Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Карам ва бошқа сабзавот кўчатларини тайёрлаш

23/Noyabr/2024 22:20
  1198

Томорқада сабзавот етиштиришдаги муҳим вазифаларидан бири бу – кўчат қилиб экиладиган сабзавотлар – эртаги карам, помидор, ширин (аччиқ) қалампир ҳамда бақлажон сингари экинлар кўчатларини сифатли тайёрлаш ҳисобланади.

Кўчатлар плёнкалик иссиқхоналарда ўстирилади. Иссиқхона майдонининг 40 фоизи дала тупроғи, 40 фоизи чиринди, 20 фоизи эса қипиқ, шоли шулхаси ёки қумли аралашмадан иборат бўлиши лозим.

Эртаги сабзавот кўчатларини етиштириш жараёнида асосан икки хил тадбир амалга оширилади. Биринчиси уруғ сепиб, ниҳол олиш, иккинчиси эса ниҳолларни 12–14 кундан кейин кўчириб бошқа жойга экиб, парваришлашдан иборат. Иссиқхоналарга солинадиган озиқали аралашма қалинлиги ниҳол тайёрлаш учун 10–12, кўчириб экиладиган иссиқхоналарда эса 18–20 см. дан кам бўлмаслиги керак.

Сабзавот ниҳоллари етиштириладиган, иситиладиган плёнкалик иссиқхонанинг 10 сотихлик майдонига 10–12 см қалинликда 100–120 м3 миқдорда озиқли аралашма солиниши лозим.

Республикамизда карамнинг эртапишар чет эл дурагайларидан Фарао, Парел, Балбро, Бурбон, Назоми ҳамда маҳаллий ўрта ва кечпишар Термиз–2500, Тошкент–10, Саратони, Ўзбекистон судьяси, Шарқия каби серҳосил дурагайларини экиш тавсия этилади.

Сифатли ва соғлом кўчат тайёрлашда уруғларнинг аҳамияти жуда катта. Экиш учун униб чиқиш хусусияти юқори, бегона ўт ҳамда навлар аралашмасидан ҳоли, биринчи туркумга мансуб уруғлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Уруғларнинг тўлиқ униб чиқишини таъминлаш учун дастлаб уларни саралаб, сўнгра экиш тавсия этилади. Бунда экиладиган уруғ миқдорига мос идишда 3–5 фоизли ош тузи эритмаси тайёрланиб, ушбу эритмага карам уруғлари 1 соат давомида солиб қўйилади. Натижада пуч ва сифатсиз уруғлар эритманинг юза қисмига қалқиб, тўқ, сифатли уруғлар эса эритма остига чўкади. Эритма юзасидаги уруғларни олиб ташлаб, эритма аста тўкилади, эритма остига чўккан уруғларни тоза сув билан 2–3 маротаба ювиб, сўнгра ёйиб қуритилади.

Саралаб олинган уруғлар экилганда, ердан тез униб чиқиши учун уларни намлаб ҳамда ниш ундириб экиш усулларини ҳам қўллаш мумкин. Намланган ва ундирилган уруғларни аввал шамоллатиб сўнгра экиш тавсия этилади. Ҳар 10 сотих очиқ майдонга экиш учун етарли миқдорда карам кўчати тайёрлаш учун 35–40 грамм ҳисобида уруғ сарфланади. Ниҳол олиш учун карам уруғларини экиш чуқурлиги 0,5–1 см. дан ошмаслиги керак, акс ҳолда уруғларнинг униб чиқиши кечикади.

Карам уруғлари экилиб, майсалар тўлиқ униб чиққунча иссиқхона ҳарорати 18–20 оС, майсалар униб чиққач 5–7 кун давомида ҳарорат 6–10 оС атрофида бўлиши таъминланса, майсаларнинг илдизи яхши ривожланади. Кейинги парваришлаш даврида ҳарорат кундузи +15–17 оС, кечалари эса +10–12 оС атрофида сақланиши керак.

Майсалар бўйи 5–7 см. гача ўсиб, уларда 1–2 тадан чинбарг пайдо бўлгач уларни сифатли ва бақувват етилиши учун бошқа жойга озиқа майдонларини (4 х 5 ёки 5 х 5 см) кенгайтириб кўчириб экилади. Улар тўлиқ тутиб олгач орадан 10–12 кун ўтгач майсалар биринчи марта озиқлантирилади. Озиқлантиришда ҳар 10 литр сувга 13–15 грамм азотли, 18–25 грамм фосфорли ва 15–20 грамм калийли ўғитлар солиб эритилади ва ушбу эритма ҳар 3–3,5 м2 майдондаги кўчатларни озиқлантириш учун сарфланади.

Карам кўчатлари иккинчи марта очиқ майдонга экишдан 15–18 кун олдин озиқлантирилади. Бунда 10 литр сувга маъданли ўғитлар миқдори икки марта кўпроқ солинади.

Иссиқхона ҳаво ҳарорати ва тупроқ намлигига кўра карам кўчатлар ҳафтасига 1–2 маротаба 1 м майдонга 4–6 литр сув сарфлаб суғориб турилади.

Манба:  mehnat.uz

Улашиш: