Кашнич етиштиришда нималарга эътибор қилиш керак?
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Орзу ва Янтарь.
Уруғ танлаш. Экиладиган кашнич уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.
Ер тайёрлаш. Майдон ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланади. 1 сотих ерга 150–200 кг (10 сотихга 1,5–2 т) чириган гўнг солинади. Ўсимлик қисқа муддатда етилишини инобатга олиб гўнг солиш билан бирга 1 сотих майдонга 1 кг азотли, 1 кг фосфорли, 0,5 кг калийли ўғит солиш талаб этилади. Тупроқ 20–25 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланади, яхшилаб текисланади, суғориш эгатлари (пол) олинади.
Экиш муддати ва схемаси. Эртаги кашнич уруғи 10–15 февралда, ўртагиси 15 апрелда, ёзгиси 15 июнда, кейингилари 15 августда, 15 октябрда ва тўқсонбости қилиб 25 ноябрдан 10 декабргача полларга қалин қилиб сепилади. Бир сотих ерга 100–120 г (10 сотихга 1–1,2 кг) уруғ сарфланади. Уруғлар лентасимон усулида 2–3 қатор қилиб ёки сочма усулда сепилади. Уруғ сепилгандан кейин хаскаш билан тупроққа аралаштирилиб, устидан чириган майда гўнг сепилади.
Парваришлаш. Нам етарли бўлса уруғи 5–10 кунда униб чиқади. Асосий парвариши 1–2 марта ўташ, қалин ерларини бироз яганалаш ва 3–4 кунда суғоришдан иборат.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Кашнич касалликларга анча чидамли салқинсевар ўсимлик ҳисобланади.
Ҳосилни йиғиштириш. Кашнич ердан униб чаққан кундан бошлаб 40–50 кунда истеъмолбоп бўлади. Аҳоли кашнични янги узулган барра маҳсулот ҳолида ва қуритиб қишда ҳам ишлатади. Бу кўкат йил бўйи истеъмол қилинади. Унинг барра баргларини 2–3 марта ўриб олиш мумкин. Бунда 1–1,5 см танаси қолдирилади, тегишли шароит яратилганда барги яна ўсиб чиқаверади. Вақтида ўриб олинмаса, уруғпоя ҳосил қилиб, истеъмолга ярамай қолади.