Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Серсув ва мазали бодрингларни қандай етиштирса бўлади?

20/Sentabr/2024 03:52
  1146

Энг аввало экиш учун жой танлаймиз: у ёруғ ва шимолий шамол совуқ ҳавосидан пана бўлиши, тупроқ гумусга ва озиқ моддаларга бой бўлиши керак. Унинг учун карамнинг эртаги нави, дуккаклилар, пиёз, помидор, булғор қалампири ва картошка яхши ўтмишдош саналади. 

Илдиз системаси асосан тупроқнинг 20-25 см ли ҳайдалма қатламига таралиб ўсади. Ўқ илдиз ва айрим ён илдизлари ҳатто 1м га қадар ўсиши мумкин. Илдизларнинг ён томонга тарқалиши радиуси 1,5м га яқин. Ўсимликни асосий ва ён поялари нам тупроққа тегса, бўғимларидан қўшимча илдизлар чиқараверади. Дастлабки барглари кичикроқ ва нисбатан думалоқ шаклда бўлиши билан ажралиб туради. Учинчи-тўртинчи ва кейинги барг қўлтиқларида урғочи гуллар ҳосил бўлади.

Гуллари икки жинсли, яъни эркак ва урғочи гуллардан иборат бўлиб, ранги сариқ, эркак гуллар барг қўлтиқларида жойлашган бўлиб, қалқонсимон тўпгул ҳосил қилади, урғочи гуллар барг қўлтиғида, кўпроқ ён пояларда биттадан, камдан-кам икки-учтадан жойлашади. Урғочи гулларининг тугунчаси пастда бўлиб, усти қалин тук билан қопланган.

Меваси шакли цилиндрсимон, дуксимон, тухумсимон бўлади. Уруғлари чўзиқ-эллипссимон, ранги оқ ёки оч сариқ, 1000 дона уруғ оғирлиги 16-40 г. У 5-6 йилгача нормал унувчанлик хусусиятини сақлайди бодринг иссиқсевар ўсимлик бўлиб, унинг уруғи 12-130С температурада униб чиқади. Қулай, яъни 25-300С температурада уруғи 5-6 кунда униб чиқади.

Ўсимликни нормал ўсиб ривожланиши учун температура 25-320С бўлиши керак. 6-80С температурада ўсимлик ўсишдан тўхтайди, барглари сарғаяди ва найчалари тўкила бошлайди. Температура 00С га тушиб қолганда ўсимлик нобуд бўлади. Юқори, яъни 400С ундан ортиқ бўлса ҳам ўсимликка ҳалокатли таъсир этади. Экинлар қондириб суғорилса ва уларга ёруғлик яхши тушиб турса, ўсимликка кўп зарар етмайди. Бодринг юқори температурали ва ҳавонинг намлиги паст бўлган шароитда ўстирилса, сувни кўп талаб қилади. 

Бодринг ўсимлигининг нормал ўсиб ривожланиши учун зарур ҳарорат 25-270С бўлиши керак. Ҳарорат 150С дан паст бўлганда, ўсимлигининг ривожланиши секинлашади, 8-100С да касалланади, 3-40С да эса 3-4 кундан кейин нобуд бўлади. Бундай ҳолларда барглар сарғаяди найчалари тўкилиб кетади, истеъмолга ярамайдиган қинғир-қийшиқ мевалар пайдо бўлади. Ёзда кечки муддатларда экилганда ёки яхши иситилмайдиган теплицаларда кам ҳосил беришининг сабаби ҳам ана шунда. 

Қулай шароитда бодринг ўсимлигининг ўсиши қуйидаги тартибда боради. Униб чиққандан кейин 5-6 кун ўтгач биринчи чин барг чиқаради, майсалар кўринганидан 25-35 кун кейин ён поялари пайдо бўлади, булардан кейин эса тез орада иккинчи тартибда поялар ўсиб чиқади. 35-50 кундан кейин (навига қараб) бодринг гулга киради, бунда аввал асосий пояда жойлашган эркак гуллар очилади.

Урғочи гуллар эса кечроқ, орадан 1-3 ҳафта ўтгач пайдо бўлади. Урғочи гуллари ён пояларида кўпроқ, асосий пояда эса камроқ бўлади. урғочи гуллари эркак гулларига нисбатан анча кам бўлади. Кейинги йилларда бодринг ўсимлигининг асосан урғочи гуллар пайдо қиладиган навлари кенг экилмоқда. Айрим ҳолларда фақат эркак гуллар пайдо бўлади – булар «пуч гул» дейилади. Бундай гуллар бўлишига ҳар хил сабабларни, жумладан туп қалинлигининг таъсирини ҳамда туплар зич жойлашганда ўсимлик яхши поя чиқара олмай қисилиб, натижада урғочи гулларнинг сони камаяди. Гулларнинг пуч бўлиб қолишига йўл қўймаслик учун асосий пояларнинг учини чилпиб ташлаш керак. Бу эса урғочи гулли ён поялар ҳосил бўлишига имкон беради. Шунингдек, фосфорли ўғитлар солиш ҳам мева тугишни кучайтиради. Бодринг гули эрта тонгда очилиб, кун қизий бошлаши билан юмилади ва атиги бир кун туради. Урғочи гул чангланмаган бўлса, эртасига ҳам очилиши мумкин. Бодринг гули ҳашаротлар (трипс, асалари ва чумолилар) ёрдамида чангланади. 

Бодринг  қисқа кун ўсимлиги. У 10 соат давом этадиган ёруғ кунда яхши ўсади ва ёруғлик етарли бўлгандагина ундан юқори ҳосил олиш мумкин. Агар ёруғлик куни 15-16 соатга узайса ўсимлик ўсиши ва ривожланиши тўхтайди, гуллаш ва ҳосилга кириши кечикади. Ёруғлик кунининг 9-10 соатга камайиши ўсимликни ўсиш ва ривожланишини тезлаштиради. Салқин даврда 15-20 кун давомида кун узунлигининг 10-12 соатгача қисқариши урғочи гулларнинг очилишини тезлаштиради, эртаги ҳамда умумий ҳосилни оширади. Бодринг тупроқ ҳамда ҳаво намлигига жуда талабчан. Тупроқнинг энг қулай намлиги ривожланиш намлигига қараб 70-80% , НВ ҳамда ҳавонинг нисбий намлиги 70-85% бўлиши лозим. унинг  ер устки қисми кучли ривожланган бўлиб, илдиз системаси кучсиз ўсади. Шу сабаб ўсимликни ўсув даврида сув билан яхши таъминлай олмайди. Ўсув даврида қулай намлик 80-90%, тупроқ намлиги эса 65-95% бўлиши лозим. Ўсимлик ҳосилга кирганда, хаво намлиги 90%, тупроқ намлиги эса 85-90% ни ташкил этиши керак. Бодрингни етиштиришда тупроқ намлигини 100% кўтарилиши хам, 60% пасайиши ҳам ҳосилдорликни камайишига олиб келади. Бодринг тупроқдан озиқ моддаларни кўп олмайди. Бодрингдан  мўл ҳосил етиштиришда тупроқ зарур миқдордаги озиқ моддалар билан таъминланган бўлиши керак. 


Улашиш: