Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Туркиядаги органик маҳсулотлар бозори

26/Mart/2024 14:24
  880

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида экинларнинг ҳосилдорлигини ошириш мақсадида кимёвий моддалар қўлланилиши тобора ортиб бормоқда. Мева-сабзавотларнинг ҳосилдорлигини ошириш ва уларни турли касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш мақсадида қўлланилган кимёвий моддалар маҳсулотларнинг табиий таъм ва фойдали хусусиятларини йўқолишига  олиб келмоқда. Ривожланган давлатларда қишлоқ хўжалиги соҳасида энг илғор кимёвий ва технологик юутуқларни қўлланилиши ҳисобига, у ерда  маҳсулотларнинг табиийлигини йўқотилиши айниқса кўзга ташланмоқда. Шу боисдан охирги йилларда дунёда органик (табиий) маҳсулотларга талаб пайдо бўлмоқда. Айниқса моддий жиҳатдан яхши таминланган инсонлар ўз соғлиқларини ўйлаган ҳолда органик маҳсулотлар истеъмол қилишга ҳаракат қилишмоқда. Бу эса ўз навбатида шаклланган талаб асосида таклифни юзага келтирмоқда. Яъни органик маҳсулотлар бозорларини пайдо бўлишига замин яратмоқда.

Биз Туркиянинг Измир шаҳридаги шундай органик бозорларнинг бирига бориб, бу турдаги бозор билан яқиндан танишишга муяссар бўлдик.

Измир шаҳрида бундай бозорлар ҳафтада икки кун, яъни жума ва шанба куни икки жойда ташкил қилинар экан.  Бу кунлари Измир вилоятининг турли жойларидан органик мева-сабзавот етиштирувчи деҳқонлари ва органик саноат маҳсулотлари сотувчилари келишади. Органик бозорни бошқа бозордан ажратиб турадиган асосий тарафларидан бири - бу ердаги маҳсулотлар одатдаги бозорлардан бир неча баробар қимматлигидир. Органик маҳсулотларни нархлари юқори бўлгани учун бу бозор харидорлари сони ҳам кўп эмас. Шунинг учун бозор унчалик катта эмас.

Измирда бундай бозорлар 2009 йилдан бери фаолият кўрсатмоқда – дейди деҳқон Сулейман Акчил.

-         Органик маҳсулот етиштиришни қандай бошлагансиз?

-         Илк бошида Измир буюк шаҳар (вилоят) ҳокимияти бошчилигида бир нечта идора вакиллари бизга органик маҳсулот етиштириш ташаббуси билан мурожаат қилишди. Бунинг учун бизга мева-сабзавотларни етиштириш бўйича моддий-техник ва услубий ёрдам беришларини ва маҳсулотларимизни сотишимиз учун шарт-шароитлар (бозорлар) яратиб беришни вада қилишди. Биринчи йил бизга органик экин етиштириш бўйича бевосита услубий ва техник ёрдам кўрсатилди. Кейинги йиллардан эса биз ўзимиз мустақил равишда ишни давом эттирдик. Шу зайилда органик деҳқончилик билан шуғулланиб бошладик.

-         Нима учун сизларни маҳсулотларингиз бунчалик қиммат?

-         Биз экинларимизни ҳеч қандай кимёвий моддалар қўлланмасдан, табиий шартларда парваришлаганимиз учун ҳосилдорлик унчалик юқори бўлмайди ва бундан ташқари зараркунанда ҳашорат ва касалликлар туфайли ҳосил йўқотилиши бизда кўпроқ бўлади. Шу туфайли маҳсулотларимиз қимматроқ.

-         Сизнингча органик бозорнинг устунликлари ва камчиликлари нимада?

-         Устунлик тарафи, бу бозорда рақиб камлиги. Камчилиги эса, ҳали аксарият одамлар бизни маҳсулотларимизнинг табиийлигига ва фойдалилигига ишонқирамай қараганликлари учун ҳаридорлар камлиги. Ваҳолангки, бизни маҳсулотларимизни бир неча ташкилот вакиллари доимий равишда текшириб боришади. Махсус рухсатнома асосида органик деҳқончилик қиламиз. Агар маҳсулот етиштириш шартларимиз талабга жавоб бермаса, биз бундай органик маҳсулот етиштириш ҳуқуқидан махрум бўламиз. Умид қиламанки, секин-аста кўпчилик буни англаб етади ва келажакда бизни маҳсулотларимизга ишонч кўзи билан қарайди.

Органик маҳсулотлар бозорини умумий кўриниши.

1.png (1002 KB)

 

Органик озиқ-овқат маҳсулотлари.

2.png (1.65 MB)

 

Органик мева-сабзавотлар.

3.png (1.31 MB) 

 

Туркиядаги органик мева-сабзавотлар етиштирувчи деҳқонлар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлмоқчи бўлсангиз,  dehqon.uzни кузатиб боринг.

 

 

Алишер Сафаров,

dehqon.uz

Улашиш: