Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Туяқушга қизиққанимни сабаби...

04/Fevral/2023 10:35
  835

Унинг пай томирини инсон аъзосига трансплантация қилиш жаҳон шифокорлари томонидан кенг қўлланилмоқда. Жаҳон паррандачилари туяқуш гўштининг ўзига хос парҳезбоплиги, терисининг майинлиги, ҳатто баъзи аъзоларини инсонга трансплантация қилиш мумкинлиги ҳақидаги фикрларни айтишмоқда. Хусусан, туяқуш кўзидан, кўзи ожиз кишиларни даволашда фойдаланиш мумкинлиги жаҳон офтальмологлари томонидан илмий-назарий жиҳатдан исботлаб берилди. Энг муҳими, эса туяқуш боқишни йўлга қўйиш оилалар учун ҳам қулай ва даромадли бизнеслардан бири ҳисобланади. Айни вақтда юртимизда бу соҳага қўл ўрган инсонлар сони ортиб бормоқда. Улардан бири Тошкент вилоятида яшовчи Равшан Тўраев.

– Жуда кўп соҳаларга қизиқаман, – дейди Р.Тўраев. – Яқинда туяқушлар ҳақида ўқиб, уларга қизиқиб қолдим. Шу тариқа интернет орқали Африка туяқушининг тухумига буюртма бердим. Нега Африка туяқуши десангиз, у уй шароитига енгил кўникар экан. Шу тариқа қисқа фурсатда етти дона тухумни почта орқали қадоқланган ҳолда олиб келишди. Юртимиздаги замонавий инкубаторияда туяқуш жўжаларини очтириб олдик. Мана етти ойдан буён уларни парвариши билан бандман. Туяқушларни бошқа қушларни боқишдан ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб турар экан. Масалан, туяқуш яйловда ўзи ўт қидиришни хуш кўради. Шу боис, уларни кенг далада боқиш мақсадга мувофиқ. Бир ҳафтада одамга ўрганиб, олдига кирсангиз тумшуғини тақиллатиб овоз чиқарар экан. Лекин, у нима дегани: «салом», «овқат бер» ёки «келганингдан хурсандман» қайси маънода билмайман. Лекин, қарсак чалсангиз, айланиб, қанотларини чирпирак қилиб рақсга тушиб бериши жуда қувонарли.

Шу ўринда, туяқуш парваришлашнинг ютуқли жиҳатлари ҳақида маълумот келтириб ўтишни жоиз деб ҳисоблаймиз. Маълумотларга кўра, унинг гўшти дунё озиқ-овқат бозорида мазали ва холестерини кам, парҳезбоп маҳсулот сифатида қадрланади. Туяқушнинг патидан аёллар учун шарф ва бошқа кийим-бош тайёрланади. Унинг терисидан қимматбаҳо кийимлар (куртка, қўлқоп, пойафзал, ҳамён, сумкалар) ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Шунингдек, юмшоқ мебелларни қоплашда қимматбаҳо хом ашё ҳисобланади. Битта 12-14 ойлик туяқушнинг вазни 100-120 килограммгача бўлиб, ундан 20-25 килограмм лаҳм гўшт, 1,2-1,8 м2 тери олинади. 

-Ҳисоблаб чиқдим, улар икки маҳал овқатланиб, йирик ва майда шохли моллардан, ҳаттоки бошқа етиштирилаётган парранда гўштидан ҳам кўп маҳсулот беради, - дейди Равшанбек.- 1 бош туяқушдан 40-45 фоизгача гўшт олса бўлади. Дунё бозорида туяқуш гўштининг ўртача нархи 12-15 еврони, ишлов берилмаган хом териси 60 еврони ташкил этиб келяпти. Тўғри, совуқ ва ўртача иссиқ иқлимда етиштирилган туяқуш патининг сифати унчалик юқори бўлмас экан. Шу сабабли иссиқ иқлимда етиштирилган туяқуш патидан арзон баҳоланади. Лекин ушбу арзон пат ҳам бошқа саноат даражасида етиштирилиб келинаётган парранда патидан юқори ҳисобланади. 

Ана шундай аниқ ҳисоб-китобга асосланиб, туяқуш боқишни йўлга қўйган юртдошимизни таъкидлашича, туяқуш тўрт йилда репродуктив ёшга етади ва ўртача тухум қўйиш ёши 10-15 йил ҳисобланади. Зотдор туяқушлар 40 йил давомида ҳам тухум қўяверади. Битта туяқуш 10-12 йил давомида қўйган тухумдан чиққан жўжалардан олинган гўштнинг миқдори ўртача 72 тоннани ташкил этиши мумкин экан. 

Юқорида таъкидланганлардан кўриниб турибдики, туяқуш боқиш энг даромадли соҳалардан бири экан. Сиз ҳам туяқуш боқишга ҳаракат қилиб кўринг. Сиздан фақатгина тўғри бизнес режаси тузиб, уни амалга ошириш талаб этилади, холос.

Ҳая, Равшанбек айни вақтда синов тариқасида Ҳиндистон псаркасини ҳам кўпайтиришни бошлади. Улар йилига 300 дона тухум берар экан. Равшанбек келгусида Ўрта Чирчиқ туманидан ер майдони олиб, туяқуш парваришлашни ривожлантириш ва хориждан кенгуру келтириб кўпайтиришни мўлжалламоқда.

Сайёра Шоева

Манба: "ЎзА"

Улашиш: