Салат етиштириш ҳақида маълумот
Салат бир йиллик ўсимлик бўлиб, у йирик барглардан иборат паст тупбарг ёки салат боши ҳосил қилади. Салатнинг Крупнокачанный ва Кок-шох навлари Давлат реестрига киритилган. Умуман салатнинг 4 хил тури бор. Уларга баргли салат (ўсув даври 30–40 кун); пояли юлма салат (бўйи 40–80 см ); бош ўрайдиган салат (ўсув даври 40–100 кун); Ромен салатининг (ўсув даври 70–100 кун) тупбарги йирик, тик ўсади.
Салат совуққа чидамли ўсимлик. Баргларининг ўсиши ва бош ўраши учун қулай ҳарорат кундузи 15–20оС ва кечаси 12–15оС бўлиши керак. У 5оС паст ҳароратда ҳам оз бўлсада ўсаверади.
Баргли ва бош ўрайдиган салатлар эрта баҳорда – февраль охири-март ойининг бошида очиқ далага экилади. Уруғи 15–20 см чуқур олинган полларга ёки лентасимон усулида 2–3 қатор қилиб экилади. Бунда ленталар ораси 45–60 см лентадаги қаторлар ораси 15 см қилинади. Бир гектар ерга салат уруғидан 4–5 кг, бошли салатникидан 3–4 кг экилади. Майсалар униб чиққандан 10–12 кун ўтгач 1-марта, 2–3 ҳафта ўтгач 2-марта (охирги) ягана қилинади. Бунда барг салат тупларининг орасида 8–10 см, бошли салатда эса 12–15 см масофа қолдирилади.
Салат ўсимлигини парваришлашга - ўташ, қатор ораларини юмшатиш, суғориш ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари киради. Баргли салат майсалар пайдо бўлгандан 30–40 кундан кейин ҳосили бир йўла йиғиштириб олинади. Бошли салатни ҳосили 45–50 кундан кейин уларни етилишига қараб кундузи, баргидан шудринг кўтарилгандан кейин бирин-кетин узиб олинади. Баргли салатнинг гектаридан 5–6 т, бошли салатникидан 8–10 т. дан ҳосил олинади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги портали