Хонадонларда ўрдак боқиш бўйича тавсиялар
Зотлари ва хусусиятлари: аҳоли хонадонларида ўрдакнинг оқ москва, украина оқ ва кулранг, хаки-кемпбелл зотларини парваришлаш тавсия этилади. Ёш ўрдакчалар 24–28 ҳафтада жинсий етилади. Тўдада 5–6 макиёнга битта эркак ўрдак қолдирилади. Бир мавсумда (5–6 ой) 90–130 та тухум қилади. Тухуми вазни 85–90 г. Тухумдан жўжа очиб чиқиш муддати 27–28 кун. Вояга етган эркак ўрдак вазни 3–4, макиёниники 2,5–3 кг. Гўшти майин, мазали, парҳезбоп.
Парваришлаш. Ўрдак боқиш учун томорқа атрофида оқар сув бўлса бўлади. Рисоладагидек озиқлантирилса ва парвариш қилинса, 50–60 кунлик ўрдак жўжаси 2–2,5 килограммгача етади. Асосийси, улар озуқа танламайди. Вояга етган ўрдаклар ўсимлик ва майда ҳашаротлар билан озиқланаверади. Эътиборлиси, ўрдаклар турли хасталикларга жуда чидамли бўлади. Бу борада уларга товуқ, курка ва ҳатто ғоз ҳам тенглаша олишмайди.
Янги тухумдан чиққан ўрдакчалар учун қоғоздан ёки тахтадан қути бўлса кифоя. 20–25 та жўжа учун бир метр квадрат жой етарли. Хонадаги ҳарорат 20 даража бўлиши зарур. Ўн-ўн икки кундан кейин ўрдакчаларни бемалол очиқ ҳавога чиқариш мумкин. Аммо илк кунлари уларга алоҳида эътибор қаратиш шарт. Чунки бир кунлик ўрдакчалар ўзлари овқатлана олмайди. Биринчи куни уларга қайнатилган тухумни майдалаб, қошиқ билан едириш даркор. Иккинчи кундан ўрдакчалар мустақил равишда озиқлана бошлашади.
Дастлаб ўрдакчалар кунига беш-олти марта озиқлантирилади. Ўрдакчалар хонасида сув ва шағал тошчалар доимо бўлиши керак. Икки ҳафталик жўжалар кунига уч марта овқатлантирилса кифоя қилади. Ўрдакчалар уч ҳафталик бўлгунига қадар олдиларидаги сув чуқур бўлмаслиги шарт. Уларнинг қоринлари пат билан қоплангандагина сув ҳавзасига чиқариш тавсия этилади. Ўрдаклар очиқ сувга қўйилганида тез эт олади ва касал бўлмайди.