Cабзавот, полиз ва картошка экинларининг зараркунанда ва касалликларига қарши кураш усуллари
Республикамизнинг сабзавот, полиз ва картошка экинлари майдонларида асосий зарар келтирувчиларга кўк қурт тунлами, кўсак қурти, карадрина, колорадо қўнғизи, карам оқ капалаги, карам куяси, ўргимчак кана, занг кана, карам шираси, полиз шираси, акация шираси, оқ қанот (белокрилка) кирса, касалликларга замбуруғли, бактерияли, вирусли касалликлар киради.
Уларнинг таъсирида сабзавот ва полиз экинларининг 35–45% ҳосили камаяди. Шунинг учун уларга қарши кураш тадбирларини ўз вақтида ўтказиш зарур.
Зараркунанда ва касалликларга қарши кураш олиб бориш асосан 5 хил усулда ўтказилади.
1. Агротехникавий ерни ўз вақтида ҳайдаш, экиш, суғориш, чопиқ, озуқа моддаларини бериш, ҳосилни йиғиштириб олиш ишларини ўз вақтида ўтказиш.
2. Биологик усул ёрдамида кураш. Бунга фойдали кушандаларни қўллаш киради.
3. Кимёвий усулда ҳар хил пиретроид дорилар зараркунандаларга ва касалликларга қарши қўлланилади.
4. Физик усулда қарши курашишга қиздириш, куйдириш каби усуллар киради.
5. Механик усулда қарши курашда ҳашаротлардан колорадо қўнғизи, карам оқ капалаги қўлда терилади.
Зараркунанда ва касалликларга юқорида келтирилган усуллар орқали қарши кураш тадбирлари олиб борилади.
Юқорида келтирилган кўк қурт тунлами ҳамма турдаги сабзавот, полиз ва картошка экинларини кемириб зарарлайди ва экинлар ола бўлиб қолишига сабаб бўлади.
Бундай ҳолни бартараф этиш учун гектарига 0,5 л ҳисобида Децис препарати ёки 2 кг Энтобактерин ёки фойдали кушандалардан 200 минг дона трихограмма уч муддатда қўлланилади: биринчи мартаба кўк қурт тунламининг капалаклари чиққан вақтда, яъни тухум қўйиш даврида 60 минг ҳисобида, иккинчи маротаба бир ҳафта ўтгач, 80 минг ҳисобида, учинчи марта иккинчи қўллашдан 10 кун кейин 60 минг дона ҳисобида қўйилади. Бу усулни кўсак қуртига, карадринага қарши ҳам қўллаш мумкин.
Колорадо қўнғизи – картошка, бақлажон, помидор ўсимликларига жиддий зарар етказади. Бу зараркунандага қарши курашда Децис (0,5 л/га) ёки Каратэ (350 г/га) ёки Суммиальфа (0,5 л/га) ёки Бензофосфат (2 кг/га) ёки Данитол препаратларини (1 л/га) ҳисобида қўллаш мумкин. Карамда карам куяси, карам оқ капалагига қарши ҳам колорадо қўнғизига қўлланилган препаратларни сепиш мумкин.
Ўргимчак кана – бақлажон, картошка, қовун, тарвуз, бодринг каби экинларга катта зарар етказади. Бу зараркунандага қарши Данитол (1 л/га) ёки Неорон (1,5 л/га) ёки Омайт (2 л/га) ёки Ниссорон препаратларини (0,3–0,5 л/га) пуркаш тавсия қилинади.
Занг кана – очиқ ва ёпиқ майдонларга экиладиган помидорга ҳамда кечки картошкага катта зарар келтиради. У ўсимлик баргларини кесиб, сўриб зарарлайди. Занг канани оддий кўз билан кўриб бўлмайди. Уни фақат микроскоп остида кўриш мумкин, шунинг учун унинг зарари билинмайди ҳамда помидор ва картошканинг барглари тез қуриб қолади. Бу зараркунандага ўргимчак канага қарши қўлланиладиган препаратлардан фойдаланиш мумкин ёки сувда эрувчан 80 фоизли олтингугуртни 5–7 кг ҳисобида ишлатиш тавсия қилинади.
Ширалардан полиз шираси, акация шираси сабзавот-полиз экинларига, карам шираси эса фақат карамга сўриб зарар келтиради. Ширалар ўсимлик баргларининг орқасига, ўсиш нуқтасига жойлашиб, уларни сўриб зарарлайди. Зарарланган ўсимлик ўсишдан, ҳосилдан қолади. Уларга қарши БИ-58 (1–1,5 л/га) ёки Нурелл-Д (0,5 л/га) ёхуд Актеллик (1,5 л/га) ёки Талстар препаратларини (0,8 л/га) қўллаш мумкин.
Зарарланган ўсимликнинг барглари устида ёпишқоқ ширалар пайдо бўлади. Бу шираларга қора замбуруғлар ёпишиши оқибатида ўсимлик барглари қуриб қолади, оқибатда ҳосил кескин камаяди, Бу зараркунандаларга қарши Аплоуд (0,5 кг/га) ва Талстар препаратини (0,8 л/га) қўшиб пуркалса, оққанот ва личинкасига 95–99% таъсир қилади ёки Трихопорус кушандасидан 1:5 ҳисобида қўллаш мумкин.
Касалликлардан – замбуруғли касалликлар помидорга, қўнғир доғланиш, илдиз чириш, бодринг, қовун, қовоққа ун шудринг, сохта ун шудринг касаллари зарар келтиради. Бу касалликлар намлик ортган, ҳаво иссиқ бўлган пайтларида кўп зарар келтиради.
Уларга қарши Топсин-М гектарига 0,7 л ёки Топаз 0,5 л ёки Сапрол 0,8 л ёки сувда эрувчи 80 фоизли олтингугуртдан 4 кг ҳисобида пуркаш мумкин.
Қовун пашшаси – республикамизнинг Қашқадарё, Сирдарё, Жиззах, Хоразм вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида кўп тарқалган. Бу зараркунандага қарши 50 фоизли Карбофос 1,5 л/га, 57 фоизли Фуфанон 1 л/га, Крузиер препаратлари билан 0,2 л/га ҳисобидан гуллаш даврида, сўнгра 25–30 кун ўтказиб иккинчи марта ишлов бериш талаб қилинади.
Вирусли касалликларга Столбур, Стрик, Мозаика касалликлари киради.
Столбур билан касалланган ўсимликларнинг учларидаги барглари майдалашади, гул косачалари супоқлашиб, мевалари ноксимон бўлиб қолади. Бу касаллик кўпроқ очиқ ва ёпиқ майдонлардаги помидорда учрайди.
Мозаика билан касалланган помидор, бодринг, қовун ва қовоқларнинг барглари қалинлашиб, тарновсимон ва тез синадиган бўлиб қолади.
Стрик касаллиги кўпроқ помидорда учрайди. Бу касалликка чалинган помидорнинг пояси қотиб қурийди, мевалари эса қотиб ёрилади ва истеъмол учун яроқсиз бўлиб қолади.
Вирус касалликларининг олдини олиш учун помидор уруғлари икки кун 50–52 даража, учинчи куни бир кун (24 соат) 80 даража иссиқликда қиздирилади ва 0,03%ли Метилсинк ёки марганцовкада 8 соат ивитилиб, сўнг экилади. Бундай усулда қарши курашилганда уруғда сақланиб қолган вирус касалликлари йўқ бўлади.
Ўсув даврида вирус касалликлари билан касалланган ўсимликлар ҳар хил микроэлементлар, яъни марганец, рух, цинк, бор, молибден, йод кабилар билан дориланади. Бактерияли касалликлар билан касалланган экинларда Топсин-М препаратини гектарига 0,7–1 кг ҳисобида сарфлаш мумкин.
Юқорида келтирилган препаратлар очиқ майдонларда гектарига 600 л, ёпиқ майдонларда 1 тонна сувга аралаштириб сепилади. Пуркаш ишлари қўл ёки тракторга тиркалган аппаратлар орқали ўтказилади. Пирэтроид ва кимёвий дориларни албатта мутахассис назорати остида ишлатиш зарур.