Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Турли тупроқларда ширин қалампирни ўғитлаш тартиби

19/Sentabr/2024 04:54
  1115

Ўтлоқи ва ўтлоқи ботқоқ тупроқларда гектарига 15 т гўнг+N160P120K80 солиниши тавсия этилади. Азот карбамид ёки сульфат аммоний, фосфор эса аммофос, калий эса калий хлор кўринишида бериш керак.

Минерал ўғитлар тук ҳолатида қуйидагича солинади: карбамид – 350 кг/га, аммофос – 261 кг/га, калий хлор – 160 кг/га. Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у ҳолда бу ўғитнинг миқдори гектарига 760 кг бўлади. Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилади:

Ҳайдовдан олдин: гектарига 15 тонна гўнг, 196 кг – аммофос, 120 кг – калий хлор.

Биринчи озиқлантиришда – кўчатлар тутиб олгандан сўнг улар тез ўса бошлаган даврда: аммофос – 65 кг/га, калий хлор – 40 кг/га, карбамид – 175 кг ёки сульфат аммоний 380 кг/га меъёрда берилади.

Иккинчи озиқлантиришда ўсимликнинг ялпи гуллаш ва мева тугишининг бошланиш даврида: карбамид – 175 кг/га ёки сульфат аммоний – 380 кг/га меъёрда бериш керак.

Экологик тоза маҳсулот олиш ва азот ўғитларни 50 фоизга камайтириш учун кўк масса берадиган экинлар (сидерат) қўллаш мумкин. Шунингдек, органик ўғит турларидан биогумус ёки вермигум – 8 т/га, органик микробиологик ўғит – 20 кг/га, биоазот – 2 л/га меъёрда қўллаш самарали ҳисобланади.

Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш мумкин.

Шўрхок тупроқлар. Турли даражада шўрланган шўрхок тупроқларда тупроқни ювиш ишлари олиб борилгандан сўнг гектарига 25-30 тонна гўнг + P180K120 кг ўғитларининг 75 фоизи солиниб ҳайдалади.

Шўрланганлик ҳолатига, типи ва даражасига қараб тупроқларга солинадиган минерал ўғитларнинг тукдаги миқдорларига аниқликлар киритилади.

Чунончи, сульфатли шўрланган тупроқларга азотли ўғитни карбамид, фосфор ўғити – аммофос, калий ўғити калий хлор кўринишида бериш тавсия этилади.

Хлорли – шўрланган тупроқларда азотли ўғитлар сульфат аммоний ёки карбамид фосфорли ўғит – аммофос ёки мураккаб фосфор ўғити кўринишида, калий ўғити – калий нитрат тузларини бериш тавсия этилади.

Ўғитларни қуйидаги муддатда солиш тавсия этилади.

Ҳайдовдан олдин гектарига 25–30 тонна гўнг, фосфор ва калийнинг 75 фоизи берилади.

Биринчи озиқлантиришда кўчатлар тутиб олгандан сўнг ва тез ўса бошлаган даврда азотнинг 50, фосфор ва калийнинг 25 фоизи берилади.

Иккинчи озиқлантиришда ўсимликнинг ялпи гуллаш ва мева тугишининг бошланиш даврида қолган азотнинг фисми берилади.

Азотли ўғитлар қўлланишини 50 фоизга камайтириш мақсадида шўрланган тупроқларда яхши ўсадиган кўк масса берадиган экинлар (сидерат) экиш, гектарига 12 т биогумус ёки вермигум, 30 кг органик микробиологик ўғит, 2,5 л биоазот ишлатиш мумкин.

Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш мумкин.

Бўз тупроқлар. Ширин қалампир етиштиришда суғориладиган бўз тупроқларга гектарига 15–20 тонна гўнг берилганда тупроққа N150P100K75 тавсия этилади. Бунда азотни аммиак селитраси ёки сульфат аммоний кўринишида, фосфорни аммофос ёки мураккаб фосфор ўғити кўринишида, калийни калий хлор кўринишида бериш тавсия этилади. Ушбу минерал ўғитлар тукда қуйидагича солинади: аммиак селитраси – 588 кг/га, аммофос – 326 кг/га, калий хлор – 200 кг/га.

Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у ҳолда мазкур ўғит миқдори гектарига 714 кг бўлиши керак. Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилиши лозим.

Ҳайдовдан олдин гектарига 15–20 тонна гўнг, 280 кг аммофос ва 100 кг калий хлор солинади.

Биринчи озиқлантиришда ўсимлик кўчатлари тутиб олгандан сўнг ва тез ўса бошлаган даврда гектарига: аммофос – 120 кг, калий хлор – 50 кг, аммиак селитраси – 294 кг ёки сульфат аммоний 357 кг меъёрда солинади.

Иккинчи озиқлантиришда ўсимликнинг ялпи гуллаш ва мева тугишининг бошланиш даврида гектарига: аммиак селитраси – 294 кг ёки сульфат аммоний – 357 кг меъёрда берилади.

Азотли ўғитлар қўллашнинг 50 фоизга камайтириш мақсадида кўк масса берадиган экинларни (сидерат) қўллаш мумкин. Шунингдек, органик ўғит турларидан гектарига: биогумус ёки вермигум – 10 т, органик микробиологик ўғит – 25 кг ва биоазот – 2 л меъёрда бериш самарали ҳисобланади.

Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш мумкин.

Тақирсимон тупроқлар. Тақирсимон тупроқларда гумус миқдори паст бўлганлиги боис шўр ювиш ишлари ўтказилганидан сўнг уларни маданийлаштириш лозим. Бундай тупроқлар органик ўғитларга мухтож. Шу муносабат билан шўр ювилганидан сўнг помидор ўстириш учун мазкур тупроқлар гектарига – 40 тонна гўнг ва N220P165K110 солиш тавсия этилади.

Ўғитларни қуйидаги муддатларда солиш тавсия этилади.

Ҳайдовдан олдин гектарига 40 тонна гўнг, фосфор ва калийнинг 75 фоизи берилади.

Биринчи озиқлантиришда кўчатлар тутиб олгандан сўнг ва тез ўса бошлаган даврда азотнинг 50, фосфор ва калийнинг 25 фоизи берилади.

Иккинчи озиқлантиришда ўсимликнинг ялпи гуллаш ва мева тугишининг бошланиш даврида азотнинг қолган қисми берилади.

Азотли ўғитлар қўлланишини 50 фоизга камайтириш мақсадида шўрланган тупроқларда яхши ўсадиган кўк масса берадиган экинлар (сидерат) экиш, гектарига: 12 тонна биогумус ёки вермигум, 30 кг органик микробиологик ўғит ёки 2,5 л биоазот ишлатиш мумкин.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги портали

Улашиш: