Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Интенсив боғ барпо этиш, кўчатларни экиш ва парваришлаш бўйича тавсиялар

19/Sentabr/2024 06:05
  1535

Интенсив боғларни афзаллиги бу дарахтларнинг танаси кичик бўлганлиги учун улар билан ишлаш қулай (ишлов бериш, суғориш, кесиш, шакл бериш, дори сепиш ва мевани териш). Бундай боғларда дарахт танасига ёруғлик тушиши, ҳаво айланиши яхши бўлганлиги учун мевасини сифати юқори бўлади. Мевасини теришда ҳам анча қулайликлар бор, айниқса симбағазга олинган боғларда нарвон ишлатмасдан ҳосил терилади, бунда иш унумли, юқори бўлиши билан бирга терилган маҳсулотнинг товар сифати ҳам юқори бўлиб, нобуд бўладиган мевалар сони камаяди.

Интенсив боғларнинг ҳосилдорлигининг юқорилигини таъминлашда, тупроқни доим озиқлантириб туриш зарур. Бунинг учун ҳар йили 30–40 т чиринди, 240–260 кг азот соф ҳолда, 120–150 кг фосфор соф ҳолда ва 60–70 кг калий соф ҳолда солиб турилади.

Ушбу агротехник жараёнлар ўз вақтида ўтказилса, ҳар гектар майдондан 4–5-йили 50–60 т ҳосил олишга эришилади.

Маълумки, юртимизнинг иқлим шароитида пакана пайвандтагларга уланган кўчатларнинг турлари ва навларига қараб, парвариш ишларини олиб боришлари талаб этилади.

Интенсив мевали боғларни ташкил этиш ҳамда уларни парвариш қилиш учун қуйидагилар тавсия этилади.

Кўчат экиш учун майдонни тайёрлаш. Кузда кўчат экиш учун танлаб олинган майдон плантаж плуги билан 50–60 см чуқурликда ҳайдалган бўлиши керак. Агарда майдон ҳайдалмаган бўлса, баҳорда 35–40 см чуқурликда ер ҳайдалиб, текисланиб, кўчат экиш учун режа тортилади. Режа тортишда экиладиган кўчат турларига қараб, пакана пайвандтакка уланган олма кўчатлари 3,5×2,5 м, ўрта ўсувчи 3,5×3 м, нок кўчатлари учун 3,5×2 м, ўрта ўсувчи 3,5×2,5 м, ММ-106 пайвандтакка уланган ўрта ўсувчи кўчатларда олма 6×4 м, 6×5 м, нок учун 5×3 м, 5×4 м схемалари тавсия этилади.

Олинадиган ҳосилдорликни миқдори фақат нав ва пайвандтагдан, агротехника савиясидан эмас, балки ўсимликларнинг қатор ораси ва дарахт оралиғига ҳам боғлиқ.

Майдонда қанча кўчат кўп бўлса, ҳосил шунча кўп бўлади, лекин дарахтларнинг жойлашиш зичлигининг ҳам чегараси бор. Бу дарахтларнинг ҳажмига ва қатор ораларининг техника билан ишлов бериш даражасига ҳам боғлиқ. Ҳосилни сифати ва миқдорига дарахт танасига тушадиган ёруғликни сифати ва миқдорига ҳам узвий боғлиқ.

Кўчат экиш. Кўчат экиладиган чуқурларни чуқурлиги ва кенглиги 60×60 см бўлиб, чуқур қазишда тупроқ устининг 20–25 см қисми чуқурнинг бир томонига олиб, чуқурнинг қолган қисми иккинчи томонга олиб қўйилади. Чуқурга кўчат экишдан олдин 350–400 г фосфорли, 30–40 г калий ўғити ҳамда 8–10 кг чириган гўнгни тупроқ билан аралаштириб солиб, кейин кўчат экилади.

Кўчатни экишдан олдин алоҳида тайёрланган шатмоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда қаймоқсимон қилиб тайёрланади), ботириб олиб экилади. Кўчат чуқурга қўйилиб, олдин олинган тупроқ чуқур тагига солиниб, илдиз пайванд қилинган жойи тупроқдан 4–5 см юқорида бўлиши керак. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўлатиб сув қуйилади. Бунда тупроқ зичланиб, кўчат яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига тупроқ солиб тўлдирилади.

Кўчатларни парваришлаш. Экилган кўчатлар вегетация даврида кўчатларнинг атрофлари қатқалоқ бўлиб қолмаслиги учун юмшатиб турилади. Тупроқ шароитига қараб, 10–12 дан 16–20 мартагача сув берилади. Ҳар суғоришдан сўнг тупроқ культивация қилинади. Зарурат бўлган вақтда ёш ниҳолларнинг касаллик ва зараркунандаларига қарши ишлов берилади.

Янги экилган кўчатларни дастлабки даврида сув билан таъминлашга катта эътибор бериш зарур. Кўчатлар тўлиқ кўкариб кетиши учун (агар томчилатиб суғориш системалари ишга тушмаган бўлса) кўчат атрофини айлана шаклида ариқ олиниб, ариқ тўлгунча сув қуйиш лозим ёки ариқ орқали суғорилса, кўчат атрофидан сувни айлантириб ўтказиб суғориш зарур. Об-ҳаво ва тупроқ шароитига қараб ёш боғларга йил давомида 12–20 маротабагача сув берилади. Кўчатлар атрофини қатқалоқ бўлиб қолмаслиги учун ҳар суғоришдан сўнг 10–12 см чуқурликда юмшатиб турилади.

Ёш боғларни касаллик ва зараркунандаларга чидамлилик даражаси анча паст бўлади. Шунинг учун буларни олдини олиб ёки зарурат туғилган ҳолда кураш чораларини қўллаш зарур.

Шакл бериш. Ўзбекистон шароитида пакана пайвандтагда экилган интенсив боғларда, кўчатларга 60 см юқоридан кесилиб, шакл берилади. Хориждан келаётган кўчатларни веретино шаклида, яъни асосий лидер новда қолдирилиб, ёнига кўпроқ новда беришга қаратилади. Шакл беришда кўчатнинг асосий лидер шохида дарахт танаси учун 50 см қолдирилиб, ундан юқорисига 8–10 та кўз қолдирилган ҳолда, яна шип 3 та кўз қолдирилиб, ортиқчаси кесилади.

Келажакда етарли шохлаши учун 50 см танасидан юқорида жойлашган 3 кўз ойсимон шаклида (кўчат кўчатхонасида шохламаган бўлса) кўзни ўсиши қисмидан кербовка (кесиш) қилинади, шунингдек, яна учта кўз ташлаб, яна учта кўз тўғри чизиқ шаклида кербовка қилинади. Бу жараённи кўчат яхши ўса бошлаган даврида амалга оширилса яхши натижа беради. Шохланган шохлар июль-август ойларида 90° эгилади ва боғланади. Ёш ўсган новдаларда мева куртакларини ҳосил қилиш мақсадида улар маълум вақтида чилпиб (чеканка) турилади. Бу усул мева куртакларини кўпроқ ҳосил бўлишини таъминлайди.

Темир бетон устунлар ўрнатиш ва сим тортиш. Экилган кўчатларни биринчи йилни ўзида симбағазларга боғлаб, парвариш қилиш учун темир бетон устунлар ўрнатилади. Экилган кўчатларни схемасига қараб, бир гектар майдонга қатор ораси 3 м бўлса, 429 дона, 3,5 м – 370 дона, 4 м бўлганда – 325 дона темир бетон устун сарф бўлади. Рухланган 2,5 мм қалинликдаги симдан 450–600 кг сарфланади.

Кўчатларни симбағазларга боғлаб парвариш қилиш. Янги экилган олма, нок боғларига темир бетон устунлар ўрнатилиб, сим тортилгач, кўчатларнинг новдалари симларга боғлаб чиқилади ҳамда келажакда новдалар ўсиб, ривожланиши учун парвариш ишлари олиб борилади.

Ўғитлаш. Ёш экилган кўчатлар яхши ривожланиб, ўсиши учун апрель ойининг иккинчи ярмида ҳар бир кўчат атрофига соф ҳолда 100–120 г. дан азотли ўғит солинади. Иккинчи марта июнь ойида шунча миқдорда яна азотли ўғит солинади.

Томчилатиб суғориш тизми мавжуд бўлган боғларда барча минерал озуқаларни сув орқали томчилатиб бериш мақсадга мувофиқдир. Бунда ўғитни ўзлаштириш самарадорлиги анча юқори бўлади.

Ёш пакана пайвандтагли боғлар орасига биринчи йили сабзавот, полиз, картошка экинлари экиш мумкин. Иккинчи йилдан ушбу экинлар экиш тавсия этилмайди. Чунки боғ қатор орасига ишлов берилиши сабабли экинлар экилмайди.

Биринчи йили ёш кўчатлар қишга яхши тайёрланиши боис сентябрь ойининг иккинчи ярмидан суғориш тавсия этилмайди.

Октябрь-ноябрь ойларида ёш ниҳоллар ораси ҳамда кўчатларнинг қатор ораси чопилиб, юмшатилади, бегона ўтлардан тозаланади. Тупроқда намлик яхши сақланади.

Кузда ноябрь ойида фосфорли ҳамда калий ўғит, яъни гектарига 90 кг, фосфор 45 кг калий ва 20 т органик ўғит солиниб чопилади.

Янги экилган интенсив боғлар иккинчи йилдан бошлаб ҳосилга киради, 4–5-йили тўлиқ ҳосил бера бошлайди.

Р.Абдуллаев 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги портали

Улашиш: