Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Насл берувчи ёш қуёнларни боқиш

04/Dekabr/2024 21:26
  1479

Қуёнларнинг насли айнимаслиги, жуссалари кичрайиб, ташқи қиёфаси бузилмаслиги учун келгусида насл олинадиган жониворлар муттасил саралаб борилади. 1,5-2 ойлик қуёнчаларни онасидан ажратиб олиш мобайнида энг йирик, танаси тўғри ривожланган, ташқи кўринишига кўра тегишли зотга хос аломатларга эга, табиати шўх ва иштаҳаси яхши қуёнчалар сараланади.

Қулоқларининг узунлигига алоҳида эътибор беринг. Узун қулоқлар қуённинг йирик бўлиб улғайишидан далолатдир. Ҳолбуки бунинг учун унга тегишли шароитлар яратиш, яъни таркибига барча зарурий модда ва микроэлементлар киритилган турли-туман ем билан боқиш, эркин ҳаракатланиши учун етарлича майдон ажратиш зарур бўлади.

Тор катакда қуённинг ҳаракати чекланиб қолади. Насл берувчи ёш қуёнларни жинсий балоғатга (урғочи қуён 4-5, эркаклар 5-7 ойгача) етганларига қадар кенг 30 катак ёки ўралган майдонларда, урғочиларни эркаклардан ажратган тарзда,  ҳар бири 2-3 бош қуёнлардан ташкил топган кичик гуруҳларга тақсимлаб боқиш маъқулдир.

Йилнинг ҳар қандай ойида насл берадиган ёш қуёнларни ўралган яйловда ёки қуёнхонанинг ўзида сайил қилиш имконини яратган тарзда боқиш зарур. Бундай қуёнларни бадантарбия билан жадал шуғулланиш, сакраш ва чўзилишга мажбур этиш ҳам мумкин. Бунинг учун ўралган майдон ёки катакка майса, сабзи каби ем боғлари шундай осиб қўйиладики, токи қуён уларга фақат икки оёқда тик турган ҳолда чўзилиб, сакраб ета олсин.

Эрта баҳорда, ҳали экин экилмаган кезларда, насл берувчи ёш қуёнлар томорқага чиқарилса фойдадан холи бўлмайди. Бу амал эҳтиёткорона, аста-секинлик билан, ҳуркитиб юборадиган ҳеч нарса содир бўлмаслигини кузатиб турган ҳолда бажарилади. Акс ҳолда қуёнлар ҳар томон тум-тарақай қочиб, топилиши қийин кечади.

Ҳаракат эркинлиги қуёнга қанчалик ижобий таъсир кўрсатишига амалда ишонч ҳосил қилиш мумкин. Бир вақтда туғилган қуёнчаларни икки гуруҳга бўлинг. Гуруҳлардан бирини оддий катакка қамаб, иккинчисини эса эркин ҳаракатланиш имкони яратилган шароитда боқинг. Шунда иккинчи гуруҳ таркибига айириб олинган қуёнлар кун сайин эмас, соат сайин улғайиб бораётганини кўрасиз.

Бироқ, бундай кенг жойни қаердан топса бўлади? Қуёнхонанинг ўзида. Қуёнхонанинг катаклардан бўш деворларига пичан ва майса учун тўр охурлар, қуруқ ва ширадор емлар солинадиган теганалар, сувдонлар ҳамда дам олиш ва ухлашлари учун ердан 40-50 см баландликда қутилар ўрнатиш лозим. Эркак қуёнлар урғочилар олдига яқин келишларига йўл қўймаслик учун қуёнхона, панжара ёки тўр билан бўлинади. Қуёнларнинг бундай боқилиши қуёнхонани озода тутиш бўйича ортиқча меҳнат талаб этади, албатта. Бироқ, қуёнларнинг яхши ривожланиб, йирик, соғлом ва юқори маҳсулдор насл берадиган тарзда улғайиши  меҳнатингиз самараси бўлади.

Манба:

Долимов Ш. З. (2008). Томорқа хўжалигида қуёнчилик: боқиш, парваришлаш ва кўпайтириш бўйича тавсиялар. Тошкент.

Улашиш: