Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Навоий вилоятида чорва наслчилигини яхшилаш борасида қилинаётган ишлар

04/Fevral/2023 10:32
  625

“Навоий чорва наслчилик” масъулияти чекланган жамияти фаолияти аҳоли, фермер хўжаликлари, корхона ва ташкилотларни зотли қорамоллар билан таъминлашга қаратилган. Жамият иш бошлаган 2009 йилдан айни пайтга қадар Германия, Эстония, Украина каби давлатлардан 2 минг 300 бошдан ортиқ наслдор қорамол келтирилиб, фермер хўжаликлари, Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийазот” акциядорлик жамиятининг ёрдамчи хўжаликлари ва бошқа ташкилотларга тарқатилди. 

– Бундай зотли қорамолларнинг афзаллиги шундаки, бизнинг шароитимизга мос, маҳсулдорлиги юқори, кунига 25-30 литр сут беради, – дейди “Навоий чорва наслчилик” масъулияти чекланган жамияти раиси Ф.Боиров. – Ўтган йили ҳам Эстониядан 65 бош зотли қорамол келтирдик. 63 бошини Қизилтепа туманидаги “Расул бобо” фермер хўжалиги, 2 бошини эса Навоий шаҳридаги “Умид” фермер хўжалиги сотиб олди. Бугунги кунга келиб уларнинг сони 60 бошга кўпайди. 

Бундай зотли қорамоллар асосан наслли буқалардан қочириш ва сунъий уруғлантириш йўли билан кўпайтирилмоқда. Ҳозирги вақтда “Ўзнаслчилик” корхонаси уруғлик билан таъминламоқда. Масалан, ўтган йили зотли буқаларнинг 120 минг уруғи келтирилиб, вилоятимиздаги фермер хўжаликлари ва аҳолининг қорамоллари сунъий қочирилди. 

Президентимизнинг 2017 йил 29 сентябрдаги Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Нурота туманлари ҳамда Зарафшон шаҳрини комплекс ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорида минтақада қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳужжатда ҳудудларда туячилик, йилқичилик, қўй ва эчкичиликни ривожлантиришнинг устувор вазифалари белгилаб берилган. Шу кунларда “Навоий чорва наслчилик” МЧЖ ҳам мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида амалий ишларни бошлаб юборди. Ҳозир Қозоғистон ва Афғонистондан 1 минг бош туя, 20 минг бошдан қўй ва эчки келтириш бўйича таклифлар билдирилиб, дастур ишлаб чиқилди. 

Вилоят ҳудудининг асосий қисми чўл ва яйловлардан иборат бўлгани боис, чорвачиликни ривожлантириш учун имкониятлар катта. Айниқса, туячилик, йилқичилик йўлга қўйилса, яйловлар зотли ва маҳсулдор моллар билан тўлса, соҳа янада тараққий этади. Аҳоли даромади ошиб, турмуш фаровонлиги яхшиланади. Муҳими, минглаб қўшимча иш ўринлари яратилади. 

Манба: ЎзА

Улашиш: