Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Редиска етиштириш ҳақида маълумот

20/Sentabr/2024 03:55
  1678

Редиска  — карамгулдошлар оиласига мансуб  бир  ва  икки йиллик сабзавот экини бўлиб, дунёдаги  кўпгина  деҳқончилик минтақаларида  очиқ  ва  ёпиқ ерларда ўстирилади. Гуллари икки жинсли, четдан, ҳашаротлар ёрдамида чангланади. Қўзоғи урчуқсимон ёки ғўласимон, уруғи оч кулранг бўлади. Илдизмеваси текисдумалоқ, узун, конус ва урчуқ шаклида, туси, асосан, оқ, қизғиш, қизил ва тўқ қизил рангда бўлади, аммо сариқ ва сиёҳранг тусдагилари ҳам учраб туради. Кичкинтой сабзавотнинг  вазни ташқи кўринишига яраша 5 г дан 200 г гача бўлади. Ўсимлик совуққа чидамли, намсевар. 

Редиска етиштириш учун унинг уруғи ерга қадалади. Уруғ  3— 4° градусда уна бошлайди. Ўсиши ва илдизмевасининг ривожланиши учун энг мақбул ҳарорат 15—18°даражани ташкил қилади ва кўчат 3—4° градус совуққа ҳам бардош бера олади.  Қиш мавсумида иссиқхона унинг ўсиши учун энг мақбул жой саналади.  Табиийки уларни тез - тез шамоллатиб, экинларни эса вақти - вақти билан суғориб  туриш лозим. 

Редиска иссиқхонада 20—40 кунда етилади. Уруғ олиш учун сабзавот илдизмеваси 60х30 ёки 60x60 см килиб экилади. Уруғининг унувчанлиги 4—5 йилгача сақланади. Ўзбекистонда  мазкур сабзавотнинг Қизил, маҳаллий, Думалоқ, Сакса  сингари навлари экилади. Барча навларнинг парвариши деярли бир хил.

Вегетацион даврига қараб эса бир йиллик ва 2 йилликка бўлинади. Бир йиллик редискалар экилган йили ҳам ҳосилга киради, ҳам уруғ беради. 2 йиллик сабзавот эса экилган йили ҳосилга кириб, уруғини кейинги йилга беради. Экиш усули ва мавсумга қараб бу кўкат сабзавот далада ва иссиқхона шароитида етиштирилганга бўлинади. Редиска тезпишар сабзавот бўлиб, уруғи сепилгандан сўнг 2-3 кунда ниш уради, 3-5 ҳафтадан сўнг бемалол унинг ҳосилини териб олишингиз мумкин бўлади. 


Улашиш: