Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хризантема етиштириш бўйича тавсиялар

23/Noyabr/2024 22:40
  1269

Экиш учун тавсия этилган навлар: оддий ёки якка қатли хризантема, Анемоносимон (айиқтовонсимон) хризантема, Найсимои ёки нурсимои хрнзантема, Япон хризантемаси, Хитой хризантемаси, Попуксимон хризантема, Манзарали хризантема – олдингиларнинг дурагайи бўлиб, гулларининг катталигига қараб йирик гуллилар ва майда гуллиларга бўлинади.

Кўчат тайёрлаш. Хризантема асосан қаламча усулида кўпайтирилади. Бунинг учун она кўчатдан очилиб бўлган, пишган соғлом новда олинади. Кесиб олинган соғлом новдадан уч бўғим қилиб қаламчалар кесиб чиқилади. Қаламчанинг таг қисмдаги иккита барги олиб ташланади. Тайёр қаламчалар 1 соат давомида карновинг дорисига ботириб қўйилади. Карновингдан олингандан кейин 10–15 см қалинликдаги қумга қадаб чиқилади. Қаламчалар ораси 1–2 см бўлади. Қадалган қаламчалар усти плёнка билан ёпилади. Бу ишлар асосан май, июнь ва сентябрь ойларида қилинади. Қаламчалар илдиз олгандан кейин плёнка ичидан олиниб, очиқ ерга экилади.

Экиш учун жой танлаш ва ерни тайёрлаш. Хризантема учун ажратилган майдон текис ва унча катта бўлмаган (2–3о гача) нишабликда бўлиши лозим. Ер майдони куз ойлари тайёрланади ва органик ўғитлар бериб, 25–30 чуқурликда ҳайдалади. Бегона ўтлар олиб ташланади ва ариқлар олинади.

Пушталар калтароқ 25–30 м узунликда ва баландлиги 20–25 см бўлиши лозим. Қаторлар оралиғи 60–70 см бўлиши керак. Қаторлар назоратлаш учун суғорилади, камчиликлар бартараф қилинади, сўнгра экишга киришилади.

Экиш. Кўчатларни маҳаллий шароитга қараб гулзорларга турли вақтда кўчириб ўтқазиш мумкин. Улар офтоб, чала офтоб тушадиган жойларни ёқтиради. Яхши ўсган ва бақувват ўсимликлар 10 апрелдан бошлаб кўчириб ўтқазилади. 1–2 °С совуқ зиён етказмайди. Бунда қатор оралари 60–80 см, ўсимликлар ораси эса 40–50 см қилиб олинади. 10–15 см чуқур ковлаб, уни сувга тўйинтириб, экиб чиқилади.

Кўчат оралиғи экилаётган жойга қараб танланади. Ўсимликлар гулзорга экилгандан кейин уларни бир неча кун давомида қондириб суғориш лозим. Гуллари узиб олинадиган гулзорлардаги ўсимликларда биттадан ғунча қолдириб, қолганлари олиб ташланади, баъзан новдалари ҳам сийраклаштирилади. Ортиқча ғунчаларни узиш даврида ўсимликлар озиклантирилади, яъни ҳафтада бир-икки марта суюқ ўғит билан суғорилади. Хризантемани кейинчалик парвариш қилиш – бутун ёз бўйи қаторлар орасини юмшатиб туриш, ўсимликлар орасини чопиш, бегона ўтларни йўқотиш, тупларига шакл бериш ва вақтида суғоришдан иборат.

Суғориш. Хризантема гули сувни яхши кўради, шу боис ҳафтада икки маротаба суғориш керак. Қаторлар оралиғи 6–8 маротаба юмшатилиб, қўл қучи ёрдамида 10–15см чуқурликда чопиқ қилинади.

Озиқлантириш. Минерал ўғит меъёри ҳар 10 л сувга 20–25 г селитра аралаштириб тайёрланади ва суғорилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Хризантема гулига асосан очилиш, гуллаш даврида шираларга қарши 20 фоизли Моспилан эм.к. препарати сепилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги портали

Улашиш: