Харид Қилиш Саватчаси

Жами

ИСО суюқлигини қандай тайёрланади?

20/Sentabr/2024 02:37
  1841

 Ҳар қандай деҳқон боғ ва даласини касаллигу зараркунандалардан холи кўришни истайди. Ҳосилнинг сифатли ва мўл бўлиши кўп жиҳатдан ўз вақтида амалга ошириладиган агротехник тадбирларга боғлиқ. Қишлоқ хўжалиги ўсимликларининг касалликлари экологик шароитга боғлиқ равишда экинларга турли муддатда турлича зарар етказади. Баъзан етиштирилган маҳсулотнинг сифати ёмонлашиб, миқдори камайиб кетади. Ҳозирги вақтда ҳар бир фермер ва томорқа хўжалиги эгаси экинлар касаллигини тўғри аниқлаб, замонавий кураш чораларини қўллаш асосида ҳосилдорликни сақлаб қолишни билиши зарур. Бунда ҳар ким ўзи мақбул кўрган воситалардан фойдаланади. Ана шундай самарали кураш чораларидан бири олтингугурт ва оҳак аралашмаси бўлиб, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашда яхши натижа беради. Бу восита дарахт пўстлоғини лишайник ва пўпанакдан тозалаш баробарида зараркунандаларга қирон келтиради. Айниқса ёз мавсумида мевали боғларда кўп учрайдиган ва ҳосил сифатига путур етказадиган зараркунанда - кана билан курашишда юқори самара беради. Ушбу дорилаш воситаси қандай тайёрланишни ҳар бир боғбон билиши зарур, аммо кўп ҳолларда улар маҳсулотларни солиш меъёрини билмасликлари натижасида олтингугурт-оҳак қўшилмаси акс таъсир кўрсатади.  

   Олтингугурт ва оҳак аралашмасини тайёрлаш қийин бўлсада, таъсири сезиларли.  У трипс, кана ва переноспороз касаллиги билан самарали курашади. Шу соҳага оид илмий манбаларда келтирилишича, 1824 йилда инглиз олими Робертсон аграр соҳада зараркунандаларга қарши курашишда олтингугугрт ва совун аралашмасини қўллашни таклиф қилади. Худди шу вақтда олтингугурт токни оидиум касаллигидан ҳимоя қилиш учун қўллана бошланади. Шу тарзда тадқиқотлар давом эттирилади.  1852 йилга келиб эса француз боғбони Гризон олтингугурт ва оҳакдан дори воситасини яратади ва бу Гризон суви номини олади. Бу суюқлик боғбонлар орасида катта  шов-шувга сабаб бўлади. Сабаби у касаллик ва зараркунандалар билан самарали курашади ва салбий таъсирлари кўринмайди. Кейинроқ мазкур восита Калифорния аралашмаси ёки  Олтингугурт оҳак қўшимчаси номини олади. Бу аралашма 1880 йилдан АҚШнинг  Калифорния штатида кенг қўллана бошланади. 1902 йилдан эса худди шу давлатда уни ишлаб чиқариш кенг  йўлга қўйилади. Вақт ўтиб, аниқроғи 1949 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалигини секин-аста эгаллай бошлаган синтетик пестицидлар уни бозордан сиқиб чиқаради.  Органик маҳсулотларга бўлган қизиқишнинг ортидан 21- асрда олтингугурт оҳак қўшилмаси яна  истеъмолбоп маҳсулотга айланади. АҚШ ва Канадада ушбу эритма саноат миқёсида ишлаб чиқилади ва тайёр ҳолда сотилади. Аммо юртимизда ИСО тайёр ҳолда сотилмайди, одатда уни боғбонлар мустақил тарзда тайёрлайди.  Шу боис тайёрлаш жараёнида ҳушёр бўлиш талаб этилади.  

Аралашмани тайёрлашда қатъий меъёрга амал қилиш лозим.  Шундай қилиб, фермер ва томорқа хўжалиги шароитида 10 л олтингугурт оҳак қўшимчасини тайёрлаш учун 10 л сув олинади, алоҳида идишда 600 г сифатли оҳак тош оз миқдордаги сув билан сўндирилади. Сўндирилаётган оҳак устига яна бир оз сув қўшиб, оҳакли сут ҳосил қилинади. Тайёрланган оҳакли сут фильтрланиб, чўян қозонга қуйилади ва қайнагунча қиздирилади. Бир вақтнинг ўзида бошқа идишда 1200 г олтингугурт кукуни сув билан тўла қоришиб, сариқ тусли бўтқа ҳосил қилгунча яхшилаб аралаштирилади. Тайёр бўлган эритма оҳакнинг устига қуйилади. Ажратилган 10 л сувнинг қолган қисми ҳам қозонга қуйилиб, қозондаги массанинг сатҳи белгилаб қўйилади ва қайнагунча қиздирилади. Қайнаш бошлангандан сўнг ёғоч куракча билан тўхтовсиз қўзғатиб туриш билан яна 60 дақиқа қайнатилади. Қайнаш жараёнида буғланиш эвазига қозондаги суюқлик ҳажми камаяди. Қайнатиш бошлангандан олдин белгилаб қўйилган 10 л ҳажм сақланиб қолиши учун қайнатиш жараёнида керакли миқдорда қайнаган иссиқ сув қўшиб турилади. Сувнинг охирги қўшилиши, қайнатиш тўхтатилишидан 15 дақиқа аввал амалга оширилади. Қайнатиш тўхтатилгач,  аралашма 6-8 соат давомида усти ёпиқ ҳолатда тиндирилади ва сўнгра оғзи зич бекилувчи, шиша ёки пластмасса идишларга эҳтиёткорлик билан қуйилади. Суюқликнинг оғзи зич бекитилишидан аввал идишдаги қайнатма устига керосин ёки техника мойидан қуйилса, ҳаво оксидланишининг олдини олади.  Эритма  металл  билан реакцияга киришгани боис бу турдаги идишларда сақлаш мумкин эмас. Тайёр  концентрацияланган аралашманинг ранги  тўқ сариқ  тусда бўлади.

Олтингугурт  оҳак аралашмасини мавсум давомида турли мақсадларда қўллаш мумкин. У асосан эрта баҳор ва кеч кузда кўп йиллик ўсимликларни касаллик ҳамда зараркунадалардан ҳимоя қилиш учун ишлатилади. Шакл беришдан сўнг замбуруғ ва бактериал касалликлар ривожланишининг олдини олиш мақсадида ҳам мазкур эритмадан фойдаланиш тавсия қилинади.  Қўллашдан аввал бир челакка бир стакан миқдоридаги сув билан аралаштирилади.  Аралашма сепилгач биринчи 6-10 кун давомида фаоллигини йўқотмайди. Икки ҳафтадан сўнг кучини йўқотиши сабаб уни яна такроран сепса бўлади. Ишловдан сўнг 48 соат давомида ишлов берилган жойга бормаслик тавсия қилинади. 

Мутахассисларнинг тавсиясига кўра, мевали  дарахтлар кана, парша ва уншудринг билан касалланган бўлса, 5 % ли эритмани эрта баҳорда бир марта қўллаш мумкин ёки 1% ли аралашма вегетация даврида сепилади. Ток узумканаси, оидиум билан зарарланганда эрта баҳорда 5% ли, вегетация даврида 1% ли эритмани қўллаш тавсия этилади. Бу аралашма билан ишлов бериш натижасида нафақат касалликларнинг олди олинади, балки  узум доналарининг ранги тиниқ  бўлиб, бироз эрта етилиши, ток новдаларининг кузда қизил қўнғир тусда тўла пишиб етилишига сабаб бўлади. Олтингугурт - оҳак эритмаси хўжалик шароитида қулай, арзон, инсон организми учун бутунлай зарарсиз экологик тоза, соғлом мева-сабзавот етиштириш мумкин бўлган,  замбуруғли касалликларга қарши курашишда экологик зарарсиз усуллардан бири саналади. Уни  дала шароитида хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда тайёрлаш ва эритма ёрдамида кураш чоралари олиб борилганда 92-100% натижага эришиш мумкин. хуллас, далаю боғларимизнинг санитар аҳволи кўнгилдагидек бўлиши, уларга касаллик ва зараркунандалар яқин йўламаслиги учун қиммат дори воситаларидан фойдаланиш шарт эмас. 


Улашиш: