкат экинларини экиш ва шу йўл билан ердан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Қишки-кузги экилган помидорлар, кўчат экилгандан сўнг, тахминан икки ойдан кейин ҳосил бера бошлайди. Улар тўла пишиб етилмасдан, қўнғир-сариқ ранглигида териб олинади. Ҳосил баҳор вақтларида ҳар 2-3 кунда, ёзда эса ҳар куни  териб олинади. Ҳосилни териш жараёнида улар бир йўла  сараланади.

Ўтувчи мавсум. Экишнинг бу турида 30-40 кунлик кўчат сентябрь ойининг иккинчи ярмида тупроққа ўтқазилади. Экин экиш келгуси йилнинг июнигача давом этади. Ҳосилни териб олиш декабрнинг дастлабки кунларидан бошланади.

Бу экиш тури учун индетерминант навлар ва гибридлардан фойдаланилади. Баъзан иссиқхона хўжалиги кўчатларни экишни бир мунча кечроқ – октябрнинг иккинчи ярмида амалга оширади. Лекин, бундай ҳолатларда анча етилиб қолган 50-55 кунлик кўчатлардан фойдаланилади. Шунда ҳосилни териб олиш Янги йил байрами арафасида бошланади.

Помидор ўсимлиги куздаёқ ҳосил туга бошлайди ва бу жараён узлуксиз равишда қишда ҳам давом этиб, ёзгача чўзилади.

Кузги-қишки экиш давридаги каби, ўтиш даврида ҳам ўсимликлар декабрь ва январь ойларидаги ҳосилни кузги даврда тўпланган озуқаларни ассимляция қилиш ҳисобига беради. Ўтиш давридаги экинларнинг асосий мақсади - улардан қиш ойларида ҳосил олишдир. Ҳосилдорлик унча катта бўлмасада, бундай экиш тури амалётда кенг қўлланилади, чунки нисбатан оз туйилган ҳосил юқори нархларда сотилади.

Бошқа экиш турларига қараганда, ўсимликларда тўйиниш майдони катта бўлади. Бу турда ернинг 1 м2 юзасига ўртача 2,5-2,7 туп кўчат экилади. Экишда қаторлар ёки қўш қаторли лента усуллари қўлланилади. Уларнинг иккинчисида кўчатлар 80х40-50 см ёки  см ўлчамларда экилади.

Мазкур экиш турида ўсимлик ягона пояни шакллантиради. Экиннинг ривожланиш жараёни июннинг охирида тугайди. Бу вақт мобайнида ўсимликда 20 тагача ва баъзан ундан ҳам кўп шохлар пайдо бўлади. Январнинг ўртасида ўсимлик ўсиб, сим шпалергача етиб боради. Бу вақтда улар симдан ажратиб олиниб, поянинг баргсиз қисми тахтачалар устига ёки тўғридан-тўғри тупроққа ётқизилади. Кўпинча поя туширилгач, унинг устига тупроқ сепилади. Айни пайтда поя туширилиб, лентадаги ўсимликларнинг ўрни “+” шаклида ўзаро ўзгартирилади ва уларнинг ҳар бири бошқа-бошқа ипларга боғланади. Поянинг  қаторлар орасига жойлаштирилган баргсиз қисми тупроқ билан кўмилади. Натижада ўсимликлар янги илдизлар ҳосил қилади ва ўсиш жараёнлари учун қўшимча қувват олади.

Ўсимликларни февралнинг бошларигача парваришлаш, кузги-қишки экиш тури билан мос келади. Иссиқхоналарда февраль-март ойларида ҳароратни бироз кўтариб, уларни озиқлантириш ва суғориш ишлари кучайтирилади, иссиқхона ҳавоси карбонат ангидрид гази билан бойитилади. Экинларни озиқлантириш, улар пишиб етилишидан 1,0-1,5 ой олдин тўхтатилади.

Баҳорги-ёзги мавсум. Помидорлар баҳорги-ёзги экиш турида иситилмайдиган плёнкали иссиқхоналарда етиштирилади. Бунда уларнинг детерминант навлари ва гибридларидан  фойдаланилгани маъқул. Ушбу навлар ва гибридлар эрта ҳосил бера бошлайди ва қисқа вақт давомида ёппасига пишиб етилади.

Кўчатлар мартнинг ўрталарида экилиб, унинг ҳосили апрелнинг охирги ўн кунлигида пишиб етила бошлайди. Ҳосилнинг катта қисми май-июннинг биринчи ярмида териб олинади. Ҳосилни йиғиб олиш июннинг охирида якунланади.

Плёнкали иссиқхоналарда кўчатлар тупроққа қаторлар усулида, 70х35-40 см ўлчамларда ёки қўш қаторли лента усулида экилади. Бунда ленталар орасидаги масофа 80-90 см, лентадаги қаторчалар ораси – 50-60 см, қаторчалар оралиғи эса 20-25 см бўлади.  Бир туп помидор бир ёки икки пояни ҳосил қилади. Плёнкали иссиқхоналарда ўсимликларни парваришлаш тадбирлари ҳароратни кундуз кунлари 25-27 0С, кечқурунлари 14-16 0С ва ҳаво намлигини, вентиляция ёрдамида, 60-70 % атрофида сақлаб туришни, ўз вақтида суғориш ва озиқлантиришни, ерни 3-4 марта юмшатишни зараркунандалар ва касаллиикларга қарши курашиш ва бошқаларни қамраб олади.

Манба:

Асатов Ш.И. (2016). Қорақалпоғистон  Республикасининг шимолий туманларидаги тупроқли иссиқхоналарда сабзавот экинларини  етиштириш технологияси бўйича тавсиялар. Baktria press.

Улашиш: