Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қуёнчилик: харажати оз, даромади соз

21/Noyabr/2024 22:58
  1969

Халқимизда бир ҳикматли гап бор: «Деҳқончилик бир йилда, чорвачилик қирқ йилда». Яқинда хоразмлик бир иш­билармон кишидан буни янада янгича вариантини эшитиб қолдим: «Қуёнчилик — қирқ кунда!»

Дарҳақиқат, қуён боқиш бу­гунги кунда мамлакатимиздаги энг сердаромад соҳалардан би­рига айланиб бораётгани бежиз эмас. Гўшти ва терисининг харидорбоплиги, етиштириш шарт-шароитининг осонлиги ва катта харажат талаб этмаслиги қуёнчилик билан шуғулланиш истагида бўлган киши учун айни муддао. Мана шунинг учун ҳам қуёнчилик чинданда истиқболли тармоққа айланмоқда.

Маҳсулот бериши

Олинадиган маҳсулотга қараб, қуёнлар икки гуруҳга ажрати­лади.

Биринчи гуруҳ — гўшт ва териси учун боқиладиган қуён зотлари. Булар оқ великан, кулранг великан, шиншилла, капалаксимон, олмахонсимон, кумушсимон, қора қўнғир, вена зангори ва бошқалардир. Гўшти юмшоқ бўлади, ёғ ва холестерин кам. Тиббиётда аллергия, ги­пертония, ошқозон-ичак, меъда, ўт-пуфак, жигар касалликларини даволашда ишлатилади. Оқсил моддасига эҳтиёжи юқори бўл­ган мактабгача ёшдаги болалар, ўсмирлар, эмизикли аёллар, кекса ёшдагилар учун жуда фой­дали, парҳезбоп.

Иккинчи гуруҳ — тивит берадиган қуёнлар. Ангор, оқ момиқ, киров зоти шулар жум­ласидан. Бу гуруҳ вакиллари кам тарқалган ва гўштдорлик кўрсат­кичи паст. Мўйна толаларининг деярли 95-98 фоизи тивитдан иборат. Битта вояга етган қуён­дан 1 килограммгача тивит олиш мумкин.

Ҳозир мамлакатимизда уй ша­роитида қуёнларнинг оқ великан, кулранг великан, оқ момиқ ва ангор зотлари кўпайтирилмоқда.

Парвариши

Тўғри парваришлаш — маҳ­сулдорлик гарови. Қуён тез етилиши, серпуштлиги, жадал ўсиши билан ажралиб туради. Бўғозлик даври 29-31 кун (кўр­саткич турли манбаларда турли­ча келтирилади). Урғочи қуёнлар 4-6 ойлигидан бошлаб насл бериши мумкин. Наслчиликда эса 8 ойлик қуёнлардан фойда­ланиш мақсадга мувофиқ. Битта қуёндан бир йилда 50-60 та бола олиш мумкин. Бу эса йилига ҳеч бўлмаганда 70-80 килограмм гўшт, 50 дона тери дегани. Қуён­лар 4-4,5 ойлигида гўштга тайёр бўлади. Тўғри рацион асосида боқилса, бу муддатда уларнинг тирик вазни ўртача 3-4 кило­грамм тош босади.

Янги туққан қуёнларни бир кеча-кундузда 4-5 марта озиқлан­тириш зарур. Улар, асосан, кўк озиқалар: кўк беда, маккажўхори, қоқи ўт, қўйпечак, полиз экинлари­нинг барги, олма, сули ва арпани хуш кўриб ейди. Қўшимча тарзда картошка, сабзи, лавлаги, нўхат кабиларни қўшиб бериш мумкин. Лекин пиёз ва саримсоқ (аччиқ нарсалар) бериб бўлмайди. Уларни қафасда сақлаган маъқул. Хонаки қуёнлар 5-12 йил яшайди.

Касалликлари

Қуёнлар ўта иссиқ ҳарорат, намлик ва кучли шамолни ёқ­тирмайди. Уларни юқумли ва бошқа касалликлар: совуқ ва қуёш уриши, юқумли стома­тит, сил, лишай, пастериллиоз, кок­цидиоз, фасцилёз кабилардан ҳимоя қилишга жиддий эътибор бериш зарур.

Санитария

Қуёнхона ва катакларни мунтазам тозалаб туриш лозим. Йилда икки марта, айниқса, ёғингарчилик кўп бў­ладиган ойларда (куз, баҳорда), шунингдек, хўжаликда юқумли касаллик вужудга келганда дез­инфекцияланади. Бунда дезин­фекция воситаларининг 1 литри пол ва деворларнинг 1 метр квадратига сарфланади.

Дезинфекция воситаларини тайёрлаш усуллари:

2 фоизли формалин — 1 стакани 1 челак совуқ сувда эритилади;

2 фоизли ўткир натрий — 200 грамми 1 челак иссиқ сувда эритилади;

каустик (ўткир) сода — 200 грамми 1 челак иссиқ сувда эритилади;

кул суви (ишқорли сув) — 2 килограмм ёғоч кули 1 челак иссиқ сувда эритилади. Ушбу эритма 2 соат қайнатилгач, тин­дирилади. Кейин сув 4 челак сувда аралаштирилади ва такрор қайнатилади ҳамда қайноқ ҳолда ишлатилади;

хлорли оҳакнинг 1, 2 ва 5 фоизли эритмаси — ёғоч анжом­лар, катакларнинг ёғоч қисмлари ва ҳудудни дезинфекциялаш учун қўлланилади.

Харид

Боқиш учун 2-3 ойлик ёш қуёнлар харид қилинади. Насл олиш учун эркак қуён ҳам айни шу зотдан, ёши урғочи қуёндан 2-3 ой катта, жуссаси йирикроқ бўлиши, лекин урғочи қуёнга қариндош бўлмаслиги лозим. Янаям яхшиси, бошқа хўжа­ликдан харид қилган маъқул. Унутманг, соғлом қуён ҳеч қачон озғин бўлмайди!

Тумшуқчаси ҳўл, қулоқ ча­ноқлари нотоза, думи ости ифлос қуённи ҳам олманг. Бўйнидан ушлаб кўтарилган соғлом қуён эластик пружинани эслатади. Касалманд ва заиф қуён эса, шалпайиб осилиб туради.

Яхши шароит керак

Матназар ХОЛМУРОДОВ,

Янгиариқ тумани, қуёнбоқар

— Ўн беш йилдан бери маҳаллий зотга мансуб оқ, қора ва кулранг қуён боқаман. Бу ишда, аввало, уларнинг кўпайиши жараёнига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бозорда бир зотли урғочи ва эркак қуёнларни бошқа-бошқа кишилардан харид қилган маъқул. Болалайдиган она қуёнга алоҳида ша­роит яратиб бериш лозим. Бегона қуёнлар ва эркагининг кўзи тушмайдиган жой бўлиши керак. Айрим ҳолларда она қуён ўзига шароит яратиш учун ерни кавлаб, кириб кетади. Ўша қоронғи жойга тивитидан тўшаб, устига 8-12 та қип-қизил гўшт ва туксиз бола туғади. Она қуён вақти-вақти билан ини­дан чиқиб, озиқланади ва уясига кириб, болаларини эмизади. Бу жойга бегона қуён, эркаги ёки одамлар яқинлашмагани маъқул. Ҳатто, инига қўл тиқмаслик керак. Чунки инига қўл тиққан инсон, истайдими-йўқми, у ерда ўз ҳиди ва микроб­ларини қолдиради. Натижада, она қуён боласини эмизмай қўяди.

Она қуёндан йилига 3-4 марта насл олиш мақсадга мувофиқ. Тўғри, улар 5-6 мартагача ҳам насл бериши мумкин. Аммо тез­тез болалайдиган она қуён организми нимжонлашиб, олинади­ган насли камайиб кетади. Нимжон онадан эса турли касаллик­ларга чалинувчан нимжон қуёнчалар туғилади.

Қуёнхонанинг тозалигига, айниқса, битлаб ёки каналаб кетмаслигига алоҳида эътибор қаратиш керак.  Шундай ҳолат кузатилганда уларни битталаб, офтобда тозалаб, кейин янги жойга кўчирамиз. Эски жойи эса дезинфекция қилиниб, бузиб ташланади. Қуёнхонага қуёш нури тушиб туриши мақсадга мувофиқ. Аммо унинг усти очиқ бўлмасин ва қуёш нури тиғиз тушмасин. Сабаби, уларни офтоб уриб, касалланиб қолиши мумкин. Бундан ташқари, кун қизиб кетганда жонивор сояда ётиши керак. Катта жой ўралиб парваришланганда эса қуёнлар сояда паналайдиган жойлар бўлгани яхши. Қуён парвариш­ланадиган жой қоронғи ва зах бўлса, турли зараркунандалар кўпайиб, касалликлар авж олади.

Нурпўлат Нурқулов тайёрлади.

Манба: “Оила даврасида” 


Улашиш: