Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Экинларни касалликлардан ҳимоя қилиш: иссиқхона ичи ва иш анжомларини зарарсизлантириш

20/Sentabr/2024 12:24
  1068

Иссиқхоналардаги экинларнинг ҳосилини мавсумда охирги марта йиғиб олгандан сўнг, ўсимлик қолдиқларини зарарсизлантириш лозим. Бунинг учун уларга 40% ли формалиннинг 2% ли эритмаси, 3-4 л/га меъёрида, алоҳида ёки акарицид (Омайт 570EW ёки Зум 10% сус. к.) ҳамда инсектицид (Сумиальфа 5% эм. к. ёки 20% эм.к., Актеллик 50% эм.к.) билан аралаштириб, ҳаво ҳарорати 18оС ёки ундан юқори бўлганида, пуркалади; 3-4 кундан сўнг ўсимликларни илдизи билан суғуриб олиш ва чиқариб йўқотиш, ўсимликларни боғлаш учун ишлатилган ипларни ташқарида ёқиб юбориш, иссиқхона ичини яхшилаб тозалаш, ойналарни ювиш ва уларни ҳамда устун, тиргак, стеллаж ва бошқа қисмларни 40% ли формалиннинг 2% ли эритмаси билан зарарсизлантириш лозим.

Иссиқхонадан чиқарилган ўсимлик қолдиқларини махсус ахлатхоналарда тупроққа кўмиб ташлаш лозим. Резина қўлқоплар, ўсимликлар шохларини кесишда ишлатилган пичоқ ва қайчилар, белкурак ва бошқа жиҳозлар калий перманганат эритмасида зарарсизлантирилади. Яшик, тувак ва бошқа идишлар формалиннинг 2-5% лик эритмасига 1 соат давомида ботирилиб, сўнгра 24 соатга полиэтилен парда билан ўраб қўйилади; уларни 2-3 ҳафтадан сўнг ишлатиш мумкин.

Иссиқхонада ишчилар иш пайтида патоген замбуруғлар споралари, вируслар ва ўсимлик қолдиқларини кийимлари, иш қуроллари ва қўллари орқали шу иссиқхона ичида ёки бир иссиқхонадан иккинчисига тарқатади. Бунинг олдини олиш учун ишларни соғлом экинлардан бошлаш, бир экиндан иккинчисига ёки бир иссиқхонадан иккинчисига ўтганда иш кийимларини алмаштириш, уларни мунтазам тозалаб, ювдириб ва дазмоллатиб туриш, ишчилар қўлларини 3 марта совун ва чўтка билан яхшилаб ювишлари талаб қилинади.

Иссиқхона ичини зарарсизлантириш учун дезинфекция ва фумигация усуллари қўлланилади.

Дезинфекция 40% ли формалиннинг 2% ли эритмаси (1л/куб.м меъёрида) ёки устки фаол модда қўшилган 2% ли фенол эритмаси билан амалга оширилади.

Фумигация олтингугурт ёки формалин ёрдамида ўтказилади. Олтингугурт 1 куб м га 16 г (ёки 16 та олтингугурт шашкаси) ҳисобида ёқилади. Бунда ҳосил бўладиган олтингугурт диоксиди (SO2) сувда одамлар ва ҳайвонлар учун жуда заҳарли бўлган сульфат кислотасини ҳосил қилади ҳамда бу кислота иссиқхоналардаги металл қисмларни емиради. Шунинг учун фумигацияни фақат металл қисмлари бўлмаган ёки улар коррозияга қарши модда билан қопланган иссиқхоналарда ўтказишга рухсат берилади. Ходимлар иш пайтида ўзларининг нафас йўлларини ҳимоя қилиши лозим.

Фумигация кўпинча формалиннинг 38% лик эритмасига бирорта кучли оксидант, мисол учун, калий перманганат қўшиб ўтказилади. Бунда иссиқхонанинг ҳар 1 куб м ҳажми учун 10 мл формалин ва 3,6 г калий перманганат олинади. Улар қўшилганда иссиқлик ажралиб чиқади ва формалин буғлана бошлайди. Фумигация ҳаво ҳарорати 10оС дан юқори ва намлиги 50-80% бўлганида ўтказилади, иссиқхона 24 соатга бекитилади, сўнгра яхшилаб шамоллатилади. Кўчатларни яна 24 соатдан кейин экишга рухсат берилади.

Манба:

Ҳасанов Б. А., Очилов Р.О., Гулмуродов Р.А.(2009). Сабзавот, картошка ҳамда полиз экинларининг касалликлари ва уларга қарши кураш.    Тошкент.

Улашиш: