Токиода Ўзбекистон миллий маҳсулотларининг шоу-руми очилади
2018 йил ўрталарида Токио шаҳрида Савдо уйи ва унинг негизида доимий равишда фаолият кўрсатадиган «шоу-рум» очилиши режалаштирилмоқда, дея маълум қилди Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги.
Савдо уйи расмий равишда рўйхатдан ўтганидан сўнг унинг йўналишида мева ва сабзавот маҳсулотлари, шу жумладан қуритилган мева, гилос ҳамда мошнинг илк партиялари етказилади.
Японияда Савдо уйини очиш ҳақидаги келишувга яқинда Токио шаҳрида бўлиб ўтган «Ўзбекистондаги янги иқтисодий ислоҳотлар тенденциялари» номидаги Инвестиция форумида қатнашиш мақсадида амалга оширилган Ўзбекистон расмий делегациясининг ташрифи доирасида эришилди.
Форум фаолиятида 140 дан ортиқ Япониянинг давлат идоралари вакиллари, банк, йирик корпорациялар, илмий-изланиш марказлари, олий ўқув юртлари, ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Қатнашчилар томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг дастлабки натижалари ҳамда истиқболли имкониятлари мухокама қилинди. Инвестицион муҳитнинг сезиларли даражада ўзгаргани, давлат иқтисодиёти чет эл инвесторлари учун янада барқарорлашгани таъкидлаб ўтилди.