Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Аччиққина корейс қалампирига қалайсиз?

22/Noyabr/2024 20:06
  1333

 ҚАЛАМПИР— итузумдошлар оиласига тааллуқли чала бута, бута ёки кўп йиллик ўтсимон  ўсимликлар  туркумига мансуб  сабзавот  экини саналади. У ёввойи  ҳолда  Американинг тропик  ҳудудларида  учрайди.  Иссиқсевар ўсимлик сифатида перу қалампири, колумбия қалампири, эгилган қалампир, сабзавот қалампири  ва бошқа турлари бир йиллик ўсимлик сифатида ҳамма қитъаларда ўстирилади. Бизда ҳам у  барча вилоятларда ўстирилади. Бир йиллик сабзавот қалампири, яъни гармдорининг пояси тик бўлиб,  бўйи 30-60 см, баъзан баландлиги 1 м гача етадиган ўт ўсимлик етади, пояси қиррали, асосий қисмидан бошлаб айрисимон шохланган. Илдизи ўқилдиз, меваси кўп уруғли, қизил, сариқ, тўқ сариқ рангда бўлади, шакли турлича. Гуллари оқ, меваси кам сувли  данаксиз хўл  мева. Унинг бир неча навлари бўлиб, улар мевасининг тузилиши, ранги ва аччиқлигига қараб бир- биридан фарқ қилади. Қалампирнинг икки хили қайд қилинади: биринчи гуруҳ навларига  – сабзавот кўринишида ишлатиладиганлари, иккинчи гуруҳ навларига – зиравор сифатида ишлатиладиган ўткир таъмли қалампирлар киради. Меваси таркибида қанд, қуруқ модда, С, В, В2 витаминлари, каротин, алколоидлар бор. Сабзавот қалампири  плацентаси  таркибидаги  капсаицин  алкалоиди  миқдорига  қараб  чучук ва  аччиқ  бўлади. Аччиқ қалампир таркибида 10-11 фоиз қуруқ моддалар, 2-6 фоиз қанд ва крахмал, 1,5 фоизга яқин оқсил, мой, клетчатка, салмоқли миқдорда С витамини, каротин, РР, В1, В2, В6 витаминлари, фолат кислота, натрий, калий, магний, кальций, темир ва фосфорли тузлар бор. Юртимизда  аччиқ  қалампирнинг «Марғилон 330»  ва «Нафис», майда  мевали «Келин  тили»  навлари  кўп  экилади.  Аччиқ  қалампир қўзоғининг пўсти  юпқа,  шакли  майда узунчоқ. Гуллаганидан  кейин  меваси 35—40  кунда  етилади.  Уруғи  иссиқхоналарга сепилиб,  очиқ  ерларга  кўчати  экилади. Ер юзида етиштириладиган қалампирларнинг барчаси  ширин ва аччиқ таъмлиларга бўлинади ва унинг бу хусусияти таркибидаги капсаицин моддасининг миқдорига қараб ўлчанади, бу модда таъм ўткирлигини белгилайди. Ундан эрта ҳосил олмоқчи бўлсангиз энг аввало иссиқхонада кўчатини етиштириб олишингиз керак бўлади. Февраль ойининг биринчи ҳафтасида уруғ қадасангиз, 70 кундан сўнг уни очиқ далага кўчириб ўтқазишингиз мумкин бўлади. Ҳозир технологиялар, етиштириш усуллари жадаллаб кетгани боис қиш мавсумида қалампирни бемалол иссиқхоналарда ҳам етиштириш мумкин ва бунда сизга қалампир етиштиришнинг корейс технологияси қўл келади.  Бу борада кореялик мутахассис Ан Хи Сун шундай тавсия беради:

- Қалампирдан  мўл ҳосил олмоқчи бўлсангиз уни анча эртароқ экишингиз керак бўлади. Кўчати 1 та шохдан 2га бўлиниб, кўпайиб бораверади, 1 та шох 2 та шох чиқаради, ўз навбатида 2 та шох тўртта шоҳ чиқариб шу тариқа тупланиш жараёни давом этади. Мўл  ҳосил олиш учун яна кўчатларни ўз вақтида озиқлантириб туриш керак. Бу ҳам муҳим агротехник тадбирлардан саналади. Энди уни экиш тартиби ҳақида гапирадиган бўлсак, ер ҳайдалгач, 70 см кенгликда эгат олинади ва кўчатлар бир биридан 30 см масофада экилади. Яъни  70 х 30 схемада экилади. Ҳар 10 сотих ерга 3 мингта, 1 гектарга эса 30 мингта кўчат экиш мумкин. Қалампир ортиқча парваришни талаб қилмайди. 2-3 марта ўғитласангиз бас. У беозор ўсимлик саналади. Шу боис уни ҳатто гултувакларда ҳам экиб кўпайтириш мумкин. Кўчат экишдан олдин эгат устига пленка қоплаб ҳам уни етиштиштириш мумкин. Намлик юқори бўлса кўчатлар тез касалланарди. Яна бир нарса, қалампир экиб ҳам даромад олиш имкони бор. Бир йилда кўп бора ҳосил олиш имкони бўлгани учун уни оралиқ экин сифатида ва буғдойдан бўшаган ерларга экиш мумкин. 





















                                 





 


Улашиш: