Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сигирларда мастит нимадан келиб чиқади?

20/Sentabr/2024 14:01
  1104

Хўжаликларда елин касалликларини олдини олиш мақсадида мастит (елин яллиғланиши) юзасидан муттасил текшириш ишлари олиб борилади. Агар елиннинг физиологик ҳолатини профилактик назорат қилиш ишлари касаллик келиб чикишига сабаб бўладиган барча омилларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмаса, у тўла қийматли ва етарли даражада самарали бўлмайди.

Маститлар - сут безининг симптомсиз (субклиник) тарзда кечадиган ёки сероз катарал, фибриноз, йирингли, геморрагик яллиғланишлар билан бирга намоён бўладиган зарарланишдан иборат бўлиб, улар маҳаллий тарзда кечади ёки ҳайвон ҳаёти учун хавфли бўлган септик жараёнга айланиб кетади.

Бу касалликларни келтириб чиқарувчи сабаблар хилма-хилдир: елиннинг қаттиқ совуши, шикастланиши ва ифлосланиши, ем-хашак ва бошқа интаксикозлар шулар жумласига киради. Шу билан бирга маститни келтириб чиқарувчи асосий омил ирсият ҳисобланади.

Маститлар кўпинча юқумсиз омиллар таъсирида келиб чиқади, аммо кейинчалик улар елинга ташқаридан инфекция кириши натижасида оғирлашади. Маститларнинг оғирлашишига кўплаб хилма-хил микроорганизмлар (стрептококк, стафилококк, бациллалар сабаб бўлади. Шунинг учун касалликнинг характери ва симптомлари ана шу микроорганизмларнинг таъсир даражасига боғлик бўлади.

Маститнинг икки формаси: субклиник ва клиник формалари фарқ қилинади. Клиник шаклдаги мастит ўткир ва сурункали тарзда кечиши мумкин. Клиник шаклдаги маститлар диагностикаси қийин эмас. Субклиник шаклдаги маститларни аниқлашда клиник кўриб чиқиш ва лаборатория-диагностика тестларидан, сутдаги қон шакли элементларини санаб чиқиш, 5% ли димастин ёки 2,5% ли мастидин пробалари, сутни бактериологик текшириш, тиндириш каби пробалардан фойдаланилади. Клиник кўриб чиқишда елин ва эмчакларнинг шаклига, шиш, қаттиқланиш, эмчак каналида ўзгаришлар бор-йўқлигига, тери ва елиннинг температурасига эътибор берилади, дастлабки сут оқимларининг физик хоссалари (ранги, ҳиди, консистенцияси) текшириб кўрилади. Елинда касалликлар профилактикаси ҳайвонларни изчил системада ҳар бир ҳайвонлар учун стандартлаштирилган система бўйича муайян муддатларда ўтказиш керак. Касалланишни ҳисобга олиш ва таҳлил қилиш маститлар профилактикасида муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. Ҳар бир сигир учун тутилган карточка ва журналда барча касалланиш ҳодисалари ва даволаш усуллари албатта қайд қилиб борилади. Бутун подадаги ҳайвонлар организмининг резисентлигини (чидамлилигини) пасайтирувчи омилларни аниқлаш ва бартараф қилиш ҳам жуда муҳим тадбир ҳисобланади. Бу тадбир бошқа оммавий касалликлар (ошқозон, ичак, юрак-томир, ўпка касалликлари, моддалар алмашинуви бузилиши, захарланиш ва бошқалар)нинг олдини олишга ҳамда сут маҳсулдорлигини ва наслдорликни оширишга қаратилган тадбирларга мос бўлиб тушади. Зоотехника, гигена ва ветеринария чора-тадбирлари комплкесига риоя қилиш сезиларли самара келтиради. Шундай қилиб маститни камайтириш учун шу касалликка чидамли сигирлардан туғилган бузоқларни наслга қолдириш ва наслчилик ишида соғлом сигирлардан олинган наслли бузоқлардан кенг фойдаланиш зарур.

Қишлоқ хўжалиги ҳайвонларида учрайдиган елин касалликлари ҳозирги даврда ҳам ечими топилмаган касалликлардан бири ҳисобланади. Унинг асосий сабаблари эса турли омиллар ҳисобланади. Шу омиллардан бири сигирларнинг нотўғри озиқлантирилиши, парвариш қилиниши ҳисобланади.


Манба:

Муҳаммадиева М., Маматиминов Ш. (2012). Сигирларда сут безларининг ҳолатини профилактик назорат қилиш. Агросаноат мажмуи тармоқларида инновацион фаолият самарадорлигини ошириш муаммолари. Университетлараро ёш олимлар илмий-амалий конференцияси материаллари. Тошкент.

Ҳавола: maqolalar.uz

Улашиш: