Қовун ва тарқузнинг фузариоз сўлиш касаллиги ва унга қарши кураш чоралари
Қовуннинг фузариоз сўлиши
Қовун фузариоз сўлиши (фузариоз вилт) ни Fusarium oxysporum f.sp. melonis гифомицет замбуруғи қўзғатади. Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Жанубий Қозоғистонда қовун етиштиришда энг катта зарар келтирадиган ва соҳа ривожланишига тўсиқ бўлиб келаётган иккита замбуруғ касалликлари мавжуд бўлиб, улар ун-шудринг ва фузариоз сўлишдир. Фузариоз сўлиш билан қовун барча ўсиш ва ривожланиш фазаларида зарарланади. Ёш майсаларнинг уруғбарглари, пояси (гипокотиль) ва илдиз бўғзида қайноқ сувга куйганга ўхшаш, рангсиз, сўнгра қўнғир тус олувчи доғлар ривожланади, улар чирийди ва майсалар қуриб қолади, экин сийрак бўлиб қолади. Эртапишар навлар майсаларининг 43-86 фоизи нобуд бўлгани Ўзбекистонда қайд этилган.
Фузариоз сўлиш экинларда мева ривожланиши ва пиша бошлаши пайтида кўплаб учрайди. Олдин ўсимликнинг пастки ярусдаги баргларида сарғиш, сўнгра қўнғир тус олувчи доғлар пайдо бўлади ва улар юқори ярус баргларига ўтади. Палаклардан бири ёки бир нечтаси, сўнгра бутун ўсимлик сўлади. Илдиз пўсти титилган шакл олади, усти кукунга ўхшаб қолади. Баъзан ўсимлик касалликка мавсум сўнгигача қаршилик кўрсатади, сўлмайди, аммо улар заиф, палаги калта бўлиб қолади, кам ҳосил тугади. Касалликнинг тез ривожланувчи шакли кузатилганда ўсимлик 1-2 кун ичида сўлиб қолади. Сўлишнинг сабаби – ўсимликнинг ўтказувчи томирлари замбуруғ мицелийси билан тўлиши ва сув ўтмай қолишидир. Сўлган ўсимликларнинг илдизи ва пояси кесиб кўрилганда, уларда сарғиш, жигарранг ва қўнғир доғларни кўриш мумкин, аммо бу доғлар ҳар доим мавжуд бўлмайди. Фузариоз сўлиш қовун ҳосилини 30% гача камайтиради. F. oxysporum f.sp. melonis тор ихтисослашган ва у бошқа полиз экинларини зарарламайди.
Патоген ривожланиши учун мўътадил ҳаво ҳарорати 25-28оС, минимум 12оС ва максимум 34оС; қишда замбуруғ 15оС совуқда ҳам нобуд бўлмайди. Экин ичида ва бошқа далаларга касаллик тупроқ заррачалари, тупроққа ишлов бериш асбоб-ускуналари ва суғориш сувидаги замбуруғ пропагулалари (мицелий парчалари, конидиялари ва ҳ.к.) орқали тарқалади.
Мавсумдан мавсумга касаллик ўсимлик қолдиқлари ва камроқ даражада (38% гача) уруғлар билан ўтади. Замбуруғ ўсимликларга илдизлари орқали киради. У тупроқда кўп йил сақланиши мумкин.
Кураш чоралари. Касаллик мавжуд бўлган далаларга 4-5 йилгача қовун экмаслик; сўлишга чидамли навлар экиш; уруғликни фақат соғлом ўсимлик меваларидан олиш, экишдан олдин уни микроэлементлар (Fe, B, Zn, Mn, Cu) эритмасида ивитиш, қуритиш ва самарали фунгицид (мисол учун, Витавакс 200ФФ) билан дорилаш; таркибида элементлар баланси мавжуд бўлган ўғитларни киритиш; ўсимлик қолдиқларини даладан чиқариб, ёқиб юбориш тавсия қилинади.
Ўзбекистонда экинга суперфосфатнинг 5% ли эритмасини 3 марта (экин 4-10 барг чиқарганда, гуллаш-мева тугиш пайтида ҳамда мевалар пиша бошлаганда) пуркаш касалликка қарши яхши натижа берган.
Тарвузнинг фузариоз сўлиши
Тарвуз фузариоз сўлиши (фузариоз вилт) ни Fusarium oxysporum f.sp. niveum гифомицет замбуруғи қўзғатади. Уруғбарглари, майсалари, пояси ва илдиз бўғзи чириши ва сўлиши тарвузни қайта экишнинг асосий сабабидир. Етилган ўсимликларда касалликнинг белгилари қовун фузариоз сўлишиники билан бир хил. Олдин тарвузнинг бир ёки бир неча палаги, сўнгра бутун ўсимлик сўлиб қолади. Бунинг сабаби ўсимлик ўтказувчи томирлари мицелий билан тўлиб, тиқилиб қолиши ҳамда патоген чиқарган токсинлар ўсимликни заҳарлашидир. Зарарланган, аммо сўлимаган ўсимликлар заиф, нимжон, мевалари эса майда ва сифатсиз бўлиб қолади. Касалликнинг сақланиши, мавсумдан мавсумга ўтиши, экин ичида тарқалиши ва унга қарши кураш чоралари қовуннинг фузариоз сўлишиники билан бир хил; касалликка чидамли навлар мавжуд. Фузариоз сўлиш тарвузда Ўзбекистонда ҳам тарқалиши эҳтимол қилинади.
Манба:
1. Ҳасанов Б. А., Очилов Р.О., Гулмуродов Р.А. (2009). Сабзавот, картошка ҳамда полиз экинларининг касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент.
2. Шералиев А.Ш., Рахимов У.Х. (2014). Қишлоқ хўжалик фитопатологияси. Тошкент.