Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Африка қўноғи – фойдали ем-хашак экини

20/Sentabr/2024 03:39
  1142

Бугунги кунда чорва молларини тўйимли ва сифатли ем-хашак билан таъминлаш долзарб вазифалардан саналади. Ана шундай ем-хашак экинларидан бири африка қўноғидир.

   Африка қўноғи  — бир йиллик дон ва ем-хашак экини бўлиб,  Осиё,  Африка,  қисман  Жанубий Европанинг  қуруқ иқлимли  минтақаларида етиштирилади. Дони озиқ-овқатга ва ҳайвонларга ем учун ишлатилади. Барги ва поясидан кўк озуқа ҳамда  пичан тайёрланади. 100 кг донида 89 озуқа бирлиги, 10 кг ҳазм бўладиган протеин, 100 кг пичанида 50 озуқа бирлиги ва 8,2 кг ҳазм бўладиган протеин бор. 

Ўсимлик иссиқсевар, ёруғсевар  ва  қурғоқчиликка  чидамли экин саналади ҳамда қумлоқ, қўнғир тупроқларда яхши ривожланади. Юртимиз иқлим шароитида  мазкур экин яхши ўсади. 

     Юртимиздаги маккажўхори тажриба станцияси мутахассислари африка қўноғининг селекцион навини яратишга муваффақ бўлишди. Мазкур нав чет эл намуналаридан келтирилган навни эркин чангланиш йўли ва танлаш воситасида яратилган бўлиб, юқори ҳосилдорлиги билан ажралиб туради. ўсимликнинг майсалари майда, оч яшил. Пояси ўртача, баландлиги 225-235 см атрофида,  яхши баргланган, баргининг узунлиги 45- 48 см, эни 5-6 смга тенг, рўваги тўғри, зич, узунчоқ цилиндрсимон. Дони  ярим қобиқсиз, осон янчиладиган, оқ кулранг, тухумсимон – чўзинчоқ майда бўлиб, мингта дон вазни 10-11г.ни ташкил этади. 

   Ўсимлик экилишидан донининг пишишигача бўлган вегетацион даври 70-75 кунни ташкил қилади. Африка қўноғи шўрга ва қурғоқчиликка чидамли бўлиб, ётиб қолишга бардошли саналади, ўримдан сўнг тез ўсиб чиқиш хусусияти билан ажралиб туради. Биринчи ва иккинчи ўрим ҳосилдорлиги гектарига 600-620 ц кўк массани ташкил этади. Биринчи ўримда гектарига 450-460 ц силос масса, 30-35 ц дон беради. айтиш жоиз, африка қўноғи силос сифатида фойдаланиш учун истиқболли саналади.

   Африка қўноғи экиладиган майдон шўрланган бўлса, экиш олдидан уни албатта шўрдан ювиш керак. Гектарига 4 кг ҳисобида дон экилади. Уруғлар 5-6 см чуқурликка экилади. Кўчат қалинлиги гектарига 90-110 минг туп қилиб қолдирилади Вегетациянинг биринчи ойида ўсимлик секин ўсади, бегона ўтлар билан курашиш мақсадида 2-3 марта культивация, 2 марта қўл ёрдамида чопиқ қилинади. Кузда шудгор олдидан гектарига 90 кг фосфор ва 60 кг калий ўғитлари берилади. Азотли ўғитлар биринчи суғоришдан кейин барглар сони 8-10 барг бўлган даврда гектарига 120-130 кг ҳисобида соф ҳолда берилади. Иккинчи суғориш гуллаш даврида, учинчиси сут пишиш даврида ўтказилади.


Улашиш: