Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қовоқ етиштириш ҳам ёмон иш эмас...

22/Noyabr/2024 22:40
  1418

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Испанская–73, Кашгарская–1644, Палов каду–268.

Уруғ танлаш. Экиладиган қовоқ уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун (синмаган) бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Ер тайёрлаш. Қовоқ етиштиришда ерни экишга тайёрлаш кейинги барча технологик чора-тадбирларни яхши наф беришини таъминловчи муҳим шартдир. Кузда 35 см чуқурликкача ер шудгор қилинади. Ерни шудгорлашдан олдидан минерал ва органик ўғитлар берилади. Баҳорда тупроқда намни сақлаб қолиш учун ерга узун тишли хаскаш ёрдамида ишлов берилади қовоқ экини эрта муддатларда экилганда ерни баҳорда қайта шудгорлашнинг ҳожати йўқ. Экинлар кечки муддатларда экилганда ерни қайта шудгорлаш зарур. Бунда тупроқни ағдармасдан туриб, 22 см чуқурликда чопиб чиқилади.

Экиш муддати ва схемаси. Қовоқ уруғининг униб чиқиши экиш муддатини тўғри белгилашга боғлиқдир. Жанубий вилоятларда 15 апрелгача, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 20 апрелгача, шимолий минтақаларда 30 апрелгача экилади. Қовоқ экини уруғини ер ҳарорати 14–15°С га етганда экишга киришилади.

Қовоқ экиш учун қатор оралари 360 сантиметрли кенг эгат олинади. Бундай эгатлар қовоқ палакларини яхши таралииши имкон беради. Уруғлар 3–6 см чуқурликка экилади ва ҳар 1 сотих ерга 50–60 г уруғ сарфланади.

Парваришлаш ўсимликларни яганалаш, тупроқни юмшатиш, экинни озиқлантириш, чопиқ қилиш, суғориш, палакларни тўғирлаш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашишни ўз ичига олади. Яганалаш икки босқичда – биринчиси ўсимлик чинбарг чиқарганда ва биринчи чопиқ вақтида ўтказилади. Ниҳоллар ялпи униб чиқиши билан бир қаторда ораларини юмшатишга киришилади. Ниҳоллар униб чиққач 20–25 кун ўтказилиб, 2–3 чинбарг пайдо бўлганидан кейин экин биринчи марта чопиқ қилинади, дастлабки сув берилиб, озиқлантирилади. Иккинчи чопиқ биринчисидан 25–30 кундан кейин ўтказилади. Ўсув даврида қатор оралари 4–5 марта чопиқ қилинади.

Ўғитлаш. Қовоқ учун 1 сотих ерга соф ҳолда 0,750 г азотли, 0,750 г фосфорли ва 0,500 г калийли, органик ўғитлардан 300–400 кг солинади. Қовоқнинг ўсув даври мобайнида тупроқ намлигини суғориш олдидан энг кам нам сиғимига нисбатан 75–80% сақлаш талаб қилинади. Экинга 1 сотих ерга 4–5 м3/га миқдорида 5–6 марта сув бериб, тупроқнинг шу даражада нам бўлишига эришилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Уруғни экишга тайёрлаш. 1 кг уруққа 34% Витавакс препаратининг 2 фоизли ёки 60,7% Превикур препаратининг 1,5 фоизли эритмасини пуркаш орқали уруғни зарарсизлантириш тавсия этилади.

Касалликлари: илдиз чириш, фузариоз сўлиш, ун шудринг.

Зараркунандалари: полиз бити (шираси), ўргимчаккана, оққанот. Кимёвий усул: зараркунандаларга 10 сотихга – Моспилан 20% н.кук. (25–30 г), Агрофос Д 55% (150 мл), касалликларга – Превикур 72,2% с.э.к. (150 мл), Курзат Р н.кук. (200–250 г), Рирдомил голд 68% с.д.г. (200–250 г) ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини қўллаш мумкин. Кимёвий препаратларни 60–70 литр сувга тайёрланган аралашма пуркалади.

Ҳосилни йиғиштириш. Қовоқ мевалари кеч кузда бир марта йиғиштириб олинади.

Р.Ҳакимов, Ф.Расулов 


Улашиш: